Ипак. Дунёдаги энг майин нарсалардан бири. Бироқ у – оддий деҳқонларнинг қаттиқ меҳнати маҳсули. Ипак пилла қуртини тут барглари билан боқиш асносида юзага келади. Баргларни еб каттарган қуртлар ўз атрофида пилла тўқийди. Инсон эса пилла ипини қайтариб ечади ва ундан мато тўқийди.

Ўзбекистонда ипак етиштириш узун тарихга эга – қадим-қадимдан юртимизда ишлаб чиқарилган ипак матоларнинг донғи дунёга достон бўлган. СССР даврида ҳам ипак етиштириш юртимизда давом этди: колхозчи оилаларга боқиш учун қуртлар тарқатилар эди, тайёр бўлган пилла давлатга топширилар, давлат фабрикаларида ипакдан матолар тўқилар эди. Чунки ҳамма завод-у фабрикалар давлатники эди. Хусусий завод-фабрика йўқ эди.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бозор иқтисодиётини қуришни бошлади. Салкам ҳамма нарса энди давлатнинг эмас, балки хусусий корхоналарда ишлаб чиқариладиган бўлди.

СССР пайтида ҳамма соҳа давлатники бўлгани боис, пиллакор оилаларнинг меҳнатини ҳам давлат баҳоларди: “ҳамма нарса давлатникими, демак, меҳнат ҳақини ҳам давлат белгилайди-да”.

СССР тугади, бозор муносабатларига ўтиш эълон қилинди. Энди ҳар бир маҳсулотнинг эгаси уни етиштирган инсон бўлиши, нархини эса давлат эмас, бозор, яъни талаб-таклиф белгилаши керак бўлди.

Бироқ Ўзбекистонда баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳаси эркинлаштирилмади. Пилла ҳам шулардан бири. Пиллани кимдир етиштиради, нархини эса бошқа кимдир белгилайди, ҳамда ўша нархда пиллани пиллабоқардан сотиб олади, қайта ишлайди ва маҳсулотни бозор нархида сотади. Зўр-а, хомашёни халқдан ўзинг белгилаган нархда оласан, қайта ишлаб, бозор нархида сотасан?

Ким ўша – “кимдир”?

Ипакчилик тармоғини тартибга солувчи идора – Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси, 2020 йилда ташкил этилган. Аммо қўмитадан ташқари 2017 йилда асос солинган “Ўзипаксаноат” уюшмаси ҳам бор. Унинг таркибига ипакчилик саноати корхоналари, шунингдек, “Агропилла” ипак қурти пилласини тайёрлаш тузилмалари киради.

Бундан ташқари, уюшманинг вазифа ва функциялари кейинроқ ташкил этилган Ипакчилик ва жун саноати қўмитасиники билан деярли бир хил. Соҳани бошқаришда маҳаллий ҳокимиятлар ҳам чекада қолмаган – улар пилла етиштириш бўйича режаларнинг бажарилишига масъул қилинган бўлиб, маъмурий мажбурлов билан шуғулланади – пилла етиштириш режасини фермерлар ўртасида тақсимлаб, бажарилишини назорат қилади.

Ипакчиликни бошқаришнинг яна бир бўғини – ипакчилик кластерлари. Улар расман хусусий тижорат ташкилотлари ҳисобланади, аммо негадир давлат қарори билан тузилади, улар ҳам фермер хўжаликлари ўртасида пилла етиштириш бўйича режаларни мажбурий тақсимлашда иштирок этади, “Ўзипаксаноат” квазидавлатуюшмасининг мажбурий аъзолари ҳисобланади, уюшмага аъзо сифатида имтиёз ва преференциялар олади. Уюшма таркибида соҳага ихтисослашган 74 та тижорат ташкилоти, хусусан кластерлар бор.