Путиннинг юқорида зикр этилган иккита фармони Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ҳамда унинг атрофида бирлашган европапараст мухолифатнинг қаттиқ таҳликали реакциясини келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи ҳам четда қолмади ва ҳукмрон россияпараст «Гуржистон орзуси» томонидан тузилган ҳукуматга иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилди, деб ёзади журналист ва тарихчи Александр Желенин.
Зурабишвили эса бир қараганда Кремлнинг ижобий қадамларига жавобан терс характердаги чоралар кўриш кераклигини таъкидлади. Жумладан, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни тақиқлаш, россияликлар учун виза жорий этишни. Бунгача икки мамлакат ўртасидаги виза режими биртомонлама характерга эга эди — фақат Россияга кириб келаётган гуржистонликлар виза олишга мажбур эдилар. Россияликлар эса 2008 йилги урушдан сўнг ҳам Гуржистонга шунчаки чегарада паспортни тақдим этиб, тўсиқларсиз кириб келишда давом этишаётган эди.
Путин фармонлари нимани ўзгартирди?
Яқиндан танишилса, ҳеч нарсани ўзгартирмагани маълум бўлади. Визалар Россияга 90 кундан кам муддатга кириб келаётган гуржилар учун бекор қилинади, яъни жуда камчилик гуруҳ учун. Чунки гуржиларнинг жуда катта қисми Россияга ишлаш учун боришади ёки боришни исташади, бир қисми ўқиш учун боришади. Мана шу тоифадаги кўплаб инсонлар учун виза режими амал қилаверади. Боз устига, 2008 йил Россия Жанубий Осетияни аннексия қилгач, Москва билан дипломатик алоқаларни узган дипломатлар учун ҳам виза режими амал қилишда давом этади. Гуржистон ўз манфаатларини Москвадаги Швейцария элчихонаси орқали тақдим этиб келмоқда.
Бошқача қилиб айтганда, Кремл томонидан «инсонпарварлик характеридаги қарор» сифатида тақдим этилаётган қарор икки мамлакат муносабатларида кўп нарсани ўзгартирмайди.
Иккинчи фармон Россия ва Гуржистон ўртасидаги авиақатновларнинг қайта тикланишига тааллуқли. Бу эса Путин томонидан 2019 йилда киритилган тақиқни бекор қилади, холос. Яъни бу ерда ҳам ҳеч қанақа янгилик йўқ: пошшо тақиқлади, пошшо рухсат берди. Лекин гап шундаки, авиақатновлар – иккитомонлама ҳаракат. Путин Россияда истаган нарсасини тақиқлаб ё рухсат бериши мумкин, лекин Гуржистонда ўз қонунлари ва қоидалари бор. Агар Гуржистон ҳукумати Путиннинг бу «эзгу ниятдаги қадами»ни истамаса, Россия билан ҳеч қанақа авиақатновлар тикланмайди.
Албатта, Кремлнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида фириб кўрадиган Зурабишвили ва Гуржистон мухолифатининг позицияси Россия томонидан Цхинвали тумани аннексия қилингач ва Абхазия мустақиллиги тан олингач, мутлақо қонунга мувофиқ ва мантиқли. Бугун ҳар бир гуржи сизга Россия Гуржистоннинг 20 фоиз ҳудудини аннексия қилганини айтади. Гуржиларнинг катта қисми Россиянинг Украинага ҳужумидан нафратланади. Россиянинг Гуржистонга оид ҳар қандай ҳаракатига Гуржистон жамиятининг кескин реакцияси илдизи мана шу ерда.


















