12:02 / 05.05.2023
2582

Президент стипендиясини молиялаштириш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат олий таълим муассасалари, республикадаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари талабаларини моддий ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон президенти ва давлат стипендияларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Таълим муассасаси ҳар йили 15 октябрга қадар жорий ўқув йили учун стипендия олувчи талабалар сони ҳамда уларга тўланадиган стипендия миқдорини ҳисоблайди ва бюджетдан зарур маблағлар ажратилиши юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига сўровнома киритади.

Вазирлик 1 ноябрга қадар жорий ўқув йили учун стипендия тўловларига сарфланадиган маблағларни тўлиқ ҳажмда ўтказиб беради.

Стипендияларни тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 226-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Талабаларга моддий ёрдам учун ариза олий таълим муассасаси томонидан 15 сентябрга қадар топширилади, Вазирлик томонидан 1 октябрга қадар уларнинг ҳисобварақларига ўтказиб берилиши назарда тутилган.

Моддий ёрдам бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Top