Жаҳон | 09:10 / 05.06.2023
6439
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Швеция Туркиянинг НАТО бўйича талабларини бажарди

Туркия президенти билан учрашувдан сўнг НАТО бош котиби Швеция Анқара талабларини бажарганини ва алянсга қўшилишга тайёрлигини таъкидламоқда.

Фото: nato.int

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 4 июн, якшанба куни Истанбулда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувдан сўнг Швеция Анқара талабларини бажарганини ва НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди. "Швеция Туркиянинг талабларини қондириш учун муҳим аниқ қадамлар қўйди. Швеция ўз мажбуриятларини бажарди", - дея таъкидлади у Стокҳолм томонидан қабул қилинган қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни эслатиб.

“НАТОга аъзо бўлиш Швецияни хавфсизроқ қилади, бироқ НАТО ва Туркияни ҳам кучли қилади”, - дея Столтенберг сўзларини келтиради AFP. НАТО бош котиби Эрдўған билан 12 июндан бошлаб Швеция билан Доимий қўшма механизм йиғилишини ўтказишга келишиб олганини айтди.

Швеция ва Финландия 2022 йилда – Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай, НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришди. Мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиши учун унинг барча аъзолари розилиги талаб қилинади. Туркия Швецияни Курдистон Ишчилар партияси (РИП) билан алоқадор бўлган ўнлаб одамларни экстрадиция қилишдан бош тортишда айблаб, энг қаттиқ позицияни эгаллади.

Апрел ойи бошида Туркия Финландиянинг иттифоққа кириш аризасини ратификация қилганди, бироқ Стокҳолм Анқара террорчи деб ҳисоблаган жангари гуруҳлар аъзоларига бошпана бераётганини айтиб, Швециянинг аъзолигига эътироз билдиришда давом этмоқда. Май ойида Швеция парламенти терроризмга қарши кураш бўйича мамлакат қонунларини қатъийлаштиришга қаратилган тузатишларни қабул қилган эди. Бу ҳаракат Туркияни мамлакат аризасини маъқуллашга кўндиришига ёрдам бериши кутилмоқда.

Мавзуга оид