Ўзбекистон | 12:01 / 18.05.2018
6185
2 дақиқада ўқилади

Терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳи VII кенгаши ўтказилди

2018 йил 15-16 май кунлари Терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳининг VII кенгаши доирасида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши курашиш департаменти бошлиғи Махавир Сингхв бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Кенгашни Ўзбекистон томонидан Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи Дониёр Қодиров бошқарди. Кенгашда Ҳиндистон Ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик Кенгаши, Миллий тергов агентлиги ва бошқа идоралар вакиллари қатнашди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Мазкур Кенгашда Ўзбекистон томонидан Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази вакиллари иштирок этдилар.

Шуни таъкидлаш керакки, VII Кенгаш 2003 йилдаги Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро терроризмга қарши курашиш бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги Келишувга асосан ўтказилди.

Ушбу тадбир давомида халқаро терроризмга қарши курашиш йўналишидаги муаммолар, Марказий ва Жанубий Осиёдаги хавфсизлик таҳдидлари, аҳолининг радикаллашуви муаммолари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар сўнгида томонлар ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида бор имкониятларини ишга солиш бўйича келишувга эришдилар. 

Мавзуга оид