13:05 / 15.05.2023
25744

“Одам бўлиш қийин” – олимлик ва одамликни фарқловчи асар

Инсон ҳаётда яшар экан, ҳаёт йўлида турли хил синов, тўсиқ, имтиҳонларга учрайди. Бу имтиҳонлар турли кўринишда, ҳар хил даражада бўлиши мумкин. Тўсиқларни қай йўсинда бартараф қилиш, довонлардан қайси йўл орқали ошиб ўтиш, ҳаёт синовида нечоғлик жасорат кўрсата олиш инсонга ва унинг иродасига боғлиқ. Ҳамма ҳам ўқиши мумкин, аммо уқиши-чи?

Фото: KUN.UZ

Шайх Саъдий Шерозийнинг машҳур ҳикмати бор:

Устига китоб ортилган эшак, На олим-у, на доно бешак.

Илмдан баҳраманд бўлиш, уни ҳаётга татбиқ эта олиш инсондан жуда катта фаросат талаб қилади. Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” асари бош қаҳрамони Абдуллажон эса айнан шу ўқиганларини татбиқ қилишга келганда бироз адашди ва одамийлигини бой бериб қўйди...

Сюжет:

Абдуллажон бувисининг уйига, Мингбулоққа таътилда келиб юрарди. Мактабни олтин медалга битиргандан сўнг ҳам одатига кўра қишлоққа боради. У ерда ёшликдаги ўртоғи Гулчеҳрани учратиб, чиройли, одобли қиз бўлганини кўрган йигит беихтиёр кўнгил қўяди. Улар Абдулла шаҳарга қайтгунгача бир-бирлари билан учрашиб юришади.

Таътилдан сўнг иккиси ҳам ўқишга топширишлари, бирор олийгоҳда таълимни давом эттиришлари лозим эди. Гулчеҳранинг мақсади аниқ: меъмор бўлиш. Аммо у шаҳарга боролмасди. Онаси саратонга чалинган, ота-онасини шу ҳолда ташлаб кетишга кўзи қиймасди. Шунинг учун сиртқи таълимга топширди. У айни пайтда қишлоғининг эски макетини ясай бошлаганди. Мақсади – эски ва кўримсиз қишлоғини янги ва қулай гўшага айлантириш.

Абдулла бувисиникидан қайтгач уни янгилик кутиб турарди. Айни пайтда Абдулланинг ҳам отаси бемор: гипертонияга чалинган бўлиб, уйга қамалиб қолганди. Отасининг ёнига Турсунали исмли одам келади ва Абдулланинг Москвадаги янги очилган институтда ўқиши учун ёрдам беришини айтади. Абдулланинг дадаси Ғофур ака бу одамга илгари ёрдам берганлигини кейин эслайди.

Турсунали ака Абдулланинг ақлли, қунтли бола эканини биларди. Қолаверса, ўзининг қизи Сайёрани ҳам ўша институтда ўқитмоқчи, қизига Абдуллани шерик қилмоқчи эди. Бундай таклифдан Абдулла бироз гангийди. Москвага кетиб қолса, Гулчеҳрадан узоқлашиб кетиши мумкин, бу таклифдан воз кечса, кейинчалик бундай имконият қайта бўлмаслиги мумкин. Абдулла рози бўлади...

Бориб 4 йил ўқийди. Бу орада Гулчеҳранинг онаси қазо қилади, дадаси бошқага уйланади. Гулчеҳра бутун бошли қишлоғининг янги лойиҳасини ишлаб чиқади ва бу лойиҳа одамларга маъқул бўлади. Бундан ташқари, Тошкентда “Ёшлик” номли меҳмонхона учун лойиҳалар танловида ғолиб бўлиб, унинг чизмалари асосида меҳмонхона қурила бошлайди. Фақат битта муаммо бор эди. Гулчеҳра Абдулладан ҳомиладор бўлганди.

Бу пайт Абдулла ўқишни битирай деб турган, хаёллари чалкаш бир ҳолатга тушганди. Сабаби шунда эдики, Турсунбой ака академик унвонини олган бўлиб, бу унвон Абдулланинг ҳам орзусига айланган, юрагига ўт солганди. Турсунбой ака Абдуллани куёв қилиш ниятида юрганини билгандан сўнг, у учун Сайёрага уйланиш унвон томон дадил қадам бўлишини ўйлаб қолганди. Сайёрага уйланиш порлоқ келажак кафолатидек кўрина бошлади унга. Лекин унинг кўнгли Гулчеҳрада эди. Гулчеҳра ҳам анойи чиқмади. Қишлоғида катта ишларни бошлаб юборибди.

Шундай иккиланиб юрган кунларининг бирида ҳомила ҳақида хатни ўқигач Абдулла гангиб қолди. Саросимага тушди. Гулчеҳрага болани олдириши ҳақида телеграмма юборди.

Гулчеҳра болани олдириш мақсадида Тошкентга борди. Бу орада унинг лойиҳаси асосида қурилаётган меҳмонхона ҳам битиб қолганди. Ишларни кўздан кечириб чиққач Гулчеҳра доктор излай бошлади. Бир неча кунга бир кампирнинг уйида ижарада туради ва унга барча дардини тўкиб солади. Бир куни бозорда Абдулланинг онасига дуч келиб қолган қиз Абдулланинг уйланаётганини эшитади. Бутун орзулари пайҳон бўлган, туйғулари топталган Гулчеҳра уйга сиғмай кечаси чала битган меҳмонхонага боради-да, энг юқори қаватига чиқиб, кутилмаганда тушиб кетиб, жон беради.

Бутун қишлоқ аҳли фожиадан ва унинг сабабидан хабардор бўлади. Энди Абдулла бош кўтариб юролмасди. На одамлар ва на ўзининг олдида...

Таҳлил:

Абдулла чиндан ҳам самимий, тиришқоқ, инсофли бола эди. Унинг шуҳратпараст бўлиб қолишига, амалга интилишига мактаб пайти орттирган руҳий жароҳати сабаб бўлди. Отаси амал отидан тушгандан сўнг унга нисбатан ўқитувчиларнинг муомаласи ўзгариши, айниқса, отасининг дўсти Ҳусан амакининг иккиюзламачиликлари Абдуллани бутунлай ўзгартириб юборганди. У бу дунёда энг зўри бўлсанггина сени ҳурмат қилишади, сенга тавалло этишади деган фикрга борган эди.

У ўз устида тинмай ишлайдиган, энг зўри бўлишга интиладиган бўлиб қолганди. Унинг Гулчеҳрага бўлган муносабатлари ҳам жиддий эди, токи Сайёрага уйланиш мавзуси кўтарилмагунгача. Айнан шу нуқта, яъни ваъдасига вафо қилиб, Гулчеҳрага уйланган ҳолда қизни қийин вазиятдан қутқариш ёки Сайёрага уйланиб порлоқ келажакни таъминлашдан бирини танлаш нуқтаси Абдулланинг ҳаётидаги бир имтиҳон эди.

Афсуски, қанчадан қанча имтиҳонларни аъло баҳоларга топширган, олтин медалли ўқувчи, энг ақлли талаба, олимликка даъвогар шахс бўлган Абдулла ҳаётнинг, одамийликнинг шу синовидан қоқилди. Ҳаётда яхши талаба бўлолмади.

Ҳамма ҳам одам бўлиб туғилади, лекин шу номга лойиқ бўлишни ҳар ким ҳам уддасидан чиқолмайди. Одамийлик номли хислат бор-а? Бу сўз одамга, чин инсонга хос хислат саналади.

Гулчеҳра билан ораларида жиддийроқ бир гап бўлмаган тақдирда ҳам инсонийлик жиҳатидан Абдулланинг номардлик қилишга ҳаққи йўқ эди. Гулчеҳрани ишонтириб, дил розини олиб, бошқага уйланишга одамийлик ҳуқуқи мавжуд эмас эди.

Шуҳратпарастлик ёмон хусусиятлар сирасига киритилади. Бунинг сабаби шундаки, одамлар кўпинча шу хислат сабаб кўплаб қабиҳликларга, иккиюзламачиликларга қўл уради. Қанчалаб инсоннинг бахтсизликларига, дилхираликларига сабаб бўлади. Булардан ёрқин намуна эса Абдулла ва Гулчеҳра тимсолида кўрилиб турибди.

Асарда Абдулланинг отаси Ғофур ака ўғлига қарама-қарши таққосланган образ ҳисобланади. У умри давомида қанча ишда ишлаган бўлса-да, амалга интилмади, амал текканда эса ўзини йўқотмади. Ҳеч кимнинг ҳақини хуржунига урмади. Данғиллама уйлар солмади. Доим қўлидан келганча барчага яхшилик қилди. Қўли очиқ бўлди. Унинг моддий томондан орттиргани бўлмаса-да, одамийлик жиҳатдан орттирган обрўси анчагина эди.

Абдулла ўткинчи обрў-эътиборга етишаман деб виждонини ютқазиб қўйди, гулдек бир қизнинг ҳаётига зомин бўлди. Энди унинг олим бўлишидан бирор маъно борми?

Инсон аввало олим бўлишдан-да олдин одам бўлмас экан, топган дунёвий обрў-эътибори, унвон-у амали бир пул эмасми?

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзу
Мутолаа завқи
Китоб мутолааси инсон руҳиятида ажиб ҳиссиёт, ўзгача қувват ва ички хотиржамлик беради. Бу саҳифадаги мақолалар сизни ана шундай мутолаа завқини ҳис қилишга ундайди.
Барчаси
Top