Ўзбекистон | 20:06 / 13.06.2023
112478
4 дақиқада ўқилади

Андижонда маҳкумни уриб ўлдириб қўйган 12 нафар ИИБ ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Ички ишлар ходимлари томонидан аёвсиз дўппосланган маҳкумни камерада калтаклаган бошқа бир маҳбус ҳам суд томонидан жазога тортилди.

Иллюстратив фото

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшаган, суд томонидан унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилгани боис 2022 йилнинг 19 март куни ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тергов ҳибсхонасига олиб келинган 32 ёшли Санжарбек Мамажонов 21 март куни 12 нафар ички ишлар органи ходими томонидан тергов ҳибсхонасининг камера ўрнатилмаган жойида аёвсиз калтакланиб, қийноққа солинади.

Суд ҳукмида келтирилишича, дўппослаш натижасида ҳаёт учун хавфли оғир жароҳатлар олган маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига у ҳибсхонанинг 32-камерасига жойлаб қўйилади. Оғриқлар таъсирида бўлган эркак бу ерда бошқа бир маҳбус Жасурбек Усмонов билан айтишиб қолади, натижада яна бир марта калтакланади. Мазкур воқеадан тахминан уч ярим соат ўтгач, Мамажоновда биологик ўлим қайд этилади.

Ҳужжатларга кўра, тергов ҳибсхонаси даволаш профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Тўхтақул Алламатов, бўлим шифокор-психиатри Шукурилло Алимов 12 нафар ходим томонидан калтакланган Санжарбек Мамажоновни 32-камерага жойлашдан олдин тиббий кўрикдан ўтказган, бироқ ўз вазифаларини лозим даражада бажармай уни объектив баҳолашмаган, бунинг оқибатида унинг ўлимига йўл қўйиб беришган. Маълум бўлишича, маҳкум бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош мия юмшоқ ва қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия шиши аниқланган. Бироқ шифокорлар маҳкумнинг тиббиёт дафтарчасига унинг аҳволи яхши экани, ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги ҳақида сохта қайдларни ёзиб қўйишади.

Суд мажлисида судланувчиларнинг айблари рад этиб бўлмас далиллар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиғини топган. Суд ҳукмига кўра:

  • ИИВ ЖИЭДга қарашли 3-сон тергов ҳибсхонаси бошлиғининг ёрдамчиси – смена бошлиғи Умиджон Абдурасулов 4 йилга;
  • 3-сон тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими катта инспектори Жавлон Режапов 4 йилга;
  • тартибот бўлими корпус каттаси Элёрбек Раҳмонов 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси Мадаминжон Жамолов 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси Сардорбек Ибрагимов 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси Мансурбек Маматкаримов 4 йилга қамалди.

Бундан ташқари, ушбу жиноятда айбли деб топилган:

  • тергов ҳибсхонаси бошлиғи Ғуломжон Ғоппоров 3 йил;
  • тартибот бўлими корпус каттаси Зуҳриддин Шобурхонов 3 йил;
  • тезкор қидирув бўлинмаси катта тезкор вакили Иномжон Имолдинов 3 йил;
  • тартибот бўлими назоратчиси Жаҳонгир Мадаминов 3 йил;
  • даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи Тўхтақул Алламаматов 3 йил;
  • даволаш профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими шифокор-психиатри Шукурилло Алимов 3 йил муддатга уй қамоғига ҳукм қилинган.

Марҳумни камерада калтаклаган маҳбус Жасурбек Усмонов эса 4 йил-у бир ойга қамалган.

Суд томонидан Санжарбек Мамажоновнинг ўлимида айбдор деб топилган 12 нафар собиқ ходимнинг 10 нафари бир ярим йил, 2 нафари эса бир йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Oбидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 9 нафар судланувчилар ЖИБ Ангрен шаҳар судининг мазкур ҳукми устидан апелляция шикояти берган. Айни вақтда ҳукм қонуний кучга кирмаган ҳамда жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид