Ўзбекистоннинг ташқи савдоси: Хитойга боғлиқлик ортмоқда, олтин ва газ экспорти кўпайган
2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 19,6 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши 17 фоиз. Биргина апрел ойида 650 млн долларлик олтин, қарийб 90 млн доллар қийматидаги газ экспорт қилинган. Хусусан, Хитойга газ етказиб бериш қайта тикланган.
Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-апрел ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 19,6 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 7,7 млрд долларни, импорт ҳажми эса 11,9 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 6,2 фоизга, импорт ҳажми 18,6 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 4,2 млрд долларга етган.
Ташқи савдода Хитойга боғлиқлик кучаймоқда
Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, апрел ойида икки давлат ўртасида қарийб 970 млн долларлик ТСА кузатилган. Йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 3,3 млрд долларга етган.
Ҳисобот даврида ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси ХХР (17 фоиз), Россия (15,1 фоиз), Қозоғистон (7,7 фоиз), Туркия (5,4 фоиз), Корея (4,1 фоиз), Германия (4 фоиз) ва Қирғизистон (1,7 фоиз) билан қайд этилган.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
Олтинсиз экспорт ҳажми қисқармоқда
Апрел ойида асосий савдо ҳамкорларимиз: Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркияга экспорт ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг эътибор қаратишича, олтинсиз экспорт миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга қисқарган.
“Асосий савдо ҳамкор давлатларимиз, хусусан, Қозоғистон ҳамда Россияга экспортнинг қисқаришини мос даврдаги жуда юқори ўсиш қисман тушунтириб беради (юқори база). Аммо Россияга экспортнинг қисқариши март ойидаёқ бошланиб бўлганди (бу эса сигнал бўлиши мумкин).
Туркия ва Хитойга экспортнинг қисқариши олдинги ойлардаги каби давом этмоқда. Хитойда иқтисодий фаолликнинг тикланишига қарамасдан экспорт жиддий даражада қисқариб бормоқда. Хусусан, ўтган йилнинг июл ойидан буён фақатгина сентябрда Хитойга экспорт ўсган бўлса, бошқа барча ойларда қисқарган. Жумладан апрел ойида Хитойга экспорт 25 фоизга камайган. Бу давлатдан импортимиз эса апрел ойида 18 фоизга ўсган.
Туркияда экспанцион сиёсатнинг давом этиши сабаб бу давлатга экспортимиз кетма-кет 7 ойдан буён қисқармоқда. Туркиядан импортимиз эса бу даврда фақатгина апрел ойида 22 фоизга қисқарган бўлиб, қолган барча ойларда нормал даражада ўсган”.
Миркомил Холбоевнинг хулоса қилишича, жорий йилда Ўзбекистон экспорти ўсишининг асосий умиди олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолишидан бўлади. Чунки келаётган ойларда ҳам асосий ҳамкор давлатлар билан савдо ҳажмининг юқори ўсиши бўйича кутилмалар оптимистик эмас.
Россия ва Қозоғистон йўналишида экспортнинг қисқариши Ғарб санкциялари билан боғлиқ бўлиши мумкин
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, Россия ва Қозоғистонга экспорт ҳажмининг қисқаришига АҚШ ва Европа Иттифоқи вакилларининг огоҳлантиришлари таъсир ўтказган бўлиши мумкин.
“Менинг назаримда, якуний хулосалар чиқаришга шошмай туриш керак. Сабаби экспортнинг қисқариши (айниқса Россия ва Қозоғистон йўналишида) санкцион товарларнинг реэкспорти ҳисобига рўй бераётган бўлиши мумкин. Бунга импортнинг ўсиш суръати пасайгани, Ўзбекистонда умуман ишлаб чиқарилмайдиган қатор товар гуруҳлари экспорти, масалан генераторлар ва машина ускуналари экспорти камайганидан ҳам ишора олса бўлади. Яъни яхши гумон шуки, Россияга Кремлнинг "параллел импорт" сиёсати доирасида санкцион товарлар экспорти тўхтаган бўлиши мумкин. Апрелда АҚШ ва Европа Иттифоқи вакилларининг бу тўғридаги огоҳлантиришларини эсланг, санкцияга тушган, Ўзбекистонда жон сақлаётган олигарх ва унинг активларига қўйилган санкцияларни эса эслатиб ўтиш шарт эмас. Қолаверса, Европанинг 11-санкцион пакетида санкцияга тушадиган субъектлар рўйхатида Ўзбекистондан бўлган корхоналар ва шахслар ҳақида сиздиргилар ҳам рол ўйнагани табиий.
Лекин анъанавий экспорт товарларимиз мева-сабзавот (ҳажмда), йигирилган ип ва матолар, рангли металлар, ўғитлар экспорти камая бошлагани ростанам хавотирли”, дейди иқтисодчи.
Олтин экспорти
Жорий йилнинг январ-апрел ойларида 3 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 40 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 3 фоизга кўпайган.
Жаҳон бозорида олтин нархлари қимматлашиши фонида Ўзбекистон Марказий банки январ-апрел ойлари давомида катта миқдорда қимматбаҳо металл экспортини амалга оширган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.
Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти
Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистон 153 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 2,4 баробарга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 54,9 фоизга ёки 118 млн долларгача қисқарган. Бироқ апрел ойида 90 млн доллардан кўпроқ қийматда газ экспорти амалга оширилган.
“Хитой статистикасига кўра, апрел ойида Ўзбекистондан 40,5 млн доллар газ импорт қилинган. Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти охирги марта ўтган йили декабрда рўй берганди.
Ўзбек статистикасига кўра, апрел ойида жами 90 млн доллар атрофида газ экспорти амалга оширилган. Газ экспорти географияси давлатлар қирқимида очиқланмаган. Узоқ йиллик шартномаларга кўра, Ўзбекистон Хитойдан ташқари Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам газ экспортини амалга ошириб келади”, дея ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.
Шунингдек, 2023 йилнинг январ-апрел ойларида 54,7 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,8 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида 48,6 млн долларлик электр токи сотиб олинган ва 33,4 миллион доллар қийматидаги электр энергияси экспорт қилинган.
Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 89 фоизга ошиб, 64,4 млн долларни, импорти эса 45,9 фоизга кўпайиб 621,7 млн долларни ташкил қилган.
Мавзуга оид
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
11:07 / 07.11.2024
Тадбиркорларга газ бўйича ҳисобланган асоссиз 3,7 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
11:50 / 01.11.2024