АҚШда дефолт хавфи: Байден «бутун дунё ҳалокат ёқасида» эканини айтмоқда
АҚШда дефолт (давлатнинг қарз мажбуриятларини бажара олмаслиги) 1 июндаёқ юз бериши мумкин. Айни пайтда АҚШдаги ташқи давлат қарзи 31 трлн доллардан ошган. Наҳотки ҳаммаси шу қадар жиддий бўлса?
Нима бўлди?
АҚШ дефолтга яқин — ҳокимият ҳеч бир мажбуриятини бажара олмай қолмоқда. Хусусан, бундай ҳолатда давлат қарзини сўндириш учун ҳам пул топилмай қолади.
Гап шундаки, 2023 йил январида Америка ҳукумати давлат қарзининг юқори чегарасига етиб келган. Бу лимитни ижроия ҳокимият тўсиқсиз қарзлар олавермаслиги учун 1917 йилдан буён Конгресс ўрнатади.
Хазиначилик бюджет харажатларини солиқ тушумлари ва ўз баланси қолдиқлари эвазига ёпади, апрел ойи охирида у 300 млрд долларни ташкил этган. Агар лимит кўтарилмаса, бюджетда пул тугаб қолиши мумкин.
Дефолт содир бўлиши мумкин бўлган «икс» кун — 1 июн. Буни АҚШ молия вазири Жанет Йеллен айтиб ўтган.
Ўзи АҚШ нима учун қарз олади?
Бюджет тақчиллигини ямаш учун: мамлакат ҳукумати 20 йилдирки солиқлар ва йиғимлардан тушган пулдан ортиқроқ харажат қилиб келмоқда. Сўнгги марта профицитли бюджет Америкада узоқ 2001 йилда бўлган. Ўшанда давлат қарзи «бор-йўғи» 5,8 триллион доллар эди. Унинг кейинги йилларда ўсиб бориши иқтисодиётга катта маблағлар ётқизилишини тақозо этган кризислар билан боғлиқ.
2008–09 йиллардаги жаҳон молиявий кризиси чоғида давлат қарзи ҳажми 30 фоизга ўсган, 2020-ковид йилида эса 19 фоизга. Хусусан, пандемия бошлангач ҳокимият ишсизлик бўйича кенгайтирилган нафақа тўлаш, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа рағбатлантирувчи омиллар учун 5 триллион доллар йўналтирган.
Номинал жиҳатдан АҚШ дунёдаги энг катта давлат қарзига эга. Лекин ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан солиштирилса, вазият у қадар драматик эмас: у ЯИМнинг 123,4 фоизини ташкил этади. Масалан, Япониянинг қарзлари ЯИМнинг 256 фоизига тенг.
Америка ҳукумати қандай қилиб ва кимлардан қарз олади?
Бунинг учун махсус қарз қоғозлари — хазиначилик облигациялари чиқарилади. Уларни хусусий шахслар, корпорациялар, инвестиция фондлари ва хорижий давлатлар (бу борада энг йирик харидорлар Япония ва Хитой) сотиб олишади. Облигацияларнинг катта қисмини Америка тартибга солувчиси — АҚШ Федерал захира қисми ўзида ушлайди.
АҚШ иқтисодиёти жаҳондаги энг қудратлиси, унинг қимматбаҳо қоғозлари ўта ишончли саналади ва облигацияларга талаб доимо юқори бўлган.
АҚШ дефолтга чап бера оладими?
Ҳа, давлат қарзи лимитини ошириб, кризисни четлаб ўтиш мумкин. Бунинг шарофати билан АҚШ яна қарз ололади.
Конгрессменлар лимитни ошириш бўйича музокаралар ўтказишмоқда. Бироқ ҳозирча самарасиз. Гап республикачиларнинг позициясида: улар давлат харажатлари кескин (йилига 4,8 трлн долларга) камайтирилишини, харажатларнинг ўсиш суръати йилига бир фоиз қилиб белгиланишини талаб қилишмоқда. Жо Байден бошлиқ демократлар эса ҳеч қандай дастлабки шартларсиз юқори чегарани оширишни истамоқда, бироқ буни Вакиллар палатасида кўпчилик овозга эга республикачилар розилигисиз амалга ошира олишмайди.
«Менга ҳамма «йигитлар, сизлар жиддий айтаяпсизларми?» деб қарамоқда. Ахир биз қарзимиз туфайли дефолт эълон қилсак, бутун дунё фалокат ёқасига келиб қолади-ку?» — деган музокаралар ҳақида Жо Байден.
Байден ҳақми, барчаси шу қадар жиддийми?
АҚШ иқтисодиёти миқёси ва долларнинг асосий захира валютаси статуси ҳисобга олинса, дефолт чиндан ҳам глобал кризис келтириб чиқариши мумкин. Моҳиятан, бутун жаҳон молия тизими АҚШ иқтисодиётининг мустаҳкамлиги ишончига қурилган: жаҳондаги захираларнинг қарийб 60 фоизи долларда сақланади. Дефолт юз берса иқтисодчилар барчаси алғов-далғов бўлиб кетишини айтишади.
«Бу [АҚШ дефолти] ҳалокатли комбинация бўлар эди. У илдиз отиб, бутун молиявий тизимни ишдан чиқаради ва пировард оқибатда глобал иқтисодиёт таназзулга учрашига олиб келади», — дейди Moodyʼs рейтинг агентлиги бош иқтисодчиси Марк Занди.
Доллар ва Америка қимматли қоғозлари инвесторлар ишончидан чиқади ва фонд индекслари қулашига сабаб бўлади. АҚШдаги ҳолдан тойиш бошқа муаммоли мамлакатларда қарз инқирозларини келтириб чиқаради, хомашё товарлари нархи тушиши, фоиз ставкалари ошиши, кредитлар қимматлашуви бутун жаҳон иқтисодиётининг тормозлашувига олиб келади.
Дефолт АҚШнинг ўзига қандай таъсир қилади?
Америка иқтисодиёти бундай сценарийда рецессиядан қочиб қутула олмайди, бу эса бошқа мамлакатлар иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказади. Дастлабки зарбаларга давлат харажатлари юқори бўлган соҳалар (масалан, мудофаа соҳаси), шунингдек, дефолтсиз ҳам оғир аҳволда бўлган суғурта компаниялари ва банклар дучор бўлади.
Оқ уй дефолт юз берганда АҚШ ялпи ички маҳсулоти 6,1 фоизга қулаши, ишсизлик 5 фоизга ошиши, 2023 йилнинг III чорагида фонд бозори 45 фоизга қулашини прогноз қилмоқда. Moodyʼs рейтинг агентлиги таҳлилчилари дефолт 2008 йилги молиявий инқироз каби оқибатларга эга бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ 4 фоиз ЯИМидан айрилади, 6 млн киши ишсиз қолади. Bloomberg иқтисодчилари фикрича, потенциал дефолт 2008 йилги кризисдан ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Дефолтгача икки ҳафта вақт қолдими?
Бу факт эмас. АҚШ молия вазири Жанет Йеллен томонидан эълон қилинган дедлайнга қарамасдан, дефолт айнан 1 июн куни рўй бермаслиги мумкин.
АҚШ ҳукумати ихтиёрида «қиёмат куни»ни кейинга суриш учун «фавқулодда чоралар» бор. Йелленнинг сўзларига кўра, уларнинг фавқулодда чоралар самараси июн ойи бошларига келиб тугайди. Вазир дефолт юз берадиган сана тахмин қилинаётганидан бир неча кун ҳаттоки ҳафта фарқ қилиши мумкинлигини тан олади.
Аввал лимит ҳеч оширилганми?
Ҳа. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён бу ишга 102 марта қўл уришган.
Кўп ҳолатларда Конгресс лимитни шунчаки ошириб бераверган, бироқ сўнгги йилларда лимитни оширишни ўтказиш тобора қийинлашиб бормоқда. Масалан, 2011 йилда республикачилар ва демократлар дедлайнга уч кун қолганда бир тўхтамга кела олишган. Давлат қарзини ошириш масаласи борган сари сиёсий савдо масаласига айланиб кетмоқда ва мухолифат ундан ўз мақсадларига етишиш йўлида фойдаланмоқда.
Демак, қўрқмаслик керакми?
Барибир давлат қарзи юқори чегараси бу сафар ҳам оширилса керак: потенциал дефолтнинг баҳоси АҚШнинг ўзи учун ҳам, жаҳон учун ҳам жуда юқори. Институционал инвесторлар дефолтга ишонишмаяпти: масалан, Janus Henderson бошқарув компанияси унинг эҳтимолини 1 фоиздан ҳам пастроқ баҳолаган.
Лекин бу ҳолатда, дефолт хавфи гарчи кичик бўлса ҳам, 2011 йилдагидан юқорироқ, — деб ҳисоблашмоқда Bloomberg Markets Live Pulse сервиси томонидан сўровга тутилган молия соҳаси мутахассисларининг 60 фоизи. «Электорат ва Конгресснинг қутблашуви ҳисобга олинса, риск аввалгидан юқорироқ. Ҳар икки томон шу қадар бошини буркаб олишганки, чоралар ўз вақтида қилинмаслиги риски ошиб бормоқда», — дея Invesco таҳлил компанияси эксперти Жейсон Блумдан иқтибос келтирмоқда Bloomberg.
Энг бўлмаганида Жо Байденнинг қўлида Конституцияга 14-тузатиш бор.
У нима билан ёрдам беради?
Англаш муҳимки, агар дефолт юз берган тақдирда ҳам у фақат техник бўлади — бу дегани мамлакатда пул бор, лекин уни тасарруф этиб бўлмаётганини билдиради. АҚШ давлат қарзининг хусусиятига кўра АҚШда тўлақонли дефолт юз бериши эҳтимоли жуда паст: моҳиятан давлатнинг ташқи қарзи ички қарздир, чунки хазиначилик облигациялари долларга сотиб олинади. Бунақа қарзларни узиш осонгина: энг бўлмай қолган тақдирда ҳукумат керакли миқдорда доллар чоп этиб, кредиторларга тарқатади. Албатта, бу инфляция сакрашига олиб келади, лекин кенг миқёсли фалокатнинг олдини олади.
Америка қарзини уза олишини барча билар экан, нега шовқин кўтарилмоқда?
Чунки бозор шундай ишлайди. Таҳлилчилар дефолт эҳтимоли 1 фоиз эканлигини айнан ҳозир баҳолашмоқда, бироқ дедлайн яқинлашгани сайин бу рақам ортиб бораверади.
Бундай вазиятда йирик инвесторлардан бири ҳар эҳтимолга қарши ўз активларини пуллай бошлайди, кимдир чайқовчиликни бошлаб юборади — натижада бозор бўҳронга дучор бўлиши мумкин.
Бу молиявий пирамидага ўхшаяпти. Нега ҳеч ким куни келиб АҚШ қарзларни қайтара олмай қолади, деб ўйламаяпти?
Чунки АҚШ — жаҳон молиявий тизимида уникал ўринга эга бўлган, жаҳоннинг энг қудратли иқтисодиёти, унинг облигациялари энг ишончли деб ҳисобланади.
Номинал ифодада давлат қарзи жуда даҳшатли кўринади, бироқ у АҚШ иқтисодиёти ўлчамига таққосланса, у қадар катта эмас. Уни бир вақтда узиш ҳам талаб этилмайди. Америка қарзларини уза олмаслиги ҳақида фақат бирор глобал фалокат рўй берганида ўйлаб қолиш мумкин — лекин бундан ҳеч ким манфаатдор эмас, чунки АҚШнинг кредиторлари сони жуда кўп.
АҚШ давлат қарзи сўнгги 20 йил ичида ўсиб бораётгани ҳам муҳим жиҳат. Бироқ уруш, иқтисодий кризислар билан боғлиқ бундай даврлардан сўнг тарихда унинг камайиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Американинг муаммоларига камроқ боғлиқ бўлиш учун пулни нимага тиккан маъқул?
Дефолт шароитида кризислар шароитида классик ҳимоя активи — олтиннинг қиймати ошиб кетиши мумкин.
Bloomberg Markets Live Pulse томонидан ўтказилган сўровга кўра, молия соҳаси мутахассиларининг ярмидан кўпи АҚШ ҳукумати ўз мажбуриятларини бажармаса, олтин сотиб олишларини айтишган. Freedom Finance Global таҳлилчиси Владимир Черновнинг прогнозига кўра, АҚШда дефолт содир бўлган тақдирда, олтиннинг нархи қисқа муддатда 10–15 фоизга ошиб кетиши мумкин.
Таҳлилчилар ажратиб кўрсатган бошқа активлар сирасига биткоин, япон иенаси ва Швейцария франки, шунингдек, АҚШнинг хазиначилик облигациялари ва яна ўша АҚШ доллари киради. Сўнгги икки вариант қисқа муддатли техник дефолт учун яроқли, чунки узоқ муддатли дефолт ҳар икки активнинг қийматини туширади. Аммо, юқорида қайд этилганидек, бунақа сценарийга таҳлилчиларнинг бирортаси ишонмайди.
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024