Иқтисодиёт | 21:40 / 25.05.2023
42519
5 дақиқада ўқилади

Америка компанияси GTL заводига 1 млрд доллар инвестиция киритади

Uzbekistan GTL заводининг учта ускунаси АҚШнинг Air Products компаниясига сотилмоқда. Бу орқали заводнинг самарадорлиги ошиши, маҳсулот таннархи тушиши ва зарарли чиқиндилар камайиши кўзда тутилган. Шартнома қиймати ускуналарни қуришга кетган харажатларни тўлиқ қоплаши, битим GTL лойиҳасининг халқаро кредиторлари билан келишилгани маълум қилинди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

25 май куни Ўзбекистон ҳукумати, АҚШнинг Air Products компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди.

Шартномага ҳукумат номидан имзо қўйган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, келишувга асосан Air Products компанияси Қашқадарё вилоятидаги табиий газни қайта ишлаш қурилмасини ривожлантиришга 1 млрд доллар инвестиция киритади.

Ғузор туманида жойлашган, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи “Uzbekistan GTL” заводи 2021 йил 25 декабр куни ишга туширилган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, табиий газни қайта ишлаш саноат мажмуаси бу заводнинг ажралмас қисми бўлиб, йилига 1,5 млн тонна юқори қўшимча қийматга эга синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради ва келажакда ички истеъмол ва экспортга йўналтиради.

“Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради”, – деган Air Products директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем.

Битим имзолаш маросимида айтилишича, Air Products тажрибасидан GTL заводида фойдаланиш орқали “самарадорлик оширилади, маҳсулот таннархи пасайтирилади ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади”.

Air Products раҳбари Сейфи Гасем / Фото: ИССВ матбуот хизмати

ИССВнинг расмий ахборотида келишув тафсилотларига етарлича аниқлик киритилмаган. Air Products'нинг расмий релизидан маълум бўлишича, гап заводнинг бир қисмини – табиий газни синтетик газга айлантириш комплексини сотиш ҳақида кетяпти.

“Харид қилиш тўғрисидаги битимга биноан, компания Uzbekistan GTL комплексидаги табиий газни синтетик газга қайта ишлайдиган учта йирик объектга эгалик қилади ва уларнинг эксплуатациясини амалга оширади. Компания “Ўзбекнефтгаз” АЖга кислород, азот, водород ва синтез-газ каби маҳсулотларни етказиб беради. Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ табиий газ етказиб беради ва коммунал хизматларни кўрсатади ҳамда барча ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш билан шуғулланади”, – дея келишувнинг айрим тафсилотларини очиқлаган харидор компания.

Фото: ИССВ матбуот хизмати

Шартлари етарлича очиқланмаган битим юзасидан жамоатчилик фаолларида айрим саволлар юзага келгач, “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати қўшимча маълумот тақдим этди.

“Биринчидан, “Uzbekistan GTL” лойиҳасининг умумий қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этиб, Air Products компанияси билан тузилган битим доирасида GTL заводининг фақат учта (Ҳавони ажратиш ускунаси, Водород ва Синтетик газ ишлаб чиқариш) ускуналарини сотиб олиш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Иккинчидан, “Air Products" компанияси билан тузилган шартнома қиймати лойиҳа доирасида ускуналарнинг қурилиши учун сарфланган маблағлар суммасидан ва баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган ускуналарнинг бозор қийматидан юқори эканини маълум қиламиз.

Учинчидан, битимнинг амалга оширилиши амалдаги қонунчилик талаблари ва евробонд проспектининг шартларидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, GTL лойиҳасининг кредиторлари (халқаро молия ташкилотлари ва хорижий банклар) билан келишилганидан сўнг расмийлаштирилди”, – дейилади GTL заводига эгалик қилувчи “Ўзбекнефтгаз” баёнотида.

Air Products ҳақида

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Air Products директорлар кенгаши раиси Сейфи Гасем 
Фото: ИССВ матбуот хизмати

Компания ахборотида келтирилишича, Air Products – саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компания бўлиб, ўз фаолиятини 80 йилдан кўпроқ вақт мобайнида амалга ошириб келмоқда. Компания асосий саноат газлари, тегишли асбоб-ускуналар ҳамда нефтни қайта ишлаш, кимё, металлургия, электроника, қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати каби тармоқларда фаолият юритадиган ўнлаб мижозлар учун ечимларни етказиб беради.

Шунингдек, компания дунёда саноат гази ва углеродни ушлаб қолиш соҳаларида амалга оширилаётган айрим энг йирик лойиҳаларни ишлаб чиқаради, қуради, эгалик қилади ва бошқаради. Улар доирасида компания глобал транспорт ва саноат бозорлари ҳамда тоза энергияга ўтиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламли лойиҳалар учун дунё миқёсида тоза водород етказиб беради.

Бундан ташқари, Air Products суюлтирилган газ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган технология ва асбоб-ускуналар таъминоти бўйича дунёдаги етакчи компания ҳисобланиб, дунё бўйлаб турбомашиналар, мембранали тизимлар ҳамда криоген контейнерларни етказиб беради.

“Ўзбекнефтгаз” релизида эса Air Products оммавий компания экани, дунёнинг 50 дан зиёд давлатида 750 дан ортиқ ишлаб чиқариш майдонларида фаолиятини йўлга қўйгани таъкидланган.

Мавзуга оид