Путиннинг қўл бошқаруви: у нимаси билан хавфли?
Бир йил аввал The Guardian газетаси Британия разведкаси маълумотларига асосланиб, РФ қуролли кучлари олий бош қўмондони Владимир Путин ўз қўшинларининг ҳаракати бўйича шахсан ўзи қарор қабул қилишини ёзиб чиққан эди.
Meduza нашрининг РФ президенти администрациясига яқин манбалари ҳам вазиятни қисқа ибора билан шарҳлашган: «Президент ҳозир уруш билан банд». Уларнинг сўзларига кўра, Путинни иқтисодиёт ва ички сиёсат асло қизиқтирмайди. Унинг бор-диққат эътибори Донбассга михланган, Россиядаги вазият эса Путин уларни «ишончли» деб санайдиган «менежерлар» (энг аввало ҳукумат) ихтиёрига топширилган.
Демак, Путин аввал у Россияга қандай «қўл бошқаруви» режимида раҳбарлик қилган бўлса, урушни ҳам шундай бошқармоқда.
Журналист Андрей Перцов Россия сиёсий тизимининг асосий элементларидан бири «қўл бошқаруви» қандай тузилганини таҳлил қилиб чиқди.
Нега Кремл Россияни «қўлда» бошқаради?
Россия сиёсий тизимига нисбатан қўлланадиган «қўл бошқаруви» тушунчаси 2007 йилда — жаҳон молиявий инқирози фонида шиддат билан тарқала бошлади. Ўша йили октябр ойида Путин шундай деган эди:
«Тизимли инқирозни тарк эта туриб биз жуда кўп нарсани қўл режими деб аталувчи ёндашув билан ҳал қилишга мажбурмиз. Бизнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий базаларимиз ўсиб, барқарорлашганидан сўнг қўл бошқарувидан воз кечсак бўлади».
2008 йилда бошлаб Россия матбуоти бу сўз бирикмасидан фаол фойдалана бошлади.
«Қўл бошқаруви» — бу нормал вазиятда давлат аппарати қонунлар ва мансаб йўриқномалари асосида автоматик тарзда ечиши лозим бўлган ишларга мамлакат олий раҳбарияти аралашувидир. Путин қўл бошқаруви ҳақида гапирганда, бу ожизлик, лапашангликка иқрор бўлиш сифатида тушунилган. Шунингдек, бу иқрор давлат аппаратининг яроқсиз экани: уни доим туртиб, йўналтириб туриш кераклигини ҳам англатган.
Бундан ташқари, Путин «қўл бошқаруви»ни касбига кўра назарий жиҳатдан умуман аралашмаслиги керак бўган соҳаларига ҳам жорий этган. 2009 йил июнида Путин (ўшанда у бош вазир лавозимида эди) Ленинград областининг Пикалево шаҳрига келган: у ерда бир неча завод тўхтаб қолган, қарз туфайли айрим турар жой бинолари иссиқ сув таъминотидан узилган, одамлар кўчаларни тўсиб намойиш ўтказа бошлашган эди.
Телевидение съёмка қилган мажлисда бош вазир ўринбосари, вазир, губернатор, Россия темирйўллари ва ВТБ банки раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий корхоналар эгаларини тўплаб, Путин заводларнинг ишга туширилишини таъминловчи «битим» имзолашни талаб қилган. Завод ходимларининг карточкаларига ўша куниёқ маошлари тушириб берилган.
Аслида бу ишларни бажартириш учун Путинда ҳеч қандай ваколат йўқ эди, лекин у тадбиркор ва формал жиҳатдан давлатга боғлиқлик жойи бўлмаган Олег Дерипаска билан қўл остидаги ходимдек муомала қилган.
Сўнгги йилларда Путин шахсан чиқинди полигонларини ёпган, Йошкар-Ола — Петербург поездини ишга туширган, «Сириус» таълим маркази учун ном ўйлаб топган. Унинг кўп соатлик тўғридан тўғри линиялари эса алал-оқибатда кичик «Пикалево»ларга айланиб кетди.
2019 йилда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков буни шундай тушунтирган:
«Президент шахсан ўзи фуқаролар билан боғлиқ ўткир масалалар билан шуғулланмоқда, чунки президент учун энг асосий нарса фуқароларга бўлган муносабат ва уларнинг оғриғини у ўз оғриғидек қабул қилади. Ушбу ҳолатда Президентнинг «қўл бошқаруви»дан фойдаланишдан бошқа чораси йўқ».
Яъни «қўл бошқаруви»ни кремлчасига тушунтириш қуйидагича кўринишга эга: қонунлар ёмон ёзилган, бюрократия эпчил ишлашни билмайди — шунинг учун фақат президент қонундан ва бюрократик тизим мантиғидан юқори туриб, адолатли қарорлар қабул қила олади.
«Қўл бошқаруви»дан бирор фойда борми?
Кремл учун, шубҳасиз, фойда бор. «Қўл бошқаруви» пиар воситаси сифатида фавқулодда самарали. У мамлакат усиз нормал бошқарилмайдиган суперсамарали президент образини яратади. Бу ташкилий тузилма фалсафасини бир пайтлар РФ президенти администрацияси раҳбари ўринбосари (ҳозирда Давлат думаси спикери) Вячеслав Володин ҳаммадан ҳам яхироқ таърифлаган: «Путин бўлмаса — Россия бўлмайди».
Ҳаттоки Путиннинг ўзи камида бир марта «қўл бошқаруви»дан мурод айнан пиар эканини оғзидан «гуллаб» қўйган. Бу 2012 йилда, унинг машҳур турналар билан парвози чоғида рўй берган. «Вокруг света» журнали бу воқеани ёритишдан бош тортган ва нашр бош муҳаррири Маша Гессен ўз лавозимидан айрилган. Тез орада Путин уни учрашувга таклиф қилиб, бу парвоз ва унинг иштирокидаги шунга ўхшаш акцияларнинг барчаси саҳналаштирилишини тан олган. Улардан мақсад «муаммога эътибор қаратиш» эканини айтган (турналар билан боғлиқ ҳолатда қушларнинг популяцияси ва умуман ҳайвонот оламини авайлаш бош мақсад бўлган).
Бироқ орадан беш йил ўтиб ўзининг катта матбуот анжуманида Путин «қўл бошқаруви ҳақидаги миф жуда бўрттириб юборилгани»ни таъкидлаган:
«Сиз ҳукумат орқали нақадар улкан ишлар массиви ўтишини хаёлингизга ҳам сиғдира олмайсиз. Бу бошқарув тизимидаги энг оғир ва энг мураккаб иш. Ҳар бир масалага аралашиш — чуқурлашиш-ку, мутлақо имконсиз, аралашишнинг ўзи ҳам қийин».
Путин ўшанда бу «оғир ва мураккаб ишга» исталган пайтда ихтиёрий тарзда аралашиши мумкинлигини яширган, лекин онгли равишда уларнинг орасидан энг ёқимлиси — миллионлаб телетомошабинлар кўз ўнгида муайян масалани ҳал қилиш мумкин бўлганини танлаб олишини моҳиятан тан олган. Ўзининг журналистлар билан учрашувлари ва фуқаролар билан жонли линияларини у «одамлар давлатнинг биринчи рақамли шахсларига арз қилиши мумкин бўлган» тескари алоқа деб атаган:
«Ҳа, бу ҳолат қўл бошқаруви ишга тушганда пайдо бўлади, лекин бундай бошқарув кейинчалик бу ишларни тизимлаштириш учун қилинади», — деган Путин.
Ўз-ўзидан тушунарлики, «тизимлаштириш» учун энди у жавобгар бўлмайди.
Путин шундай қилиб советча намунадаги яхши раҳбар образини яратиб олди. Бундай раҳбар биринчи галда ўзига ишониб топширилган соҳани икир-чикиригача билади, иккинчи навбатда ташкилотчилик, мувофиқлаштириш ва вакиллик билан шуғулланади. Идеал совет завод директори (ёки оғир машинасозлик вазири) беҳафсала ишчига қандай ишлаш кераклигини кўрсатиб қўйиш учун ўзи станокда ишлай олиши мумкин эди. Бу, албатта, ишчида ҳам, сиёсий бюрода ҳам чуқур таассурот қолдирган. Бироқ, ишчи ва менежернинг вазифалари буткул фарқли, шу сабабли бундай ёндашув совет иқтисодиётини таназзулдан асрай олмади.
Путиннинг оддий одамларга ёрдам бераётганининг нимаси ёмон?
Бош муаммо шундаки, Путин ўша «қўл бошқаруви» режимида нафақат «оддий одамлар»нинг илтимосини, айтайлик, «Роснефт» раҳбари Игор Сечиннинг ҳам илтимосларини бажармоқда.
2019 йилда Путин Сечиннинг таклифига кўра, Россия ОПЕК билан бирга нефт қазиб олишни камайтирмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Бош мақсад рақобатчилардан бозорларни тортиб олиш эди. Натижада, Россия нефт нархи тушиб кетишига дучор бўлди (ҳолбуки ОПЕК айнан шунинг олдини олиш учун қазиб олишни камайтиришга ҳаракат қилган эди), боз устига, янги бозорларга ҳам эга бўлмади.
Бу воқеа Кремл ўзи таърифлаган «қўл бошқаруви» мисолига кўп ҳам ўхшамайди, лекин аслида принцип ўша-ўша. Бир томоннда маълум бир қоидалар бўйича ишлаб турган тизим бор ва у талабларга кўра қарор чиқариши керак (хусусан, нефт қазиб олиш ва ОПЕК билан муносабатлар ҳукуматнинг ваколатига киради). Иккинчи томонда эса барча формал қоидаларга қўлини кўндаланг қўйган Путин бор: у мавжуд тизимнинг ишига истаган вақтида, истаган жойида ва истаган важга кўра аралашади.
Россиядаги «қўл бошқаруви» ҳақида Кремл эмас, экспертлар сўз очишганда, улар айнан мана шу жиҳатларни назарда тутган бўлади, жонли линиялардаги гап-сўзларни эмас. Путин Россия иқтисодиёти ва сиёсатидаги ҳар қандай жараёнга шахсан аралашиш ҳуқуқига эга.
Мана яна битта мисол. Маълумки, Россиянинг кўплаб ҳудудлари федерал бюджетдан дотация ажратилишига жуда муҳтож. Бундай дотациялар қайси мезонга кўра ажратилиши эса шаффоф эмас. Назарий жиҳатдан, бу масалада қуйидаги формула ўринли бўларди: маълум бир иқтисодий кўрсаткичлар (ҳудудий бюджет тақчиллиги, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ва ш.к.) асосида маълум бир дотация ажратилиши керак. Аслида эса, иқтисодчи Наталя Зубаревич 2013 йилдаёқ ёзгани (вазият ҳануз ўзганмаган) каби, «кимни яхши кўрсам — ўшанга бераман» формуласи амалда. Яъни «маъмурий савдо» қатнашувчилари учун Путин билан шахсий муносабатлар объектив кўрсаткичлар каби муҳим аҳамиятга эга.
Давлат пудратларини бўлиш билан боғлиқ ҳолат ҳам шунга ўхшаш. «Қўл бошқаруви» тизимини америкалик иқтисодчи Роберт Клитгард формуласи жуда яхши таърифлайди: «монополия плюс ўзбошимчалик минус масъулият». Бу эса коррупциянинг классик формуласидир.
Бироқ ҳаттоки пиар мақсадларидаги (иқтисодиётни нари қўя турайлик) қўл бошқаруви амалда ҳамма вақт ҳам самарали бўлавермайди. 2017 йил июнида Апатит шаҳридан онкологик касаликка чалинган қиз Даря Старикова ўз шаҳридаги касалхонани тезроқ қуриб ишга туширишни Путиндан сўрайди. Путин «бу устида ишлаши»ни ваъда қилади. Орадан бир йил ўтгач Даря ўлади, қурилиши охирига етказилмаган янги касалхона эса бузиб ташланади. Эвазига эскиси таъмирланади.
2012 йилда ўша пайтдаги президент Дмитрий Медведев «қўл бошқаруви»ни бас қилиш кераклиги ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, Путин бошқарувининг дастлабки саккиз йилида партияларнинг йириклашуви, губернаторлик сайловлари бекор қилиниши, «айирмачилик тенденцияларининг чопилиши», умуман олганда «тизимнинг барқарорлашуви»га ва буларнинг барчасига «қўл бошқаруви» орқали эришилгани, энди тизимли қарорлар даври келганини айтган эди.
Бироқ Путин яна мамлакат рулига қайтгач, «қўл бошқаруви» ҳеч қаерга йўқолмагани, қайтага янада кучайгани маълум бўлди.
Автоматик тизимга азалдан ишонч йўқ
1960 йилда инсоннинг коинотга илк парвози чоғида Королёв ва унинг маслакдошлари бу парвоз тўлиқ автоматик режимда ўтишига интилишган: ракета ўзи парвоз қилади, кема орбитага ўзи жойлашади, ўзи Ер атрофини айланиб учади, ўзи тормоз двигателини ишга туширади, маълум бир баландлик ўзи космонавтни катапултада итқитади. Космонавт ерга қўниш чоғидаги парашют ҳам ҳатто автоматик очилиши керак бўлган.
Гап шундаки, ўша пайтда инсон онги ва организмига космос қандай таъсир ўтказишини ҳеч ким билмаган. Шу сабабли космик кемага қўл бошқаруви барибир ўрнатилган, лекин уни аввалдан блоклаб қўйишган. Королёвнинг ўринбосари Борис Черток ўз мемуарларида шундай ҳикоя қилади:
«Фақат 125 кодини териб, таъминотни қўл бошқарувига ўтказиш мумкин эди. Илк парвозда бу код космонавтга конверт ичига солиб берилган. Агар у конверт ичидан қоғозни чиқариб олиб, ўқий олса ва кодни терса, демак унинг ақли жойида бўлади ва унга қўл бошқарувини ишониб топшириш мумкин, деб ҳисобланган».
Гагарин парвозни муваффақиятли якунлаб келганидан сўнг маълум бўлдики, бу кодни парвоз олдидан секингина унинг қулоғига шипшиб қўйишган экан. Яхшиямки, ундан фойдаланишга эҳтиёж бўлмаган.
Мавзуга оид
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
11:20 / 30.10.2024
ОАВ: Путиннинг соқчилари тасодифан унинг ҳаракатланишини ошкор қилиб қўйди
10:40 / 30.10.2024
FT: Рамапосанинг Путинни мақташи ЖАР коалициясини парчалади
21:52 / 29.10.2024