Жаҳон | 19:48 / 29.05.2023
32168
5 дақиқада ўқилади

Чорак аср бошқарувда. Эрдўғаннинг сайловдаги навбатдаги ғалабаси қандай рўй берди?

Туркияни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Ражаб Тоййиб Эрдўған навбатдаги сайловларда ҳам катта қийинчиликсиз ғалаба қозонди ва яна беш йил давомида мамлакатни бошқариш ҳуқуқига эга бўлди - унинг бошқаруви даврида Туркия янада бойиди ва халқаро майдондаги нуфузини оширди, аммо мамлакат ичкарисида дунёвийлик ва эркинлик камайди.

Фото: Getty Images

Якшанба куни бўлиб ўтган иккинчи турда Эрдўған бирлашган мухолифатнинг ягона номзоди Камол Қиличдорўғлидан 2 миллион кўпроқ овоз олди.

Овоз бериш жараёнини ташкиллаштириш ва овозларни ҳисоблаш бўйича жиддий шикоятлар билдирилмади, бироқ мухолифат сайловлар эркин ўтди деб ҳисобламаяпти, улар Туркияда амалда сайлов комиссияси ва судялар президентга бўйсуниши, сўз эркинлиги бўғилгани, кўзга кўринган мухолифлар қамоққа ташлангани ёки таъқиб қилинишини даъво қилишади.

Икки ҳафта муқаддам ўтган биринчи турда Эрдўған ғалаба учун талаб этилган 50 фоиз овозни жамғара олмаганди, аммо иккинчи турда 52 фоиз овоз олди.

Бу сафар давомат биринчи турдагидан камроқ бўлди (85 фоизга яқин) - бу ўтган турда учинчи бўлган Синан Ўғаннинг тарафдорлари сайловга чиқмай қўяқолгани билан ҳам боғлиқ, натижада Эрдўған биринчи турдаги устунлигини сақлаб қолди.

Мухолифатчилар феврал ойидаги зилзилалар ва узоқ давом этаётган иқтисодий инқироз натижасида юзага келган эркинликларнинг бўғилиши ва давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлар сайловчиларни анъанавий номзоддан ўзгаришлар ваъда қилаётган кучлар фойдасига воз кечишга мажбур қилишидан умид қилганди.

Аммо иккига бўлинган мамлакатда демократик, дунёвий ва Европага интилувчи Туркияни соғинган шаҳар аҳолиси эмас, Эрдўғаннинг асосий электорати яшовчи, унинг жамият ҳаётини исломлаштириш, авторитаризм, ҳарбий қудрат ва дунёдаги нуфузни мустаҳкамлашга қаратилган консерватив сиёсатини маъқул кўрадиган чекка ҳудудлар аҳолиси устун келди.

Эрдўған ғалабадан кейин рафиқаси билан тарафдорлари қаршисида чиқиш қилмоқда. Фото: Reuters

Мухолифатчилар ҳам қатъиятли ва ўжар ҳукмфармо бўлган Эрдўғанга қарши 74 ёшга чиққан юмшоқ табиатли ва муросасоз Қиличдорўғлини рақиб қилиб танлашганди.

Унинг ғолиблик учун имкониятлари аввалбошдан юқори эмасди, аммо мухолифатчиларнинг асосий номзоди, Истанбулнинг 54 ёшли мэри Акром Имомўғли сайловда қатнаша олмади. 2019 йилги сайловлар вақтида сайлов комиссиясини танқид қилгани учун у икки йил-у етти ярим ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинганди, ҳукмга нисбатан билдирилган апелляцияни эса фақат президентлик сайловларидан кейин кўриб чиқишларини билдиришади. Натижада, Имомўғли ғалаба қозонган тақдирда ҳам, қамоққа тушиш хавфи остида қолганди.

Тез-тез партия раҳбарлигидан кетишга чақирилишига қарамай, Қиличдорўғли Туркияда демократия учун курашишда давом этишга ваъда берди. Сайловларни у «сўнгги йиллардаги энг адолатсиз сайлов» деб атади.

Константинополнинг қулаши

Овозларни ҳисоблаш якунланмасиданоқ Эрдўғанни турли давлатлар раҳбарлари табриклай бошлади, бу эса унинг энг мураккаб зиддиятларда ҳам ҳеч бир томонга ўтмасдан, Туркия учун фойда келтира оладиган ақлли воситачи сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади.

Россия президенти Владимир Путиннинг «азиз дўст»га билдирилган мақтов сўзлари ортидан Эрдўған Туркия Россия босқинига қарши туриши учун дронлар етказиб берадиган ва Кремлнинг савдо қамалини четлаб ўтишда ёрдам бераётган Украина президенти Володимир Зеленскийдан ҳам табрик қабул қилиб олди.

Туркия НАТО аъзоси, шунингдек Европани қочқинлар оқимидан ҳимоя қилишда Евроиттифоқ иттифоқчиси бўлишда давом этмоқда. Шу билан бир вақтда, Эрдўған Яқин Шарқ билан алоқаларни ривожлантирмоқда, унинг армияси Сурияда жанг қилмоқда ва у Россия билан, айниқса газ ва атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда.

У ўзини Мустафо Камол Отатурк ва Усмонийлар империяси султонлари даражасидаги ислоҳотчи деб билади. Ғалабадан кейин у ўн минглаб мухлисларига янги олтин асрни ваъда қилди.

«Туркия тарихидаги энг муҳимларидан бири бўлган бу сайловларда халқимиз Туркия асри учун овоз берди», деди Эрдўған ўз саройи деворлари ортидаги майдонда йиғилганларга қарата.

У роппа-роса 570 йил муқаддам Константинопол қулагани, шундан сўнг Византия империяси нураб, Усмонийлар гуллаб-яшнай бошлаганини эслаб ўтган.

«Бу тарихдаги бурилиш палласи бўлганди. Бир давр поёнига етиб, бошқаси бошланганди. Умид қиламанки, бу сайловлар ҳам замонавий тарихда шундай бурилиш палласига айланади», деган Эрдўған қўшиқ билан бошлаб, шеър билан тугатган қисқача нутқида.

Мавзуга оид