Жаҳон | 21:53 / 25.05.2023
42494
11 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг ғалаба учун имконияти ошди. Ўған нега бундай танлов қилди?

Миллатчилар номзоди, сайловларнинг биринчи турида учинчи ўринни эгаллаган Синан Ўған МГИМОда диссертация ёқлаган ва бунгача доим амалдаги президентга қарши бўлган.

Фото: Adem Altan / AFP / Scanpix / LETA

Туркияда 14 май куни президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Бюллетенлар тўлиқ ҳисоб-китоб чиқилганидан кейин мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 49,35 фоиз овоз олгани маълум бўлди — бу эса кураш иккинчи турга ўтишини талаб этарди. Бу босқичда унга мухолифатчилар номзоди, биринчи турда 45 фоиз сайловчилар томонидан қўлланган Камол Қиличдорўғли ягона рақиб бўлади. 28 май куни бўлиб ўтадиган такроран овоз бериш жараёни якунларига «ОТА иттифоқи» партия блокидан номзод сифатида кўрсатилган, 5,22 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллаган Синан Ўған таъсир кўрсатиши мумкин: у аллақачон ўз тарафдорларини Эрдўған учун овоз беришга чақирди. Лекин Ўған бутун сиёсий фаолияти мобайнида амалдаги президентга қарши чиқиб келганди. «Медуза» Синан Ўған кимлиги ва у нима учун Эрдўғанни қўллашга қарор қилганини кўриб чиқди.

Синан Ўған Россияда ўқиган, Туркияга қайтганидан кейин миллатчилар партиясига қўшилган (кейинроқ уни партиядан ҳайдашган)

55 ёшда бўлган Ўған Туркиянинг энг қадимий таълим даргоҳларидан бири бўлмиш Мармара Университетининг Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви факултетини тамомлаган. Келиб чиқишига кўра озарбойжон бўлган Ўған Мармарада ўқиб чиққанидан кейин Бокуга йўл олган, бу ерда Озарбойжон Давлат иқтисодиёт университетида декан муовини бўлиб ишлаган ва шу билан бир вақтнинг ўзида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш вакили эди — бу Туркия вице-президенти департаментининг ривожланаётган мамлакатларга иқтисодий, маданий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган бўлимидир.

Ўған Туркияга 2000 йилда қайтиб келади — Евросиё стратегик тадқиқотлар марказининг Россия ва Украина бўйича бўлимини бошқариш учун. 2004 йилда бўлажак сиёсатчи Türksam номли Халқаро муносабатлар ва стратегик таҳлил марказига асос солади — марказ раҳбари эканида у ҳар йили Владимир Путин, Сергей Лавров ва россиялик бошқа сиёсатчилар чиқиш қиладиган «Валдай» муҳокама клуби йиғилишларида бир неча бор қатнашган. 2009 йилда Ўған Россиянинг Москва давлат халқаро муносабатлар институтида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Яна икки йил ўтиб Ўғаннинг сиёсий фаолияти бошланади — у ўзи туғилган шаҳар Игдирдан Миллатчилик ҳаракати партияси (МНР) номзоди сифатида Туркия парламентига депутат этиб сайланади. 1970-йилларда бу партия тарафдорлари радикал антикоммунистик ва антисовет ғояларига амал қилган, 1990-йиллардан курд айирмачиларига қарши тура бошлаган. Ҳозирга келиб МНР Туркиядаги сиёсий тизимда ўта ўнг қанотни ифодалайди ва «онгсиз» миграциянинг олдини олиш, қочқинларни депортация қилиш, шунингдек терроризмга қарши курашни кучайтириб, «хавфсиз муҳит» яратиш тарафдори ҳисобланади. Шунингдек, МНР арманлар геноцидини қатъиян инкор этади, ўша пайтдаги ҳукумат ҳаракатларини «мамлакат хавфсизлигини кафолатлаш учун зарур бўлган кўчириш» деб атайди.

Ўған 2015 йилгача, партия раҳбари Давлет Боғчали Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сиёсатини қўллай бошлагунига қадар МНР позициясига тўлиқ қўшиларди (2003 йилдан буён мамлакатни бош вазир сифатида бошқарган Эрдўған 2014 йилда президентга айланганди. Ўған МНР партиясининг Боғчалининг Эрдўған билан яқинлашувига қарши кайфиятда бўлган бошқа бир қанча аъзолари билан бирга партия ичида мухолифат ташкил этади ва партиянинг уставини қайта кўриб чиқиб, Боғчалини четлатишни талаб қила бошлайди. Ишга суд аралашади ва мухолифатчиларнинг икки талабини ҳам рад этади.
Ўғаннинг ўзи МНР дан четлатилади — «партияга қарши фаолияти» учун, аммо у бу қарордан шикоят қилиб судга мурожаат қилади. Якунда, 2017 йилга келиб сиёсатчи барибир партияни тарк этади — ва шу вақтга қадар бирор партияга аъзо бўлмаган.

Ўған ўз қарашларини ўзгартирмаган ва миллатчилик ғояларидан воз кечмаган. У Туркияни бошқарувнинг парламентар шаклига қайтариш (2017 йилда Эрдўған ташаббуси билан мамлакат президентлик республикасига айланганди) ва янада қатъийроқ миграция сиёсати олиб бориш тарафдори, шунингдек Суриядаги ҳарбий можарога фаолроқ аралашишга чақиради.

Эрдўғаннинг танқидчиси эканига қарамай, Ўған ўз сайловчиларини айнан унга овоз беришга чақирди — юқори лавозим олиш учун

2023 йил мартида Ўған ўз номзодини «ОТА иттифоқи» партиялар блокидан президентлик сайловига илгари суришини эълон қилганди — бу блок Zafer, Adalet, Ulkem ва Turkiye Ittifaki партияларидан таркиб топган ва улар ҳам миллатчилик позициясига риоя қилади. 

Сиёсатчи ўзининг сайловолди дастурида президент ваколати чекланишини исташини билдирган. Ўған ёшларни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилиб, «Репрессив менталитет билан янги Туркияни қуриб бўлмаслиги»ни билдирган: 

«Ёшларимиз нафас ололмайди, аёлларимиз ўзини қулай ҳис қилолмайди. Бир томонда турк аёллари ҳуқуқларини доимий тарзда чеклашга ҳаракат қилаётган омма, бошқа томонда — турк аёлларининг кўчада эркин юришига тўсқинлик қилаётган 13 миллионга яқин киши бор».

Ўған Сурия ва Афғонистондан келган қочқинларни «ўз мамлакатларига қайтариш» ва «террорчилар»ни агрессивлик билан таъқиб қилишга ваъда берган — у курдларни шундай атаган. Сиёсатчи қочқинлар «мамлакат яхлитлигига таҳдид солиши мумкинлиги», айрим ҳудудларда «уларнинг сони турк фуқароларидан кўпроқлиги»ни таъкидлаган.

Қонунга кўра у ўзининг президентликка номзодини қўллаб-қувватловчиларнинг 100 минг имзосини йиғиши талаб этиларди — у бунга эришади. Аммо сайловдаги натижаси билан Эрдўған ва Камол Қиличдорўғлининг яқинига ҳам кела олмади. 2023 йилги президентлик сайловларида Ўған 5,22 фоиз овоз олди. 

Биринчи тур якунланиши биланоқ икки фаворит Ўған билан учрашув белгилашди — унга овоз берган 2,8 миллион сайловчининг қўллаб-қувватловига эга бўлишни таъминлаш учун. Шу туфайли ОАВ Ўғанни «кингмейкер», яъни сайлов якунини белгилаб берувчи шахс деб ҳам атай бошлади.

Сайловнинг биринчи туридан кейин дарҳол ўтказилган матбуот анжуманида Ўған Эрдўған ва Қиличдорўғлидан бирини танлашини, бунда «уларнинг миллий позицияси ва лаёқати»дан келиб чиқишини айтганди. «Уларнинг террорчилар билан алоқаси бор-йўқлиги ва ёрдам сўраб мурожаат қилган-қилмаганини аниқлаймиз. Соғлом фикрга асосланиб қарор қабул қиламиз. Соғлом фикр бизга жаннатни ваъда қила олмаслигимизни айтади, аммо дўзах эшикларини ёпиш пайти келди», — дея аниқлик киритган Ўған.

У шунингдек, агар Қиличдорўғли курдларнинг Халқлар демократик партияси (HDP) билан алоқаларини рад этса, унинг номзодини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини қўшимча қилганди. Айнан курдлар яшовчи провинцияларда кўпчилик Қиличдорўғлига овоз берганди, қолаверса, унинг ўзи ҳам диний озчиликни ташкил этувчи алавийларга мансуб ҳисобланади. Қиличдорўғли билан учрашувдан кейин Ўған ўзини қизиқтирган саволларига «жавоблар олгани»ни айтган, аммо нимани назарда тутганини аниқлаштирмаганди. Шу куннинг ўзида у Эрдўған билан ҳам учрашди, кўп ўтмай ҳукуматпараст Hürriyet нашри ўз манбасига асосланган ҳолда Ўған 22 май куни Эрдўғанни қўллаши ҳақида эълон қилишини ёзди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. 

Аммо Ўғаннинг қарорига фақатгина Қиличдорўғлининг курдлар билан алоқалари таъсир қилмаган — Эрдўғанда ҳам бундай алоқалар бор, Ўған уни шунинг учун ҳам танқид қилиб келган. Ўған амалдаги президентни қўллашга қарор қилганига унга бўлажак ҳукуматдан лавозим кафолатлангани таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Унинг ўзи The New York Times нашрига берган интервюсида биринчи турдан кейин Эрдўған билан учрашувида қочқинларни депортация қилиш режаси, шунингдек ўзи эгаллашни истаётган вице-президентлик лавозимини муҳокама қилганини айтганди. Эрдўған унга муайян бир ваъда бергани аниқ эмас. Қайд этиш керакки, Туркиянинг амалдаги президенти мамлакатдаги қочқинлардан Евроиттифоққа босим қилишда фойдаланар, мунтазам равишда уларни Европага ўтказиб юбориш билан таҳдид қиларди.

22 май куни «ОТА иттифоқи» тарқалгани ҳақида эълон қилди, чунки унинг барча аъзолари ҳам Ўған амалдаги президент фойдасига қарор қабул қилишига рози бўлмаган. Истанбуллик журналист Орзу Ғайбуллаева «Медуза» билан суҳбатда биринчи турда Ўғанга овоз берганлар иккинчи турда ҳам сайлов участкаларига келишига шубҳа билдирган. Унинг фикрича, улар ўз овозларини Ўғанни қўллаб-қувватлагани учун эмас, балки Эрдўған ва Қиличдорўғлидан норозиликни ифодалаш учун беришган. Туркия нашрлари ҳам бу фикрга қўшилади: улар ҳам сайловдан уч кун олдин ўз номзодини қайтариб олган Муҳаррам Инженинг электоратининг бир қисми Ўған томонига ўтганини қайд этишган. «Фикримча, Ўған электоратнинг беш фоиз қисмини қандайдир бирлаштиргани ҳақида гапириш нотўғри», — дея қайд этган журналист.

Шунга қарамай, Орзу Ғайбуллаева Ўғаннинг қўлловисиз ҳам Эрдўғанда иккинчи турда ғолиб чиқиш учун анча юқори бўлган, аммо натижалар ҳамон ҳайрон қолдириши мумкин деб ҳисоблайди:

«Биринчи турда Эрдўған ва Қиличдорўғли орасидаги фарқ атиги 2,5 миллион овозни ташкил этди, сайловларда эса тахминан 6,5–7 миллион туркиялик қатнашмади. Шунинг учун, агар [Қиличдорўғли бошчилигидаги] мухолифат коалицияси биринчи турда сайлов участкаларига келмаганларни ва Ўғанга овоз берганларни ўзига оғдира олса, бизни сюрприз кутаётган бўлиши ҳам мумкин.

Аммо мен биринчи турда кузатилган катта энергияни кутмаяпман. Мухолифатдаги коалиция учун овоз берганларнинг кўпчилиги шунчаки шокка тушди — айниқса Халқ алянси парламентда [президентлик сайловлари билан бир кунда ўтган сайловда] кўпчилик ўринни олгани учун. Бу шуни англатадики, биринчидан, мухолифат коалицияси электоратни тўғри таҳлил қилмаган, иккинчидан, бутун Туркия борган сари миллатчи бўлиб бормоқда».

Мавзуга оид