Ўзбекистон | 13:45 / 18.05.2023
12878
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни қисқартириш бўйича 4 та устувор йўналиши айтилди

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг Тошкентдаги форумда айтишича, ҳукумат қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қишлоқларда саноатни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва урбанизацияни қўллаб-қувватлашни камбағалликка қарши курашишдаги асосий йўналишлар сифатида белгилаб олган.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

18 май куни Тошкент шаҳрида камбағалликни қисқартириш бўйича иккинчи халқаро форум бошланди. Унда иқтисодчи олимлар, БМТ, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, UNICEF, Осиё тараққиёт банки, FTA, GIZ каби халқаро ташкилотлар экспертлари – жами 200дан зиёд делегатлар иштирок этяпти.

Форум очилишида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўзга чиқиб, ўтган даврда камбағалликни қисқартириш борасида эришилган натижалар ва ҳукуматнинг бу борадаги приоритетлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Ўзбекистонда камбағаллик даражаси муттасил равишда камайиб боряпти. Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизгача камайди. Қайси омиллар ҳисобига камайди? Иқтисодий ўсиш, жон бошига иқтисодий ўсиш 2017 йилдан бери барқарор давом этаётгани.

Иккинчидан, фаол ижтимоий сиёсат. Бугунги кунга келиб 2 млн одам ижтимоий нафақа оляпти. Бу камбағалликка қарши курашнинг самарали йўлидир. Бир томондан бюджетдан триллион-триллион маблағларни харажат қиляпмиз. Жон бошига иқтисодий ўсиш ва ижтимоий нафақаларни бериш орқали камбағаллик камайган бўлса, бу биринчи марта аёллар ўртасидаги камбағалликни қисқартиришга қаратилди. Яъни боласи борлигига қараб оналарга ижтимоий нафақа бериляпти. Албатта, яна бир масалани айтмоқчиманки, ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан камбағалликни қисқартиришга эриша олмаймиз”, – деди у.

Бош вазир ўринбосари ҳукуматнинг камбағалликка қарши курашдаги асосий йўналишларини санаб ўтди.

“Жаҳон банки билан биргаликда ҳамкорлигимиз дастурига қарасангиз, унинг энг катта йўналиши инсон капиталини ривожлантириш ҳисобланади.

[Бизга] қайси йўналишларни белгилаб олгансизлар, деб савол беришяпти. Биринчи ўринда, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш. Биринчи марта, президентимиз ташаббуси билан биз ер майдонларини одамларга 30 йиллик ижарага беряпмиз.

Иккинчиси, қишлоқ ҳудудларида саноатни ривожлантириш, учинчиси инфраструктурани ривожлантириш – бир жойдан иккинчи жойга товарларни етказиб беришни тезлаштириш, одамларнинг мобиллигини ошириш учун ҳаракат қилиш. Шу билан бирга, одамларни ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш, бунда яшил технологиялардан кенг фойдаланиш.

Тўртинчидан, урбанизация жараёни. Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси 50 фоизни ташкил қилади, бу катта кўрсаткич. 50 фоизлик урбанизация даражаси билан камбағалликни қандай барқарор равишда камайтирчимоқчисиз деган савол берилиши мумкин. Шу сабабли урбанизация энг муҳим йўналишлардан бири”, – деди Жамшид Қўчқоров.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Маълумот учун, ушбу форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, халқаро форумнинг мақсади – камбағалликка қарши курашиш бўйича илғор жаҳон тажрибаси ва усулларини ўрганиш, яқин йилларда кўп ўлчовли камбағалликка барҳам беришда мувофиқлашган комплекс ёндашув, ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдамга алоҳида эътибор қаратган ҳолда амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларини шакллантириш, инсон капиталини такомиллаштириш орқали меҳнат бозорида ўқитиш дастурлари сифатини ошириш, кичик корхоналарнинг ўсишини қўллаб-қувватлаш, юқори сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлади.

Мавзуга оид