Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Гармошка»лар Тошкент йўлларида ҳаракатланишга қийналмоқда – муаммо нимада?
Пойтахт йўлларида янги олиб келинган «гармошка» автобуслар билан боғлиқ муаммолар кузатиляпти. Хусусан, Юнусобод туманида ҳаракатланувчи автобуслардан иккитасининг томидаги қопламаси дарахтга тегиб, қўпорилиб тушди. Айрим «гармошка»лар эса биргина белгиланган жойлардан қайрилиб олиш учун 3 дақиқадан 15 дақиқагача вақт сарфламоқда.
Ўзи нима гап?
1 май куни тармоқларда Тошкентга олиб келинган янги «гармошка» автобуслардан иккитасининг том қисми қўпорилиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, ҳолат Юнусобод туманида ҳаракатланаётган 24- ҳамда 93-йўналишдаги автобуслар билан содир бўлган. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳодисалардан бирига изоҳ бериб, автобуснинг том қисмидаги газ баллонларининг ҳимоя қопламаси қўпорилиб тушгани, бу эса йўлнинг қатнов қисмига қараб ўсган дарахтга тегиш натижасида содир бўлганини билдирди.
2 май куни журналист ва блогер Азиза Қурбонова Тwitter’даги саҳифасида «гармошка»лардан бири 15 дақиқадан бери қайрилолмаётгани ҳақида пост қолдирди.
«Гармошкали автобуслар йўлларда қийналяпти. 15 дақиқача уринди қайрилолмай», – дейилади пост изоҳида.
Қурбонованинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, бу ҳолат 38-автобус йўналиши билан «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси («Монетный двор») яқинида юзага келган. У тақдим қилган яна бир суратда шу йўналишдаги бошқа бир автобус билан бўлган ҳолатни кўриш мумкин.
Қурбоновага кўра, транспортнинг қайрила олмаганига асосий сабаб йўлларнинг торлиги эмас, балки автомобилларнинг йўл бермагани бўлиши мумкин.
«Гувоҳларнинг айтишича, 1-«полоса»ни ҳайдовчилар банд қилган, ундан қочаман деб 2-«полоса»дан «разворот» қилмоқчи бўлган. Кейин бекатга тиқилган. Орқага қайтай деса, ҳаракатдаги автомобиллар йўл бермаган. Шундан кейин битта Спарк билан ЙТҲ бўлган», дейди у.
Бу борада автобус ҳайдовчилари нима дейди?
Kun.uz юз бераётган ҳолатлар бўйича «гармошка» ҳайдовчилари билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, пойтахт йўлларида 18 метрли автобусларда ҳаракатланиши осон эмас.
«Йўлларда махсус йўлаклар қилингани ҳисобига автобуслар ўнг томондан юриши керак бўлади. Ўнг томонда эса дарахтларнинг шохларига урилиб ҳаракатланиб қоляпмиз. Бунинг устига олдинги автобуслар, масалан, эски МAN русумлилари бунчалик баланд эмасди. Янгиларининг баланд экани ҳисобига ҳам шохларга урилиб, газ баллонининг қопламаси ажралиб қолмоқда», – дейди шахси очиқланишини истамаган ҳайдовчи.
«“Гармошка”лар келганида автобусларнинг йўлларда ҳаракатланиши қийин бўлишини айтгандим. Йўлларимиз талабга жавоб бермайди. «Гармошка»нинг том қисми дарахтларга тегиб қоляпти. Энди алоҳида ажратилган йўлакларни 45 см чап томонга суриб беришаркан. Бу самара берадими ёки йўқ билмайман.
Қўйлиқ-Дўстлик метроси йўналишининг 5-бекатидан бир «гармошка» ҳаракатланади, автобус шу 5-бекат томондан қайрилишга қийналади. Битта ҳаракатда бурила олмайди. Қайрилиб олиш учун 3-4 дақиқа сарфланади», – дейди бошқа ҳайдовчи.
Бундан ташқари, суҳбатлашган яна бир автобус бошқарувчиларидан бири бу жараёнда ходимларнинг тажрибаси ҳам аҳамиятли эканини билдирди.
«Автобуслар етиб келди дегани ҳамма ёқ тезда изга тушиб, ишлаб кетади дегани эмас»
Шаҳарсоз Искандар Солиевнинг айтишича, «гармошка»лар Тошкентга бемалол мослаша олади. «Кўчалар кенг. Фақатгина автобус йўлларини тўғри лойиҳалаш керак», – дейди у.
Шунингдек, Солиев «гармошка»ларнинг бир йўлакдан бошқа йўлакка қайрилиб олиши учун 12 метр етарли бўлишини, бу ерда бошқа муаммолар борлигини айтмоқда.
«Менимча бу ерда муаммолар аралаш, яъни ҳайдовчиларнинг кўпчилиги ҳали янги автобусларга кўниккани йўқ, жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар тўғри ташкил қилинмади.
Аввал ҳам айтганман, автобуслар етиб келди дегани ҳамма ёқ тезда изга тушиб, ишлаб кетади дегани эмас. Тизимни тўлиқ йўлга қўйиш учун анча вақт керак. Ҳаттоки, битта маршрутни ҳисоблаб, аналитик изланишлар олиб бориб, моделини ясаб, симуляциядан сўнг ишонч ҳосил қилиб кўришга камида 6-8 ой керак бўлади. Ҳали бу муаммолар тугамайди. Ва бунга шошилмасдан тизимли ечим билан ёндашиш зарур. Адашмасам, бу муаммолар устида ҳозирда Транспорт вазирлиги ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» ишлашмоқда. Билмадим, қанчалик уларни ҳал қилишади. Лекин ҳал қилмасдан бошқа иложи йўқ. Йўқса, эртага кўчаларимиз Бомбейга айланади», – дейди шаҳарсоз.
Мутахассис тез орада бу муаммоларга барҳам берилишига ҳам умид билдирмоқда.
Муаммо маблағдами?
8 апрел куни Тошкентга Хитойдан олиб келинган янги автобуслар тақдимотида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам инфратузилма борасида гапириб ўтганди. Хусусан, у жараёнда бекатларни мослаштириш, пиёдалар ўтиши учун алоҳида кўприклар ёки ерости ўтиш йўлагини қуриш кераклиги, бу борада вазирлик тезкор ечимларни бериш билан шуғулланаётганини айтганди.
«Бу инфратузилма устида ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИВ, Транспорт вазирлиги ҳамкорликда лойиҳа офисини ташкил қилганмиз. Пойтахтда 34 та йирик коридор бўлса, мана шу лойиҳа офиси билан биргаликда 13 та коридорни танлаб олдик. 2023 йилда 13 та коридорнинг ҳаммасида чорраҳадан ўтувчилик қобилияти, ўнг тарафга кетиш, йўлларда жамоат транспортига устуворлик бериш бўйича ишланяпти», – деганди Маҳкамов.
Шунингдек, вазирликнинг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидов ҳам бекатлар 18 метрли автобуслар учун мослашмаганини, «гармошка»ларнинг олд томонидаги 3 та эшиги бекатда қолаётганини, охирги эшиги эса ариқнинг олдида очилиб қолаётганини айтганди.
«Мана шундай ҳолатлар учун ҳокимият, ЙҲХББ ўрганиш ишларини олиб бормоқда», – дея таъкидлаганди у.
Kun.uzʼнинг Транспорт вазирлигидаги манбасига кўра, жамоат транспортини ривожлантиришдаги муаммоларни маблағ етишмаслиги билан баҳолади.
Манба бу жараёнда шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, автобуслар учун махсус йўлакларни ташкил этиш, йўлакларда жойлашган бекатлар, енгил транспортдан бекатга келувчиларни тушириш-чиқариш майдончалари, тартибга солинган пиёдалар йўлаклари, светофорларни бошқариш тизимини жорий этиш кераклигини, бунинг учун эса маблағ ажратилмаётганини айтмоқда.
«Белгилаб олинган ишларни амалга ошириш молиялаштиришга боғлиқ. Афсуски, бу жиҳатлар шаҳар бюджетининг асосий параметрларида кўзда тутилмаган.
Шу каби муҳим бўлган жараёнларни ҳал қилиш учун тегишли раҳбарлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган. Унинг бир нечта йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Йиғилишда айнан инфратузилма объектларини талаб даражасига келтириш – кечиктириб бўлмайдиган ишлардан бири экани таъкидланди. Шунингдек, барча ишларни амалга ошириш учун керакли маблағларнинг манбалари ҳам белгилаб олинганди.
Ишлар белгиланган тартибда амалга оширилиши учун бир қанча босқичлардан ўтиши, яъни жойида ўрганилиши, лойиҳа учун талаб шартларини шакллантириш, лойиҳачи ташкилотни электрон тендер орқали аниқлаш, лойиҳа тайёр бўлганида уни экспертизадан ўтказиш, кейин қурувчи ташкилотни ҳам электрон тендерлар орқали билиб олиш ва қурилиш ишларини техник назорат остида амалга ошириш керак бўлади. Пулнинг ўзи йўқ бўлганидан кейин бу ишларнинг бирортаси бошлангани ҳам йўқ, ҳаммаси тўхтаб-тўхтаб шундай ҳолат бўлиб ётибди.
Ўтган йилги қарорларда ҳам айнан шундай топшириқлар берилганди, лекин яна масала молиялаштиришга келганда тўхтаб қолаверган. Ишларнинг асосий буюртмачиси шаҳар ҳокимлиги бўлиши керак, буюртмачи томонидан соҳага йўналтирилиши керак бўлган маблағлар бюджет параметрларида кўзда тутилмаса, бу ишларни амалга ошириш деярли имконсиз», – дейди Kun.uz манбаси.
Манба молиялаштириш тизимининг тўғри йўлга қўйилмагани ортидан жамоат транспортида анчадан бери юзага келаётган муаммолар ҳақида ҳам гапирди.
«Масалан, жамоат транспортининг эскириб бориши, автобусларнинг хавфлилик даражаси ошиб боришининг асл сабаби бошқа, унинг тагида катта муаммо бор. Афсуски, бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди, жим юраверишади. Автобусларнинг ойлик харажат нархлари бор. Йўловчи ташиш харажат нархи тарифимиздаги 1 минг 400 сўмдан қимматроққа, тахминан, 2 минг 800 сўмга тушади. Йилнинг бошида ҳар ой учун қанча харажат кетиши ва қопланиши керак бўлган сумма ҳисоблаб чиқилади, буни йилнинг бошида бюджетнинг асосий параметрларига киритиш керак.
Параметрга киритилаётган вақтда биринчи навбатда керакли эҳтиёт қисмлари ва ёқилғининг нархи ошишини пасайтириб ёзишади, яъни шу нарсаларнинг нархи қимматлашиши инобатга олинмайди. Кейин ҳайдовчиларни йил бошида тарифинглар ошириб берилади деб алдашади, шу билан бу иш ҳам бажарилмайди. Шундай қилиб ярим йилга етганда, ажратилган маблағ тугаб қолади. Автобуслар эҳтиёт қисм олмаганидан кейин йўналишларга чиқмай ётаверади. Шу билан занжир айланиб кетаверади. Агар молиялаш иши яхши йўлга қўйилганда эди, шу ишлар ҳам тўғри кетарди.
Брутто-шартнома тизимини жорий этиш ҳақида гапиришяпти. Менимча, мана шу тизим шаффофликка олиб келади. Мазкур тизимни жорий этиш учун ҳам аввало шаффоф тариф тизими йўлга қўйилиши керак.
Ҳаммаси бир-бирига узвий боғлиқ. Йўлни очиб, тариф учун рухсат беришсин, бугундан иш бошлаб юборилади. Бизга боғлиқ бўлмаган нарсаларни бўйнимизга илиб ташлашяпти-да, молиявий масалани ҳал қилмай, фақат айбдор қидириляпти. Минимал ишларимиз учун ҳам пул ажратилмаяпти», – дейди манба.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратзулмасини ривожлантириш бош бошқармасининг хабарига кўра, 5 майдан айрим автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш брутто-шартнома тизимига ўтказилмоқда. Пойтахтда ҳаракатланувчи 5-, 11-, 18-, 19-, 37-, 44-, 67-, 77-, 83-, 136-, 139-, 142-, 72- ва 81-сонли автобусларда бугундан бошлаб «план» бажариш бекор қилинади.
Маълумот учун, президентнинг 2023 йил февралдаги 59-сонли қарорига кўра, 15 апрелдан Тошкент шаҳри йўловчи ташиш тизими босқичма-босқич брутто-шартномага ўтказилиши белгиланган. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбири билан суҳбатда 15 майдан пойтахтдаги барча жамоат транспорти брутто-контрактга ўтишини айтганди.
Мавзуга оид
20:06 / 10.06.2026
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
11:40 / 08.06.2026