13:10 / 08.06.2023
10363

Тожикистон расмийси ЕОИИга қўшилиш масаласи кун тартибида йўқлигини билдирди

Тожикистоннинг Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи 2015 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Бироқ, республика расмийлари аниқ баёнотлардан тийиляпти.

Фото: Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги

Душанбе Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИ) қўшилиш эҳтимолини кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда 7 июн, чоршанба куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот ва матбуот департаменти раҳбари Шохин Самадий бир кун аввал Тожикистонга ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг баёнотларини изоҳлаб, айтиб ўтди. Лавров Марказий Осиёни Кремл ва “коллектив Ғарб” қарама-қаршилигининг янги жабҳаси деб атаб, Тожикистон тез орада “ЕОИИга қўшилиш фойдасини ўзи белгилашига” умид билдирди.

Шохин Самадий таъкидлашича, Тожикистоннинг ЕОИИга интеграциялашуви на Сергей Лавровнинг республика президенти Имомали Раҳмон билан учрашувида, на мамлакат ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин билан музокараларда муҳокама қилинмаган. "Тожикистоннинг ЕОИИга кириши масаласи кун тартибида эмас. Душанбедаги учрашувларда фақат савдо-иқтисодий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига эътибор қаратилди”, — деди ТАСС агентлигига берган интервюсида Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Тожикистоннинг Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган ЕОИИга қўшилиши масаласи 2015 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Бироқ, иттифоқ мамлакатлари Тожикистоннинг энг йирик савдо шериги (2022 йилда ташқи савдонинг 44 фоизини ташкил этди) бўлса-да, Душанбе ташкилотга аъзо бўлиш бўйича баёнотлардан тийиляпти.

Top