«Азов» полки асосчиси Бахмут атрофида россияликларнинг икки ротаси тор-мор этилганини айтди
Аввалроқ Пригожин РФ армияси аскарлари қочиб кетгани ҳақида хабар берганди.
Украина қуролли кучлари Донецк областининг Бахмут шаҳри атрофида РФ қуруқлик қўшинларининг 72-бригадаси бўлинмаларини мағлуб этган. Бу ҳақда «Азов» полки асосчиси ва «Миллий корпус» партияси етакчиси Андрий Билецкий маълум қилди.
«Украина қуролли кучлари учинчи алоҳида штурм бригадасининг ҳужум ҳаракатлари натижасида РФ 72- бригадаси бўлинмалари мағлуб этилди. Шу бригаданинг олтинчи ва саккизинчи роталари амалда тўлиқ йўқ қилинди», — деган Билецкий телеграмдаги видеомурожаатида. У ўз сўзларини исботловчи далилларни келтирмаган.
Унинг сўзларига кўра, «бригаданинг разведкачилари яксон этилган, катта миқдордаги жанговар зирҳли машиналар йўқ қилинган, кўп сонли ҳарбийлар асир олинган». Бундан ташқари, унинг тасдиқлашича, «Вагнер» ХҲК штурм отряди ҳам катта йўқотишга учраган.
Билецкийнинг қайд этишича, ҳужум ҳаракатлари уч километр кенгликдаги ва икки километр 600 метр ичкаридаги ҳудуд бўйлаб амалга оширилган. Ҳозирда, унинг сўзларига кўра, бу ҳудуд Россия кучларидан тўлиқ озод этилган.
Украина қуролли кучларининг учинчи штурм бригадаси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида РФ армиясининг 72-бригадаси билан жанг акс этгани айтилган видеоёзувни жойлаштирган. Кадрларда бир қанча ҳарбийлар зирҳли техникадан қочиб бораётгани акс этган. Украина ҚК штурм бригадасига кўра, беш киши асир олинган.
«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин аввалроқ РФ армиясининг 72-бригадаси 9 май куни Бахмутдаги стратегик плацдармдан қочиб кетганини айтганди. «Бизни қанотда қўллаб-қувватлаши керак бўлган мудофаа вазирлиги бўлинмаси ўз позициясидан қочиб кетиб, 2 км кенгликда ва 500 метр чуқурликдаги жойни очиқ қолдирди. Яхшиямки бу жойни бир амаллаб блокладик», — деган Пригожин видеомурожаатида.
РФ мудофаа вазирлиги бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024