Душман сўзини эшитганда ҳар кимнинг хаёлида ўзига зарар келтирувчи, қарама-қарши турувчи, ёқимсиз бўлган, доим пайт пойлаб юрадиган ўз душмани гавдаланади. Душманнинг ҳам турли бўлади. У аввало ички душман ва ташқи душманга ажралади. Ташқи душман сизга кўриниб туради. Ундан доим эҳтиёт бўлишга уринасиз. Ҳушёр юрасиз. Ҳаракатларига монанд ўзингизни ҳимоялашга уринасиз. Кўксингизга қадаган тиғи ҳам очиқ-ошкора.
Ички душманда-чи? Аслида кўпроқ қўрқишимиз лозим бўлгани ҳам ички душманимиз эмасми? Ички душманингиз ўзини ҳам, сизга нисбатан адоватини ҳам кўрсатмайди. Пичоқни-да ортдан, сездирмайгина уради. Пана-панада сизга тиш қайраётганини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз. Тасаввуфда, динда ички душман сифатида инсоннинг ўз нафси ҳам кўрсатилади.
Қорақалпоқ ёзувчиси Мурадбой Низанов ўзининг «Душман» номли романида душманликнинг ҳар турини қорақалпоқ халқи, хусусан, Қудайназар, талқинида кўрсатиб берган.
Сюжет:
Асарда уч авлод тақдири кўрсатилади: Отаназар, Отаназарнинг ўғли Қудайназар, Қудайназарнинг меросхўри Ирисназар. Отаназар даврида кўпроқ қорақалпоқ халқининг нисбатан тинч ҳаёти, овул одамларининг бир-бирига оқибати ҳақида ҳикоя қилинади.
Қудайназар даврида эса қизилларнинг босиб келиши, ҳаммани ёппасига камбағаллаштириш сиёсати, бойларнинг талон-торож қилиниши ва урушнинг бошланиши. Овулнинг бу оғир ҳолатида Қудайназар қандай тадбирлар қилганлиги, халқ дардига қанчалик малҳам бўлолганлиги, эл бошини бирлаштириб турганлиги асарда акс этган.
Ирисназар эса иккинчи жаҳон урушида қатнашади. 7 йил юртидан узоқда азоб чекади. Ўзини ўлимдан асраб қолган немис, аслида, партизан қизи бўлмиш Маргаритани овулга етаклаб келади. Маргарита мусулмонликни қабул қилиб, Марям исмини олади ва овулда рус тилидан мактабда дарс бера бошлайди.
Тез орада биладики, болалар рус тилидан ҳеч нарсани билишмайди. 9-синф ўқувчилар 1-синф биладиган нарсалардан ҳам бехабар. Ҳамма нарсани бошидан бошламоқчи бўлган Марям мактаб директори бўлган ва у келгунча рус тилидан болаларга таълим берган Жўлдас муаллимнинг тазйиқига учрайди.
Марямнинг қатъиятли қароридан қайтмаганини кўрган директор энди пасткашлик йўлига ўтади. Урушни келтириб чиқарган немис фашистларидан аламзада халқни қайрашга ўтади. Бутун овулга Марям немис миллатига мансублигини эълон қилиб, болаларни ҳам унга қарши қайрайди. Марям мактабга боролмай қолади. Ҳар ёқдан тазйиққа дуч келавергач кетиб қолади. Уни Ирисназар қайтариб олиб келади. Халққа немис миллатининг ҳаммаси ҳам ёмон эмаслигини, Марям эса немислардан узоқ манзилларда туғилиб ўсганлигини, ҳеч қандай душман эмаслигини тушунтиришга уринади.















