Жаҳон | 21:11 / 12.05.2023
11223
5 дақиқада ўқилади

Энергетик санкциялар зарбаси: РФда бюджет тақчиллиги йиллик прогноздан ҳам ошиб кетди

Апрель ойи якунлари бўйича Россия бюджети тақчиллиги 3,4 трлн рублга етди. Бу – бутун йил учун прогноз қилинган дефицит кўрсаткичидан 500 млрд рублга кўп. Тақчилликнинг кескин ошишига нефть ва газдан келадиган даромадларнинг қисқаргани жиддий таъсир ўтказган.

Фото: Depositphotos

Россия Молия вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида бюджет дефицити 3,4 трлн рублга етган. Бу йиллик прогноз қилинган дефицит кўрсаткичларидан (2,9 трлн рубль) ҳам сезиларли даражада кўп.

Ҳисоботда келтирилишича, 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида федерал бюджет даромадлари 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга камайган ва 7,7 трлн рублни ташкил қилган. Шу билан бирга, бюджет харажатлари 26 фоизга ошиб, 11,2 трлн рублга етган.

Дефицитнинг кескин ошишига нима сабаб бўлди?

Тақчилликнинг кескин ошишига нефть ва газдан келадиган даромадларнинг ўтган йилга нисбатан 52 фоизга камайгани ва 2,28 трлн рублни ташкил этгани жиддий таъсир ўтказган. Молия вазирлиги бу ҳолатни Уралс нефти котировкаларининг пасайиши ва табиий газ экспортининг қисқариши билан боғлаган.

Bloomberg Economics'нинг Россия бўйича бош иқтисодчиси Александр Исаковнинг таъкидлашича, нефть ва газ даромадларининг қисқариши фонида йил якунида дефицит 4 трлн рублни ташкил этиши мумкин.

“Маълумотлар шуни тасдиқлайдики, йил охиригача Молия вазирлиги катта эҳтимол билан режалаштирилган 17 трлн нефть ва газга боғлиқ бўлмаган даромадларини йиғади, шу билан бирга нефть ва газдан келадиган 1 трлнга яқин даромаддан мосуво бўлиши мумкин. Бу йил охирида дефицит 4 трлн рубль бўлишига олиб келади. Бошқа томондан, харажатлар миқдори ҳам расман аниқ эмас. Федерал бюджет тўғрисидаги қонунда харажатларнинг 29 трлн доллардан ошмаслиги белгиланган бўлса-да, ҳозирги шароитда бу миқдор чегараси сезиларли даражада ошиши мумкин.

Россия жамияти учун асосий хавф шундаки, федерал бюджет харажатларининг ошиши иқтисодиётни инфляцияни тезлаштириш ёки юқори фоиз ставкалари туфайли истеъмолни камайтириш ўртасидаги танлов олдига қўйиши мумкин”, дейди эксперт.

Аввалроқ, Bloomberg март ойи якунлари бўйича Россия расмийлари бюджет харажатларининг учдан бир қисми – 2,4 триллион рублни махфийлаштирганига эътибор қаратганди. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур харажатларнинг ошиши Украинада олиб борилаётган уруш билан боғлиқ, чунки ҳарбий харажатлар миқдори ошиб бормоқда.

Россия ҳукумати нима қилмоқчи?

“Ведомости”нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Молия вазирлиги Россияда фаолият олиб борувчи компаниялари учун қўшимча фойда солиғи жорий қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаётган бўлиши мумкин. Бундан мақсад – уруш ва санкциялар шароитида бюджет даромадларини ошириш.

Шунингдек, 2022 йил декабридан 2023 йилнинг 19 апрелига қадар “нодавлат нотижорат ташкилотларидан тушумлар” банди бўйича тадбиркорлик субъектларидан 20 миллиард рубль ундирилган.

Қайд этилишича, 2021 йилда бюджетга мазкур кўринишда пул йиғилмаган, 2015-2020 йилларда эса бу миқдор йилига 3 миллион рублдан кўп бўлмаган.

Экспертлар Россияда бюджет тақчиллиги ошиб бораётгани сабабли солиқ тушумларини кўпайтиришга уринишлар ҳам ошиб бораётганини таъкидлашмоқда.

Урушнинг Россия иқтисодиётига таъсири

Йиллар давомида Россия бюджетининг тахминан 38-40 фоизи нефть ва газ экспортидан келадиган тушумлар билан тўлдирилган. Украинадаги босқинчилик уруши фонида Европа давлатлари рус нефть ва газ маҳсулотларини импорт қилишдан босқичма-босқич воз кеча бошлади. Натижада даромад ҳажми кескин қисқарди.

Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Россия иқтисодиётидаги умумий пасайиш 2,1 фоизни ташкил этган. Пасайиш чўққиси иккинчи ва учинчи чоракларда содир бўлган – мос равишда 4,5 ва 3,5 фоиз. Тўртинчи чоракда йиллик кўрсаткичларнинг тушиши 2,5 фоизгача секинлашган.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида Саноатлашган мамлакатлар еттилик гуруҳи (G7) ва Австралия Россия нефть маҳсулотларининг чекланган нархлари бўйича келишувга эришганди. Келишилган нарх дизель, керосин ва бензин каби юқори даражада тозаланган маҳсулотлар учун бир баррелга 100 долларни, мазут каби арзонроқ нефть маҳсулотлари учун эса 45 долларни ташкил этади. Мазкур чекловлар ҳам бевосита Россия бюджет даромадларининг қисқаришига таъсир кўрсатган.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертларининг Европадаги иқтисодий вазият ҳақидаги охирги ҳисоботида келтирилишича, Россия иқтисодиёти Ғарб томонидан киритилган санкцияларга кутилганидан кўра чидамлироқ эканлигини исботлаган. Жорий йилда РФ ЯИМнинг ўсиши 0,7 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, санкцияларнинг Россия нефть маҳсулотларига таъсирини баҳолашга ҳали эрта. Айни пайтда нефть етказиб беришда кескин қисқаришлар кузатилмаган, Россия ёнилғисига чегирма эса оширилган.

Мавзуга оид