Жаҳон | 23:41 / 12.05.2023
20674
4 дақиқада ўқилади

Қиличдорўғли Россиянинг сайловолди фитналарига «далиллар» борлигини айтди 

«Агар бизда аниқ далиллар бўлмаганида, мен буни ёзмаган бўлардим», деди у. 

Туркия «Республика халқ партияси» раҳбари, мухолифатдаги «Халқ коалицияси»дан президентликка номзод Камол Қиличдорўғли Россиянинг сайловолди фитналарини уюштирганига аниқ «далиллари» борлигини айтди. 

11 май куни у Россия ҳукуматига рус тилида мурожаат қилиб, сайлов жараёнига ноқонуний аралашганликда айблаган эди. 

«Туркияда фош қилинган монтажлар, фитналар, Deep Fake контенти ва ёзувлари ортида сиз турибсиз. 15 майдан кейин ҳам дўстлигимизни давом эттирмоқчи бўлсангиз, Турк давлатидан қўлингизни тортинг. Биз ҳамон ҳамкорлик ва дўстлик тарафдоримиз», деб ёзган эди у Twitter саҳифасида. 

«Агар бизда аниқ далиллар бўлмаганида, мен буни ёзмаган бўлардим», деди у Reuters агентлигига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, партия бу борада Россиянинг Туркиядаги элчихонасига мурожаат қилмаган. 

«Биз бошқа давлатнинг Туркиядаги сиёсий партия манфаатини кўзлаб, сайлов жараёнига аралашишини қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Мен бу ҳақда бутун дунё билишини истардим, шу туфайли буни очиқ эълон қилдим», деди у. Қиличдорўғли Россия қайси партия манфаатини кўзлаганига аниқлик киритмади. 

Қиличдорўғлининг изоҳлари Россия расмийларининг изоҳларидан олдин янгради. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Қиличдорўғлига бундай маълумот берган одамларни ёлғончи эканини ва Россия Туркия билан алоқаларини жуда қадрлашини айтди. 

Қиличдорўғли Туркиянинг Россия билан яқин иқтисодий алоқаларга эга эканини таъкидлаб, ташқи сиёсатда ва Москва билан муносабатларда яхши мувозанатга эришишига ишора қилди. 

«Биз муносабатларимизни сақлаб қолмоқчимиз, дўстона муносабатларимизни бузмоқчи эмасмиз, лекин ички ишларимизга аралашишга йўл қўймаймиз», деди у. 

Шунингдек, Қиличдорўғли 14 май куни сайловда ғалаба қозонса, Россия ва Украина ўртасида яна бир тинчлик ташаббуси учун ҳаракат қилишини айтди. 

«Агар биз Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эриша олсак, бу биз ва бутун дунё учун жуда муҳим. Лекин шуни айтишим керакки, ҳеч бир давлат бошқа давлатни босиб олиши тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз», деди у. 

Агар президент этиб сайланса, НАТО кенгайишини қўллаб-қувватлайсизми, деган саволга «албатта», деб жавоб қайтарди. 

«НАТО нафақат XX аср ҳарбий ташкилоти, балки демократияни ҳимоя қилувчи ташкилотдир. Биз НАТО билан муносабатларимизни ўтмишдагидек давом эттирамиз», деб қўшимча қилди Қиличдорўғли. 

Шу билан бирга Қиличдорўғли, Эрдўғаннинг ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт партияси» раҳбари сифатидаги хатосини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, амалдаги президент Туркия ташқи ишлар вазирлигини сиёсат юритиш жараёнидан четга суриб ташлаган. 

«Туркиянинг миллий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда тинчликпарвар ташқи сиёсатни олиб борамиз. Бизнинг устуворлигимиз миллий манфаатларимиз ва замонавий дунёга мос равишда ҳаракат қилишдир», деб қўшимча қилди Қиличдорўғли. 

Қиличдорўғли «Республика халқ партияси»ни (мамлакатдаги энг қадимги ва Эрдўған блокидан кейин парламентдаги иккинчи энг катта партия) бошқаради. Унинг номзоди 6 та партиядан иборат «Халқ коалицияси» томонидан кўрсатилган. 

Социологларнинг қайд этишича, Туркиядаги президентлик сайловида уч номзод иштирок этаётган бўлса-да, улардан фақат икки нафари – Эрдўған ва Қиличдорўғли ғалаба қозониш учун реал имкониятга эга. 

Мавзуга оид