Жаҳон | 11:19 / 06.06.2023
9514
2 дақиқада ўқилади

Англияда тажриба сифатида 2000 долларлик базавий даромадни жорий этиш таклиф қилинди

Тадқиқотчилар Англияда асосий базавий даромадни тўлаш бўйича тажриба ўтказишни таклиф қилишди. Икки йил ичида 30 киши ҳар ой деярли 2000 доллар олади. Тажриба муаллифлари бундай тўловлар одамларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига қандай таъсир қилишини кўрмоқчи. 

Фото: Getty Images

Autonomy таҳлил маркази тадқиқотчилари Англияда 1600 фунт стерлинг (деярли 2000 доллар) асосий базавий даромадни жорий қилиш билан тажриба ўтказишни таклиф қилишди, деб ёзади The Guardian ва BBC. 

Ғояга кўра, тажриба икки ҳудудда ўтказилади: Англия шимоли-шарқидаги Жарроуда ва Лондон шимолидаги Ист-Финчли ҳудудида. Унинг доирасида бу жойларда 30 киши икки йил давомида ойига 1600 фунт стерлинг олади. Тажриба ташкилотчилари асосий базавий даромад синовдан ўтганларнинг ҳаётига қандай таъсир қилишини тушуниш учун уларни кузатиб боради. Шунингдек, асосий базавий даромад тўланмайдиган шахслардан иборат назорат гуруҳини ишга олиш режалаштирилган. Иштирокчилар хоҳловчилар орасидан тасодифий танлаб олинади, 20 фоиз ўринлар имконияти чекланган шахсларга берилади. Autonomy ўз лойиҳаси учун молиявий ёрдам излаяпти, деб таъкидлайди BBC.

Autonomy таҳлил марказининг тадқиқот директори Уилл Стронг асосий базавий даромад одатда одамларнинг асосий эҳтиёжларини қоплашини айтди, бироқ тадқиқотчилар каттароқ миқдор эксперимент иштирокчиларининг руҳий ва жисмоний саломатлигига қандай таъсир қилишини кўрмоқчи. Стронгнинг сўзларига кўра, келгуси йилларда глобал иқлим ўзгариши, технологик ютуқлар ва саноатга ўтишни ҳисобга олинса, жамият қандайдир асосий даромадга муҳтож бўлади. Келажакда миллий миқёсда шундай лойиҳани амалга ошириш имконияти пайдо бўлиши учун далиллар базасини яратиш ва жамоатчилик эътиборини жалб қилиш муҳим, деб ҳисоблайди у. 

Basic Income Conversation ташаббуси асосчиларидан бири Клео Гудман базавий даромад ижтимоий хавфсизлик тизимини соддалаштириши ва Буюк Британиядаги қашшоқлик муаммосини ҳал қилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, келгуси ўн йилликлар «иқлим ўзгариши ва автоматлаштиришнинг янги шакллари туфайли иқтисодий нотинчликларга тўла бўлади» ва асосий даромад келажакдаги ҳаётнинг муҳим қисмига айланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид