Инсон борки, хато қилади. Муҳими эса шу хатони тушуниб етиш, қилган ишимизнинг хато эканини идрок этишдир. Хўш, буни қандай англашимиз мумкин? Албатта, виждон орқали. Ўша кўксимизда ғимирлаган нарса ҳам виждон аслида. Агар у бўлмаса, ғимирлаб турмаса, инсоннинг инсонлиги қолармиди?
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг «Сўроқ» номли қиссаси орқали ўқувчиларга айнан виждон нима эканини, у эгасини сўроққа тутган пайт қандай ҳолатга тушишимизни, сўроқдан муваффақиятли ўтишимиз учун эса қандай яшашимиз лозимлигини тушунтирмоқчи бўлади.
Сюжет:
Асарнинг бош қаҳрамони Бозорбой. У оддий тракторчи. Яқинда Шабнам исмли қизга уйланган. Тўй сабаб шунчалар қарзга ботадики, ҳозирги топиши билан қарзларини 7 йилда узиши мумкин эди, холос. Шу сабаб пахта заводида тузукроқ амалдаги Аминвойдан илтимос қилиб, юкчиликка тайинланади. Шабнам ҳомиладор бўлади. Аммо ой-куни етса ҳамки, ҳа деганда туғавермайди. Бола 12 ойга қараб ўтиб кетади.
Бозорбой ҳориб-толиб кечаси ишдан қайтарди. Бир кун дарвозасидан кирай деганда тепадан нур тушади. Нурдан эса одамсимон махлуқлар чиқиб келишади. Бозорбойдан ҳол-аҳвол сўрашади. Турли саволлар беришади. Нурни кўрган қўшнилар шу томонга келишаётганини кўрган махлуқлар кетишга мажбур бўлишади.
Эртасига Пахтақайнар қишлоғида шов-шув тарқалади. Бозорбой машҳур бўлиб кетади. Ҳамма ундан воқеани батафсил ҳикоя қилишини истарди. Бозорбой ҳам бундан эринмасди.
Бир кун Бозорбой пахта заводида эканида махлуқлар яна келиб, сўроқ қилишни бошлайди. Бу жараёнга тасодифан 12 фарзандли Нарзиқул амаки ҳам аралашиб қолади. Бозорбойнинг ёнига келган амакиниям сўроққа тутиб кетишади. Азбаройи қўрққан Нарзиқул амаки касалхонага тушиб қолади. Одамлар орасида, айниқса, раҳбарлар ичида ваҳима кўтарилиб кетади. Чунки махлуқлар энди раҳбарларниям саволга тутишаётганди-да.
Келгиндилар қўшни қишлоққа уй қуриб, жойлашиб олганлиги, ҳар бир одамни сўроқдан ўтказаётгани ҳақида миш-миш урчийди. Ваҳима, қўрқув шу даражага етадики, раҳбарлар тамоман довдираб қолади. Баъзилари жонига қасд қила бошлайди. Биргина Бозорбой негадир қўрқмас, ҳайиқмас, ҳатто келгиндилар унга бир қадар яқин бўлиб қолгандек эди. У фақат фарзанди туғилмаётганидан хавфсирарди.
Атрофига назар ташлаб фикр қилган Бозорбой энг тўғри хулосага келади: aгар инсон ўзини ўзи тергаб яшаса, ўзи берган саволларга жавоб беролса, келгиндилардан қўрқмаса ҳам бўлади. Берадиган саволларга жавоб бероладиган даражада тўғри яшаса, хотиржам бўла олади. Туғилажак фарзандлар ҳам хотиржам туғилади. Ўзи билан ўзи сўроқ-савол қилолмаган инсон бошқасининг саволидан юрак ёрилгудек даражада қўрқаверади. Туғилажак фарзанди ҳам қўрқоқлар ичига тушгиси йўқ. Тушгудек бўлса, тинч муҳитда, қўрқмас бўлиб туғилиши, умри давомида саволлар ила ўзини тафтиш қилиб яшашни ўрганиши лозим…















