20:32 / 09.05.2023
10045

Доимий қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши тузилди

Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилган кенгашнинг таъсис йиғилишида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон ва Қирғизистон географик жамиятлари вакиллари қатнашишди. Иштирокчиларнинг якдил вози билан Ўзбекистон география жамияти раҳбари Ойбек Норинбоев уч йил муддатга бош котиби этиб сайланди.

7-8 май кунлари Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар жўғрофия кенгашининг таъсис мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон ва Қирғизистон географик жамиятлари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.

“Ўзим айни пайтда Истанбул университетида фан доктори бўлиб ишлайман. Нега буни айтяпман. У ерда ишларканман, 2016 йили дарсга кира бошлаганимда ректоримдан турк давлатлари жўғрофияси дарсини очиш истагида эканимни билдиргандим. Ўша пайтда қачонлардир Турк давлатлари жўғрофиясини қура олармиканмиз деб ўйлагандим.

Энди ўзимнинг талабаларимга бу дарсни танитиш, 5-6 мамлакат, яъни барча турк давлатларининг маданиятда, эътиқодда бир эканликларини англатишни истаяпман. Ректоримиз бу таклифимни хурсандчилик билан қаршилагандилар. Бир кун келиб ўша ташкилот тузилишида балки ўзинг ҳам қатанашарсан деганди у киши менга ўшанда. Бугун ана шу ташкилотнинг таъсис йиғилишида ўтирганимдан жуда бахтлиман.

2021-2022 йилларда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа турк давлатларида бўлиб, имконим етганча табаррук қадамжоларини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Аслида биз бир халқмиз. Жўғрофияда ҳам бирлашиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Бошланган ишлар хайрли бўлсин” – дейди таъсис йиғилишида қатнашган Туркия жўғрофия жамияти директорлар кенгаши аъзоси Каан Капан.

Каан Капан, Туркия жўғрофия жамияти директорлар кенгаши аъзоси Фото: Kun.uz

Йиғилишда Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши туркий тилли илмий-тадқиқот институтлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада такомиллаштириш, география, ўлкашунослик ва бошқа турдош фанлар бўйича назарий ёки амалий иш билан шуғулланувчи барча ташкилот, муассасаларга кўмаклашиш, барча жабҳаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш мақсадида тузилаётгани қайд этилди.

Таъсис йиғилишида барча иштирокчи давлатлар томонидан Туркий давлатлар жўғрофия кенгашини тузиш тўғрисида Тошкент шартномаси имзоланди ва келгусидаги ишларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқишга келишилди. Йиғилиш қатнашчиларининг якдил овози билан Ўзбекистон география жамияти раҳбари Ойбек Норинбоев уч йил муддатга кенгаш бош котиби этиб сайланди.

Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон география жамияти раҳбари Фото: Kun.uz

“Бу кенгашнинг ташкил этилишини дунёдаги сиёсий вазият тақозо қилмоқда. Айни пайтда Евроосиё материгининг ҳар тарафида турлича сиёсий вазиятлар ҳукм сурмоқда. Бундай вазиятда Евроосиё минтақасида сиёсий тарозини сақлаб, қўриқлаб туриш учун турк халқларига эҳтиёж бор. Бу эса бизнинг мазкур ташкилотни тузишимизга дастак бўлмоқда.

Жўғрофия бироз сиёсий илмдир. Чунки у маконлардан бошланади. Макон эса сиёсат демак. У ерда ҳудудлар ва чегаралар бор. Кейинги йиллларда жўғрофий ахборот тизимлари ва макон маълумотларини ўрганишга қизиқиш, эҳтиёж кучайди. Шу маънода жўғрофиянинг аҳамияти ҳам ошиб бормоқда. Шу жиҳатдан Туркий давлатлар жўғрофия кенгашининг юзага келиши бугунги кун реаллигидир.

Туркий дунёни Марказий Осиё мамлакатларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Марказий Осиёнинг юраги, маркази эса, қозоқ биродарларимиз ва минтақадаги бошқа қардошларимизга ҳурмат сақлаган ҳолда, Тошкент деб биламан ва бошқалар ҳам буни эътироф этишлари жоиз. Шу маънода янги кенгашнинг Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ташкил топиши ва унинг доимий қароргоҳи бу ерда бўлиши ҳар жиҳатдан тўғри қарор деб биламиз”, дейди Озарбайжон жўғрофия жамияти раиси Мирнуҳ Исмоилов.

Мирнуҳ Исмоилов, Озарбайжон жўғрофия жамияти раиси Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, эндиликда аҳолининг географик ва экологик билимини мустаҳкамлаш, илғор илмий ғоялар ва ютуқларни кенг тарғиб қилиш, кенгашга аъзо мамлакатларда табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, тегишли масалаларни ҳал этиш бўйича биргаликда фаол иш олиб бориш режалаштириляпти.

Янги кенгаш халқаро лойиҳалар, жумладан, фан, таълим, экологик таълим, иқтисодий ёндашув, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро алоқани кенгайтириш, турк тарихига оид масалалар бўйича муштарак илмий позиция ишлаб чиқиш, экология кун тартибини таъминлаш ва кўзланган мақсадларга эришиш каби лойиҳаларда иштирок этади.

Кенгаш аъзо давлатлар ўртасида илмий тадқиқот олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Шунингдек, география соҳасидаги инновация, илм-фан янгиликлари билан ўртоқлашиш йўлга қўйилади. Иқлим ўзгаришининг табиий ва ижтимоий муҳитга таъсирини ўрганиш бўйича илмий иш қилинади.

Мирвоҳид Азимов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Фото: Kun.uz

Эҳтимолий хавфли вазиятнинг олдини олиш, турли ҳолатга мослашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, геодезия ва картография соҳасидаги тадқиқотларни ўзаро мувофиқлаштириш, Туркий давлатлар ҳудудидаги моддий ва номоддий мерос объектларини ўрганиш, қадамжолар ҳақидаги маълумотларни келажак авлодга етказиш кўзда тутилган.

Йиғилишда халқаро география олимпиадаларини ўтказиш, умумсайёравий, минтақавий ва маҳаллий экологик муаммоларнинг олдини олиш, мавжуд масалаларни бартараф этиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш сингари устувор вазифалар белгилаб олинди.

Top