Террорчи Тед Качинский Америка қамоқхонасида вафот этди — Ҳолливудда у ҳақда кўплаб филмлар ишланганди
Почта орқали бомба жўнатгани билан «танилган» америкалик Теодор Качинский қамоқда 27 йил ўтирди.
Унабомбер (Unabomber — «University and airline bomber» сўзларидан ясалган қисқартма) лақаби билан танилган америкалик Тед Качинский қамоқхонадаги камерасида жонсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда Америка нашрлари Шимолий Каролинадаги қамоқхона шифохонаси ходимларига таяниб хабар берган.
У узоқ вақт давомида Қўшма Штатлардаги энг кўп қидирилган жиноятчи бўлган.
Качинский 1996 йилда, қарийб 20 йил мобайнида қочиб юрганидан кейин қўлга олиниб суд қилинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шундан буён қамоқда қолаётганди.
1998 йилдан 2021 йилга қадар у Колорадодаги алоҳида режимли қамоқхонада (Supermax) сақланади, шундан сўнг соғлиги ёмонлашиб Шимолий Каролинага ўтказилади.
Вундеркинд
Тед Качинский кўп вақт давомида америкаликлар эътиборини ўзига жалб этган фавқулодда шахс эди. У кўплаб телевизион ҳужжатли филмлар қаҳрамони бўлган, унинг тарихи Ҳолливуд детектив картиналарига асос бўлган.
Болалигида уни вундеркинд деб аташган, 16 ёшида Качинский Ҳарвардга ўқишга кирган, кейинроқ Мичиган университетида математика фанлари доктори даражасини олган.
У математика соҳасида шунчалик мубҳам ишлаганки, ҳамкасблари айтишича, мамлакатда фақат бир неча ўн киши у нимани ўрганаётганини тушунган.
25 ёшида у Калифорниядаги нуфузли Беркли университетида математик таҳлил ва геометриядан дарс бера бошлайди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида унинг ҳаёти кескин ўзгаради: Качинский Монтанага кўчиб ўтади, электр ва сув бўлмаган кулбада танҳо яшаб, қуён ва бошқа овланган жонзотларни еб кун кўриб, шундай шароитда омон қолиш кўникмаларини ўрганишни бошлайди.
Кўп ўтмай у бундай ёлғиз ибтидоий ҳаёт кечириб бўлмаслиги ҳақида хулосага келади ва ёввойи табиат йўқ бўлиб боришида саноат ва қурилишларни айблайди.
1978 йилдан 1995 йилгача у почта орқали университет ва авиакомпанияларга бомба солинган 16 та жўнатма юборади. Посилкалар портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, яна 23 киши яраланди.
«Унабомбер манифести»
Качинскийни қўлга олиш учун 1 миллион доллар мукофот таклиф эълон қилинади. Аммо уни узоқ вақтгача ушлашнинг иложи бўлмайди.
Унинг жиноятлари Качинский янги қотилликлар билан таҳдид қилиб, Washington Post ва New York Times газеталарини «Саноят жамияти ва унинг келажаги» номли телбавор анархо-примитив манифестни (шунингдек, «Унабомбер манифести» сифатида маълум) чоп эттирганидан кейин (нашрлар Федерал қидирув бюроси ва АҚШ бош прокурори розилигини олган) фош қилинади.
35 минг сўздан иборат аноним ҳужжатда янги технологиялар америкаликлар бегоналашиш ва кучсизлашишдан жабр чекишига олиб келаётгани айтилади.
Унинг саноат инқилоби ва унинг оқибатлари инсоният учун фалокатли эканига ишончи комил эди.
Манифестни газеталарда ўқигач, Качинскийнинг укаси ва қаллиғи унинг ўзига хос услубидан таниб олишади ва уни кўп йиллардан буён қидираётган ФҚБга хабар беради.
Унинг кулбасини топган ФҚБ агентлари у ерда беҳисоб журналлар, шифрланган кундалик, портловчи қурилма ва фойдаланишга тайёр бўлган иккита бомбани учратишади.
«Манифест»нинг телбаворлигига қарамай, Качинский ўзини ақлдан озган деб ҳисобламайди ва адвокатларининг ўлим жазосидан олиб қолиш учун уни руҳий касал деб тан олдиришга бўлган уринишларига қарши чиқади.
Якунда Качинскийни ақли расо деб топишади, у ўз айбига иқрор бўлади ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Мавзуга оид
13:40 / 15.09.2019
Африка ғарбидаги давлатлар терроризмга қарши курашишга 1 млрд доллар сарфлашни режалаштирмоқда
17:49 / 07.05.2019
Страсбургда террорчилик гуруҳи иши бўйича мактаб ўқувчиси қўлга олинди
12:01 / 18.05.2018