Жаҳон | 13:36 / 30.04.2023
27758
6 дақиқада ўқилади

Туркияда икки ҳафтадан сўнг президентлик сайловлари. Сўровлар Эрдўған ютқазиши мумкинлигидан дарак бермоқда

Мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли мамлакатда авторитар бошқарувни тугатишга ва парламент республикасига қайтишга ваъда берган.

Фото: Getty Images

Туркияда 14 май куни президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Ражаб Тоййиб Эрдўған янги муддатга сайланиш учун ўз номзодини қўйган, бироқ у ютқазиши мумкин. Амалдаги президентнинг асосий рақиби 74 ёшли мухолифат номзоди, Туркия парламенти депутати, Республика Халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлидир. Сўровномалар шуни кўрсатмоқдаки, у ва Эрдўғаннинг ғалаба қозониш имкониятлари тахминан тенг. Қиличдорўғли ҳатто кичик фарқ билан етакчилик ҳам қилмоқда. Metropoll томонидан апрел ойида ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, сайловчиларнинг 42,6 фоизи Қиличдорўғлига овоз беришга тайёр, 41,1 фоизи эса Эрдўғанни қўллаб-қувватламоқчи.

Сайловда яна икки номзод рўйхатга олинган. Улар Memleket (Она юрт) партияси етакчиси Муҳаррем Инже ва Туркия парламентининг собиқ депутати Синан Ўган. Сўровномаларга кўра, сайловчиларнинг 5 фоизи Инжега, 2 фоиздан сал кўпроғи Ўганга овоз бериш ниятида.

Камол Қиличдорўғли «репрессив тузумга демократик йўл билан чек қўйиш»га чақирмоқда. «Бу демократияни авторитар бошқарувдан ҳимоя қилувчилар сайловидир», деган у Time журналига берган интервюсида. Қиличдорўғли Туркияни 2018 йилгача мавжуд бўлган парламент республикаси бошқарув шаклига қайтариш тарафдори. 2017 йил ўтказилган конституциявий референдум натижаларига кўра, Туркия президентлик республикасига ўтиши бўйича қарор маъқулланганди.

Мухолифатчилар номзоди Камол Қиличдорўғли Ушак шаҳридаги сайловолди митингида. 2023 йил 24 апрел
Depo Photos / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Қиличдорўғлининг фикрича, Туркия Россия ва Украина ўртасидаги можарода «воситачи» бўлиб қолиши керак. Бу ҳақда унинг маслаҳатчиси Унал Чевикоз Politico нашрига маълум қилган. Шу билан бирга, у Туркия «Россия энергия ташувчилари импортига жуда боғланиб қолгани учун» Россия билан «номутаносиб» муносабатларни ривожлантирганини таъкидлаган.

«Биз Туркиянинг НАТО аъзоси эканига урғу берамиз. Россия билан музокараларимизда биз, албатта, тенг ҳуқуқли муносабатларга интиламиз, лекин Россияга Туркия НАТОнинг бир қисми эканини эслатамиз», — деган Қиличдорўғлининг маслаҳатчиси.

Туркиядаги президентлик сайловларига олти ой қолганда Эрдўғаннинг энг асосий рақиби бўлиши кутилган Истанбул мэри Акром Имомўғли суд томонидан айбланганди. У Туркия Олий сайлов кенгаши (яъни Сайлов комиссияси) аъзоларини ҳақорат қилишда айбланиб, икки йил-у етти ярим ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган.

Имомўғли 2019 йилги Истанбул мэрлиги учун сайловларда ғалаба қозонганди. Овоз бериш натижаларига ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси томонидан эътироз билдирилган ва натижада янги сайловлар белгиланганди. Аммо янги сайловларда Имомўғли яна ғалаба қозонади. Мэр жиноий жавобгарликка тортилишига унинг биринчи сайловлар натижаси бекор қилинишини «аҳмоқлик» деб аташи сабаб бўлганди.

26 апрел куни журналистлар билан жонли эфирдаги суҳбат чоғида Эрдўғаннинг тоби қочиб қолди. Суҳбат режалаштирилганидан бир ярим соат кечроқ бошланганди. Кадр ортидаги трансляция ёзувларида хириллаш овозлари эшитилади. Эрдўғаннинг ўзи бу ҳолатда тасвирга тушмаган, камера дарҳол савол берувчи журналистга қаратилганди. Интервю 20 дақиқалик танаффусдан кейин яна давом этди. Эрдўған журналистлар олдига чиқиб, ошқозони шамоллаганини айтганди.

Эрдўған 69 ёшда. Ижтимоий тармоқларда унда юрак хуружи (инфаркт) кузатилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Туркия президенти маъмурияти бу хабарларни рад этди. Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой Эрдўғанда «енгил шамоллаш» борлигини, бироқ унинг саломатлиги «жуда яхши» эканини айтди.

Эрдўған шундан сўнг кетма-кет сайловолди ташвиқот тадбирларини бекор қила бошлади. Улардан энг асосийси, тўртта телеканалда эфирга узатиладиган интервю эди. Бундан ташқари, Туркия президенти «Росатом» томонидан қурилаётган «Оққую» АЭСига ёқилғи етказиб бериш маросимида шахсан иштирок этишдан воз кечди. Эрдўған маросимда худди Россия президенти Владимир Путин каби видеоалоқа орқали иштирок этди.

«Бизнинг мамлакат 60 йиллик кечикиш билан атом энергетикасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди», — деди Эрдўған ва станция қурилиши учун Путинга миннатдорчилик билдирди. Маросим олдидан Эрдўған ва Путин телефон орқали суҳбатлашиб, Россиянинг Украина билан уруши ва ғалла келишувини муҳокама қилганди. Ушбу суҳбат тафсилотлари номаълум.

Эрдўған 2014 йилдан бери Туркия президенти лавозимида фаолият юритиб келади, бироқ амалда у 2003 йилдан, яъни бош вазир лавозимини эгаллаганидан бери мамлакатни бошқариб келмоқда. 2018 йилда у иккинчи муддатга президент этиб сайланди ва бу билан бир вақтда Туркияда парламент бошқарув шаклидан президентлик бошқарувига ўтиш қарори кучга кирди.

2016 йилда Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш содир бўлганди. Бу тўнтариш муваффақиятсизликка учраганидан кейин Эрдўған мамлакатда репрессияларни бошлайди. Юз минглаб одамлар, жумладан, ҳарбийлар, журналистлар, таълим муассасалари ўқитувчилари қатағондан жабр кўрди. Кенг тарқалган тахминга кўра, Эрдўған мамлакатда исён кўтаришга уриниш бўлишини кутган, бироқ аввалбошдан бунга тўсқинлик қилмаган ва бу исёндан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойдаланишни ният қилган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери