Газлашмаган ҳудудларда совуқ кунларга тайёргарлик авжида. Ўтинфурушлар қуриб қолган ёки “қариган” боғларни ёз фаслидаёқ сотиб олиб, дарахтидан ўтин ҳозирлаб қўйган. Аҳоли эса ўтин ва кўмир ғамлаш тараддудида. Kun.uz мухбири Қува туманида бўлиб, ўтин ва кўмир бозоридан репортаж тайёрлади.

Бозорда ўтин нархи дарахт турига қараб хар хил: ўрик қимматроқ, калифорния тераги қолдиқ ўтини эса энг арзони.

Қува туманида бир Labo машинасидаги ўтин ҳолатига, турига қараб 700 минг сўмгача сотилаётган экан. 1 кг кўмир эса 2 минг сўмгача сотилмоқда.

Сотувчиларни суҳбатга тортдик. Уларнинг айтишича, савдо ойнинг биринчи 10 кунлигида яхшироқ бўлади – аҳоли ойлиги ва пенсиясига ўтин олади.

Ёзда ЗИЛ миниб, қишда ўтин сотаман...

“Кунлар совиб кетганда уйни кўмирнинг ўзи исита олмайди. Ўша пайтда печкага ўтин солиб қўйсангиз, кўмирга аралашиб уйни тез иситади. Ана шунинг учун ҳам одамлар ўтин сотиб олишади. Ёши улуғ одамлар бор, кўпчиликнинг аллергияси бор кўмирга. Касали бор одамлар ўтин ёқади. Ўтин уйни тез иситади. Мисол учун, уч бўлак ўтин солиб қўйсангиз, уч-тўрт соат иситиб туради битта уйни.

Ўрик ўтинлар печкада кўпроқ туради. Масалан, ўзим уйда ўтин ёқаман. Кечқурун соат ўнларда 4 бўлак ўрик ўтин солиб қўяман. Эрталаб соат олтигача чўғи туради. Бизда ўтин сероб бўлгани учун, кўмир ёқмаймиз. Ўтин баракали, ёниши яхши, уйни тез иситади.

Қуриб қолган, қариб кетган, мева бермай қўйган боғлар бор. Шуларни деҳқонлардан сотиб оламиз. Дарахтини кесиб келиб, қишга тайёрлаб қўямиз. Гилос дарахти ҳам 20-30 йилда қуришни бошлайди. Бошлангандан кейин деҳқонлар кесишга тушади. Деҳқоннинг ўзининг вақти йўқ уни бориб кесгани. Биз ўтинчилар иккита-учта аррачи олиб бориб кестириб, тайёрлаб, уйга олиб келиб, ёриб, тайёр маҳсулот қилиб бозорга олиб чиқамиз. Сотиб олган одам қийналмайди.

Қишда кўпчилик бекорчи бўлади. Катта ЗИЛ машинам бор, ёзда ЗИЛ минаман. Ноябр ойидан ишлар тўхтайди. Шу маҳалда катта машинада ўтинни олиб келиб боғдан, қишда майдалаб сотамиз. Ҳарна тирикчилик-да. Кейин яна март ойида ўзимизнинг ишимизни бошлаймиз. Ўтин бозори октябрдан то март ойларигача бўлади”, дейди ўтин сотувчиси.