Киевга тунги зарба: «Кинжал» чиндан Patriot’ни йўқ қилдими?
Сешанбага ўтар кечаси Россиянинг Киевга турли ракеталар билан йўллаган зарбалари сўнгги вақтлардаги энг кучли ҳужуми бўлди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия ҳаводан, денгиздан ва қуруқликдан жами 18 ракета йўллагани, шунингдек Shahed-136 ва Shahed-131 дронлари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. Киев томон учирилган ракеталар қаторида «Калибр» қанотли ракеталари ва «Кинжал» гипертовушли ракеталар ҳам бўлган.
Ҳужум натижалари бўйича Украина ва Россия мудофаа вазирликлари берган маълумотлар бир-бирига зид келади.
Киевдагилар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳаводаги барча нишонларни, жумладан олтита Х-47М2 «Кинжал» русумли гипертовушли ракеталарни ҳам йўқ қилганини маълум қилди.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 8 май куни ҳам битта «Кинжал» тўхтатиб қолингани ҳақида хабар берганди. Ўшанда Киев мэри Виталий Кличко журналистларга ракета фрагментини намойиш этган, айрим экспертлар фикрича, бу чиндан ҳам «Кинжал»нинг жанговар каллаги бўлиши мумкин.
16 майга ўтар кечаси олтита «Кинжал» тўхтатиб қолингани тўғрисидаги маълумотни далиллар ёки бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлаб бўлмайди. РФ мудофаа вазирлиги баёнотида эса Россия томонидан камида битта «Кинжал» қўллангани тасдиқланган.
РФ мудофаа вазирлиги сешанба куни Россия қўшинлари «Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг жойлашув манзилларига, шунингдек, ўқ-дорилар, қуроллар ва ҳарбий техникалар сақланаётган нуқталарга» ҳаво ва денгиздан юқори аниқликдаги қуроллар билан зарбалар йўллаганини маълум қилди. Вазирликнинг тасдиқлашича, барча нишонларга аниқ зарба берилган, ракеталардан бири - «Кинжал» - гўёки Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига бориб теккан.
Шу куни кечқурун вазир Сергей Шойгунинг ўзи ҳам бу ҳақда гапириб чиқди. «Биз улар ўз баёнотларида гўёки уриб туширганини айтаётганичалик кўп «Кинжал»ларни учирганимиз йўқ», - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган РИА Новости.
Patriot батареяси ёки унинг бир қисми шикастлангани ҳақидаги маълумотни Американинг CNN телеканали манбаси тасдиқлаган, у бутун комплекс йўқ қилинмагани, катта эҳтимол билан унинг бир қисми шикастланганини айтган. У тафсилотларни келтирмаган, хусусан, шикастланиш ракета келиб урилиши оқибатида ёки унинг парчалари тушиши туфайли бўлгани маълум эмас.
Reuters ҳам Киевда россияликлар зарбаси туфайли Patriot тизими шикастлангани тўғрисида хабар тарқатди.
Бу агентлик америкалик мулозимлар орасидаги биратўла икки манбага таянган ҳолда хабар берган. Reuters манбаларидан бирига кўра, Вашингтон ва Киев аллақачон тизимни таъмирлашнинг энг яхши йўлини муҳокама қилмоқда ва айни вақтда тизимни Украинадан олиб чиқиш талаб этилмайдигандек кўринмоқда. Patriot’нинг ҳозирги ҳолати ҳақида яқин кунлар ичида аниқ маълумот пайдо бўлиши қўшимча қилинган.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат телемарафон эфирида «Кинжал» ракетаси Patriot тизимини йўқ қила олмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Patriot таркиб топган компонентлар бир-биридан маълум оралиқда жойлаштирилади, шу туфайли битта ракета бутун тизимни йўқ қила олмайди. Украина ҚК расмийси «Patriot тақдиридан хавотирланмасликка чақирган».
Кейинроқ CNN америкалик расмий шахсларга асосланган ҳолда, Patriot минимал даражада шикастлангани ва тизимни таъмирлаш учун жанг майдонидан олиб кетишга эҳтиёж сезилмаслиги ҳақида хабар тарқатди. Штатлар Украинага тизимни текшириш учун инспекторларни юборган, улар тизим ишчи ҳолатида экани, унинг энг муҳим таркибий қисмларидан бўлган радиолокациясига зарар етмагани ҳақида хулоса беришган.
Кузатув камераларида нималар муҳрланган?
Ижтимоий тармоқларда Киевга тунги зарбалар акс этган - ёки кузатув камераларига муҳрланган ёки мобил телефонлар орқали ёзиб олинган бир қанча видеолар пайдо бўлди. Уларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталари осмонга ўрлаётгани акс этган, аммо улар айнан қандай комплексдан учирилаётганини аниқ айтиш қийин.
Лекин бу ракеталар ерга тўғри бурчак ҳосил қилиб кўтарилмаётгани, шунингдек уларнинг миқдори ва учириш частотасидан келиб чиққан ҳолда бу Patriot комплекси ишлаётгани акс этган тасвирлар эканини тахмин қилиш мумкин, аммо учириш қурилмаси яқиндан кўринмаган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ихтиёрида NASAMS комплекслари, шунингдек советларнинг C-300 ва «Бук» тизимлари мавжуд. Улардан фақат С-300 ракетани юқорига вертикал (тик) йўналтиради.
Видеоёзувлардан бирида осмонга кўтарилган ракеталардан иккитаси учириш қурилмасига узоқ бўлмаган жойга қайтиб қулаганини кўриш мумкин. Кейинроқ интернетда шаҳар ҳудудида ерда ётган ракеталар акс этган суратлар пайдо бўлди - булар Patriot мажмуасининг PAC 3 оиласига мансуб ракеталарга ўхшаб кетади. Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, муваффақиятсиз учирилган иккита ракета ерга қулаб тушган.
Видеороликда кўплаб ракеталар ҳавога кўтарилган ҳудудда улкан чақнаш содир бўлгани ҳам акс этган. Бу чақнаш ортидан тутун кўтарилади. Аммо бунинг ўзи россияликлар ракетаси Patriot тизимига келиб урилганини тасдиқлай олмайди - комплекснинг ўзи кадрда кўринмаган, камера эса анча узоқ масофада жойлашган ва чақнаш айнан ракеталар учрилган нуқтада рўй берганини аниқ айтиб бўлмайди.
Ҳарбийларнинг баёнотларини қандай тасдиқлаш ёки рад этиш мумкин?
Исроиллик ҳарбий шарҳловчи Давид Шарп BBC рус хизматига берган интервюсида айтишича, америкаликлар, агар хоҳласа «Кинжал» ракеталари тутиб қолинганини тасдиқлаши мумкин - украинлар учириш назорати бўйича барча маълумотларни улар билан бўлишади.
Шу билан бирга, экспертнинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида ракетани қайтариш бўйича маълумотлар аниқлаштирилиши учун маълум вақт талаб этилади ва натижа бўйича баҳолар бироз ўзгариши мумкин.
У шунингдек, улкан чақнаш акс этган видеоёзувни ракета нишонга келиб текканига далил сифатида талқин қилиб бўлмаслигини айтган.
«Афтидан, портлаш рўй берган. Бир-икки портлаш. Аммо барибир текшириш ва аниқлаштириш керак - бу тепароқда бўлганми ёки ерда? Ракетага жуда яқин келганида зарба берилган бўлиши, парчалар портлаган бўлиши ёки яна бошқа яна нимадир бўлган бўлиши мумкин, аммо бундан [Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига] ракета келиб теккани ҳақида аниқ хулоса қилиб бўлмайди», деган Шарп.
Эксперт шунингдек назарий жиҳатдан тижорий сунъий йўлдош компаниялари Россия мудофаа вазирлиги баёнотини тасдиқлаши ёки рад этиши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, у бундай маълумот очиқланишига шубҳа билдирган.
Ўз навбатида, россиялик ҳарбийлар ҳам ўз сунъий йўлдошлари, радиотехника ёки бошқа разведка воситалари, жумладан жосуслик тармоғи орқали зарба натижалари ҳақида маълумот олиши мумкинлиги қайд этилган.
«Икки типдаги агентурадан фойдаланилиши мумкин - масалан икки километр масофадан туриб, зарбалар қаерга тушишини кузатиб турадиганлар бўлади, шунингдек, [зарба натижаларидан] хабардор бўлган тузилмаларга киритилган жосуслар ҳам бўлиши мумкин», деган у.
Шу билан бирга, экспертнинг қайд этишича, Россия мудофаа вазирлиги атайлаб ёлғон маълумот эълон қилиши ҳам мумкин. У муваффақиятсизликка учралган тақдирда, ҳарбийлар мамлакат сиёсий раҳбариятига «юқори кутган» маълумотни етказиши ҳам мумкинлигини истисно этмаган.
BBC корреспонденти Иля Абишев - зарба натижаларини қандай баҳолаш мумкинлиги ҳақида:
«Ракеталар ҳужуми муваффақиятли қайтарилгани тўғрисида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний шахсан маълум қилди. Бундай даражадаги фигуралар эпизодик ва локал ютуқлар бўйича баёнот бериши камдан кам юз беради. Эҳтимол, генерал Залужний ўзи етказишга қарор қилган маълумот чиндан ҳам унга жуда муҳим туюлган.
Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими муваффақиятини белгиловчи мезон Россия томонидан ракета зарбалари, айниқса қимматбаҳо «Кинжал» ва «Калибр»дан фойдаланиш маълум вақтга тўхтатилишига эришиш бўлиши мумкин.
Соғлом фикр шуни кўрсатадики, агар ҳужум натижаси нолга тенг бўлса, вазият ўзгарганини тушуниш ва Россия ҳарбий-саноат комплекси ишлаб чиқаришда қийинчиликларга дуч келаётган ўқ-дориларни исроф қилишдан сақланиш учун танаффус олиш керак бўлади.
Тахмин қилиш мумкинки, Россия армиясига амалда Американинг Patriot тизимига зарба бериш бўйича вазифа берилган - нафақат пропаганда мақсадида, балки ўз рақибининг жанговар имкониятларига баҳо бериш учун ҳам. Май ойи бошида «Кинжал» ёки унга жуда ўхшаш бўлган ракета уриб туширилгани билан боғлиқ муваффақиятсизликдан кейин Россия ҳаво космик кучлари ёппасига ракета зарбалари йўллаб, битта ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексини йўқ қилишга уриниб кўрган бўлиши мумкин.
Россия мудофаа вазирлиги баёнотлари ва тўлиқ тушунарли бўлмаган видеотасвирлар орқали бу ҳужум нақадар самарали бўлганини баҳолаб бўлмайди. Агар ўша видеодаги чақнаш - чиндан ҳам «Кинжал» нишонга текканини тасдиқлаган тақдирда ҳам, катта эҳтимол билан, гап фақат битта учириш қурилмаси йўқ қилингани ҳақида бораётган бўлиши мумкин, чунки Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ташкил этувчи жанговар бирликлар бир-бирига яқин жойлаштирилмайди».
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024