11:05 / 31.05.2023
5279

Япония атом электр станцияларининг ишлаш муддатини узайтирди

Япония парламенти ядро реакторларининг максимал ишлаш муддатини чекламайдиган қонун лойиҳасини маъқуллади. Илгари бу 60 йилни ташкил қиларди.

Фото: Kyodo

Япония мавжуд атом электр станцияларининг ишлаш муддатини узайтирди. 31 май, чоршанба куни Токиодаги парламент атом электр станцияларининг ишлаш муддатини аввалгидек 60 йил билан чекламайдиган, лекин ядровий реакторларнинг потенциал чексиз ишлаш муддатини таъминловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бу билан Япония нефть ва газ импортига қарамлигини камайтириш ва шу билан бирга 2050 йилгача CO₂ чиқиндиларини нолга тушириш орқали иқлимни муҳофаза қилиш мақсадларига эришишни мақсад қилган. Токио расмийлари, Берлиндан фарқли равишда, зилзилалар таҳдиди ва 2011 йилги Фукусимадаги ядровий ҳалокатга қарамай, атом энергиясини муҳим деб билади. Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда.

Денгиз бўйида жойлашган Фукусима атом электр станцияси 2011 йил март ойида содир бўлган зилзила оқибатида 15 метрлик цунами келиши туфайли жиддий шикастланган эди. Станциянинг совитиш тизими ишламай қолди, олтита реактордан учтасида ёнилғи таёқчалари эриб кетди. Ядро ҳалокати яқин атрофдаги аҳоли пунктларини «арвоҳ» шаҳарларга айлантирди. Бу 1986 йилда Чернобил АЭСдаги авариядан кейинги энг йирик ядровий ҳалокат бўлди.

Авариядан сўнг Япония барча атом электр станциялари фаолиятини тўхтатди ва хавфсизлик стандартларини сезиларли даражада кучайтирди. 33 та ядро реакторидан ҳозирда фақат 10 таси электр тармоғига қайта уланган. Япония ҳукумати режаларига кўра, 2030 йилга бориб мамлакатда электр энергиясининг 20-22 фоизи атом электр станцияларида, 36-38 фоизи қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқарилади. Ушбу мақсадга эришиш учун 30 га яқин ядровий реакторни қайта улаш керак. 

Top