Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Парламентга сайлов тизими ўзгармоқда. Бу нимани англатади?
Ва ниҳоят, Ўзбекистонда депутатларни сайлаш шакли ўзгариши кутиляпти. Президент таклифига кўра, Қонунчилик палатасига бўладиган сайловлар ҳам мажоритар, ҳам пропорционал – аралаш тизимда ўтади. Хўш, бу нима дегани?
Шахсан мен, сиёсатшунос сифатида, жуда кўп йиллардан буён парламентга бўладиган сайловларни аралаш ёки пропорционал тизимга ўтказиш фойдали эканини айтиб келаман.
Ҳозирги сайлов тизими – мажоритар. Қонунчилик палатасида 150 та депутатлик ўрни бор. Мажоритар сайлов тизимига кўра, сайлов куни сайлов участкасига келган сайловчи Эшматовга ёки Тошматовга овоз беради.
Яъни, мажоритар тизимда, сайловчилар рўйхатдан ўтган аниқ шахсларга овоз беради. Қайси номзод сайловнинг биринчи туридаёқ 50 фоиздан кўпроқ овоз олса, депутат бўлади. Ҳеч ким 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаса, икки ҳафтадан кейин, энг кўп овоз олган икки номзод иштирокида сайловлар бўлади, 2-турда ким кўпроқ овоз олса, депутатлик креслоси уники бўлади.
Энди шу тизимга пропорционал тизимни ҳам қўшиб, аралаш сайлов тизимига ўтиш таклиф қилиняпти. Яъни 150 депутатдан ярми аввалгидек тўғридан тўғри равишда (сайловчилар унга овоз беради), қолган ярми эса партия рўйхатлари асосида сайланади (сайловчилар партияга овоз беради).
Пропорционал тизим, ёки партия рўйхатлари тизими қанақа бўлади? Бунда, Қонунчилик палатасидаги ўринлар сони 150 та эканидан келиб чиқиб, ҳар бир партия Марказий сайлов комиссиясига 75 кишидан иборат (150 депутатнинг ярми – 75 ўрин) рўйхат беради.
Сайловчилар участкага келганда, пропорционал шаклда овоз беришда Эшматов ёки Тошматов деган аниқ шахсларга овоз бера олмайди. Сайлов бюллетенларида партияларнинг номи ёзилган бўлади. Сайлов куни, қайси партия сайловчиларнинг кўп овозини олса, ўша партия, пропорционал равишда, парламентдан ўрин олади.
Мисол учун, Халқ демократик партияси сайловчиларнинг 20 фоиз овозини олди. Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилинган 75 кишилик рўйхатдан, юқорида турган 20 фоизи депутат бўлади, яъни 15 киши. Шу тариқа, партиялар неча фоиз овоз олса, рўйхатидаги номзодларининг шунча кўпини парламентга кирита олади.
Пропорционал тизимнинг кучли томони – бу партияларни кучайишга мажбур қилади. Чунки партияларнинг ғояси, образи, мафкураси, дастури, кўтарган муаммолари қанчалик халқчил ва тушунарли бўлса, шунча кўп овоз олади.
Мажоритар тизимда партияларнинг ресурслари, ундаги аъзоларнинг шахсий имкониятлари кўпроқ ҳал қилувчи рол ўйнаса, пропорционал тизимда – партиялар одамлар онгида имкон қадар самимий ва тушунарли образга эга бўлишлари керак.
Президент таклифига кўра, 150 депутатдан ярми мажоритар, ярми пропорционал тизимга ўтади. Лекин ҳали бу борада қонунчилик ўзгаргани йўқ. Ишлар кетяпти. Бу таклифлар Сайлов кодексига киргандагина, ҳуқуқий кучга эга бўлади.
Нима учун партиялар ва парламент кучайиши керак. Глобаллашган дунёда жамиятларни бошқариш, инсонларни куч ишлатмасдан, ишонтириш орқали йўналтириш – жуда қийин сиёсий ва ҳуқуқий масала бўлиб бормоқда. Парламентлар эса, давлатнинг ва миллатнинг тафаккур маркази ҳисобланади.
Парламентлар юқори легитимликка эга бўлмас экан, жамиятдаги ишонч тармоқлари парламентдан ташқарида оқиб ўтадиган бўлади. Бу эса, давлатни заифлаштиради.
Парламентлар – бу ғоялар, лойиҳалар, манфаатлар, мафкуралар, қарашлар тўқнашадиган жой. Айнан парламент ғоявий тўқнашувлар жойи бўлиши керак. Парламентлар шу қадар эркин, жонли ва ҳаётий бўлиши керакки, жамиятдаги барча эҳтиросларнинг маркази ҳам айнан парламент бўлиши керак.
Шунинг учун ҳам баъзи демократик давлатлар парламентларида, ҳаттоки маош олиб ишлайдиган “ажратувчилар” бор. Улар урушиб қолган депутатларни ажратиб қўйишлари керак бўлади. Ёки, баъзи парламентларнинг мажлислар залларида, атайлаб тўрт томондан эшиклар қилинган. Мақсад – урушиб қолган депутатлар битта эшикка қадалиб, яна урушиб кетмаслиги учун.
Ўзбекистонда яқинда конституциявий ислоҳот бўлди. Шу нарса аниқки, мамлакатга кучли ва салоҳиятли парламент керак. Янги, аралаш сайлов тизими – Ўзбекистонда жамият ишончини ўзида мужассам қилиш қобилиятига эга кучли парламент шакллантириши лозим.
Акс ҳолда, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч тармоқлари, яна заиф даражада қолиб кетиши мумкин.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
17:55 / 09.06.2026
«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади
19:30 / 20.05.2026
Украина ва Эрондаги урушлар: ўхшашлик ва тафовутлар
11:57 / 17.05.2026
Оқбўйрадаги портлаш юзасидан Қонунчилик палатаси депутати вазирликка сўров жўнатди
16:37 / 17.04.2026