Навоий шаҳри ҳавоси доим “қизил чизиқ” устида турган. Бунга сабаб, ҳудудда йирик саноат корхоналари борлигидир. Яқин йилларгача “Навоийазот” АЖдан атмосферага чиқарилган зарарли моддалар миқдори анча баланд бўлган. Бироқ кейинги йилларда ушбу гигант корхона томонидан бунинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Минг афсуски, бугунга келиб ҳудудда атмосферага чиқинди чиқаришда йирик корхоналар ўрнини аста-секинлик билан кичик ишлаб чиқариш цехлари эгаллаб олмоқда.

Айниқса, сўнгги кунларда навоийликлар буни яққол сезишяпти: тутун ичида қолган шаҳарда нафас олиш оғирлашган. Бир неча кундирки шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқларда шаҳар ва унга туташ Кармана тумани ҳудудларида кўмир тутуни ҳамда ҳидидан нафас олиш қийин бўлаётгани, фарзандларида турли аллергик касалликлар аломатлари кузатилаётгани ҳақида ёзмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармасига ҳам мурожаатлар кўпайиб кетган.

Кармана тумани марказида яшовчи Мадина Адизованинг таъкидлашича, шаҳар ҳавосининг тобора ифлосланиб бораётгани аҳоли норозилиги кучайишига сабаб бўляпти.

“Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ қисмида яшайман. Охирги йилларда глобал миқёсидаги экологик ўзгаришлар биз яшаётган ҳудудда ҳам яққол сезилиб турибди. Шаҳар атрофида қурилган қонуний-ноқонуний ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқарилаётган зарарли тутун аҳоли орасида норозиликнинг кучайишига, касалликлар ортишига сабаб бўляпти. Ўрта ёки катта ёшли фуқароларга сезилмаётгандир, лекин ёш болаларга таъсири кучли бўляпти. Ўзим ҳам бувиман, неварам бор, стоматит, дерматит касалликларидан бошимиз чиқаётгани йўқ. Аҳолининг беэътиборлигими, мутасаддиларнинг беэътиборлигими, Навоий шаҳри бугунги кунда яшаш сифати анча пасайган шаҳарлар сирасига кириб қолди. Тўғри, Навоий индустриал шаҳар, ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатиб бўлмайди. Лекин аҳоли пунктлари ёнида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қанчалик тўғри? Менимча тўғри эмас”, дейди Мадина Адизова.

Навоий шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Ўролой Турдиевага кўра, янги ташкил этилаётган кичик заводлардан чиқаётган заҳарли газлар шаҳар аҳолисини ташвишга солмоқда.