Жамият | 20:48
2372
2 дақиқада ўқилади

Кассация суди Фурқат тумани ИИБ собиқ амалдорларига нисбатан суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди

Андижон вилояти суди кассация инстанциясининг ажрими билан Фарғона вилояти Фурқат туман ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан чиқарилган дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Улар Гулираъно Қосимова ишида Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбли деб топилганди.

Фото: Андижон вилояти судлари ахборот хизмати

Фурқат туман ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Андижон вилояти суди кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Андижон вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кассация инстанцияси ажрими билан Акмал Хўжаев ва Жасур Расуловга нисбатан чиқарилган дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорлари устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда тафтиш инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли экани билдирилган.

Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов ЖИБ Қува туман судининг 2025 йил 28 ноябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “б” банди, 142-моддаси (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 230-2-моддаси (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми ва 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди.

Уларга 3 йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган ҳолда 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид