Европа куни — «Шуман декларацияси» имзоланган сана ҳар йили байрам қилинади. Франция ташқи ишлар вазири Роберт Шуман ўзининг тарихий нутқини 1950 йил 9 майда сўзлаган ва у Европа Иттифоқининг ташкил этилишига олиб келган. Унинг нутқи Декларацияга айланди, ҳужжат имзоланган сана эса Европада тинчлик ва бирдамликни сақлаб қолишга хизмат қилувчи сана сифатида ҳар йили нишонланади.

Ҳозирда Европа куни барча Европа мамлакатларида, шунингдек ҳамкор мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонда ҳам оммавий нишонланади. (Мавзуга доир: Куни-кеча Украина президенти 9 май Украинада бундан буён Европа куни сифатида нишонланиши ҳақида фармонни имзолади).

6 май куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида ташкиллаштирилган, 5000 дан зиёд одам ташриф буюрган фестивалда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 40га яқин лойиҳа тақдим этилди. Лойиҳалар Европа Иттифоқи ва Европа жамоаси томонидан молиялаштирилади.

«Ўзбекистонда Европа кунини ташкил қилиш биз учун жуда муҳим. Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан бир қанча ишларни амалга оширяпти. Бизнинг дастурларимиз хилма-хил ва уларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

Фестивал одамларни бизнинг дастурларимиздан хабардор қилиш, улар билан гаплашиш, айниқса, ёшлар билан коммуникация қилиш, ғоялар алмашиш имкониятидир. Биз қўлимиздан келган энг яхши ишларни қилишга ҳаракат қиляпмиз, ишонамизки, Ўзбекистон ҳам бунга лойиқ», – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан

Фестивалда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг Марказий Осиёда, жумладан Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгариши ва барқарорлик, Ўзбекистонда гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини илгарилатиш учун фуқаролик жамияти, ҳамжамиятлар ва ҳокимият органлари қадриятларининг мустаҳкамланиши, қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларининг ривожланиши, Erasmus+ таълим дастурлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича фаолият, давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқалар каби муҳим йўналишлар бўйича лойиҳалар тақдим этилди.