Макрон Украина бўйича тинчлик саммитини Россиясиз ўтказишни таклиф қилди – ОАВ
Макрон Зеленскийга Парижда тинчлик саммити ўтказишни таклиф қилди. Европалик расмийлар унга Бразилия, Ҳиндистон, Хитойни жалб қилмоқчи, Россиянинг унда иштирок этиши кўзда тутилмаган.
Франция президенти Эммануэл Макрон Украина етакчиси Владимир Зеленскийга Парижда тинчлик саммити ўтказишни таклиф қилди, деб ёзди The Wall Street Journal европалик дипломатлар орасидаги манбаларга таяниб. Нашрнинг ёзишича, саммит таклифини Франциядан ташқари Дания ва Швеция ҳам қўллаб-қувватлаган.
Манбаларда айтилишича, 2023 йил бошида Зеленский Макрондан Хитой раҳбари Си Жинпинг каби бошқа етакчилар билан алоқа қилишда ёрдам беришни сўраган. Бу музокаралар кейинчалик конференция ташкил этиш режаларига айланди, дейди WSJ суҳбатдошлари. Эҳтимолий иштирокчиларнинг аниқ рўйхати йўқ, бироқ манбаларга кўра, Европа расмийлари Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа ғарбий бўлмаган давлатлар иштирок этишини истамоқда. Россиянинг саммитда иштирок этиши кўзда тутилмаган.
Европа расмийлари бўлажак музокараларда Украинанинг тинчлик режасидан дипломатик бошланғич нуқта сифатида фойдаланишни таъминламоқчи. Бу режани Ҳиндистон, Бразилия, Саудия Арабистони ва Хитой каби давлатлар учун кўпроқ «мақбулроқ» қилишмоқчи. Зеленский офиси раҳбари Андрей Ермак сўзларига кўра, бу жараённи «бутун дунё, жумладан, глобал жануб етакчиларисиз амалга ошириш мумкин эмас». Ермакнинг таъкидлашича, қўшинлар тўлиқ олиб чиқилмагунча, Киев учун Россия билан музокаралар олиб боришнинг иложи йўқ, Украина ҳудудий яхлитлиги масаласида муроса қилинмайди.
Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Украинадаги можарони ҳал қилиш шартларини айтиб, Ғарб қурол-яроғларини етказиб беришни тўхтатиши, Киевнинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилишдан бош тортиши, янги ишғол қилинган ҳудудларни тан олиши ва рус тилига давлат тили мақомини бериши кабиларни санаб ўтган эди.
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк бунга жавобан Киевнинг талабларини санаб ўтди: бу Россия қўшинларини Украина ҳудудидан зудлик билан олиб чиқиб кетиш, собиқ СССР давлатларининг суверенитетини тан олиш, «ҳарбий жиноятчиларни экстрадиция қилиш» ва қонуний равишда расмийлаштирилган «репарация тўловлари».
Мавзуга оид
23:20 / 13.10.2024
Сербия бош вазири ўринбосари БРИКС мамлакат учун ЕИнинг муқобилига айланишини айтди
15:11 / 13.10.2024
Анатолий Собчакнинг сирли ўлими: Россиядаги таниқли сиёсатчининг жонига қасд қилинганмиди?
23:55 / 12.10.2024
Ҳиндистон Россияга тақиқланган технологияларни етказиб бермоқда — Bloomberg
22:55 / 12.10.2024