Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда «Ҳамширалар академияси» ташкил қилиниб, айрим шифокорлар ойлиги 2 баравар оширилади
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридан ўрин олган тиббиёт соҳасига оид режаларини эълон қилди.
ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништириш давомида тиббиёт соҳасидаги режаларига тўхталди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.
Дастурда келтирилишича, келгуси 7 йилда:
- туман ва шаҳарларда 700 та янги поликлиника ташкил этиш орқали қўшимча 3 миллион аҳоли бирламчи тиббий хизматлар билан қамраб олинади;
- бирламчи бўғиндаги барча оилавий шифокор пунктлари, поликлиника ва шифохоналар таъмирланиб, фильтрланган ичимлик суви ва иссиқ сув билан тўлиқ таъминланади;
- гемодиализ бўлимлари сони 2 карра кўпайтирилиб, 200 тага етказилиб, барча туман ва шаҳарлар мазкур хизмат билан қамраб олинади;
- ҳар йили 1 миллион аҳоли жигар циррозига олиб келувчи гепатит Б ва С бўйича скринингдан ўтказилади, гепатит С билан хасталанган беморлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади;
- барча туман ва шаҳарларда хусусий шериклик асосида МРТ ва МСКТ йўлга қўйиш учун 100 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.
«Яна бир янги ташаббус. Энди оилавий шифокорларни кафолатланган тиббий хизматлар бўйича қайта тайёрлаб, уларга малака сертификати берамиз. Сертификати бор шифокорларнинг ойлик иш ҳақи 2 карра оширилади. Худди шу тартибни тиббиётнинг ҳақиқий фидойилари бўлган ҳамшираларимизга ҳам жорий қиламиз. Тиббиёт ходимларига кўп йиллар ишлаганлик учун тўланадиган устамалар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиб, оширилади. Тез тиббий ёрдам автомобиль парки келгуси етти йилда тўлиқ янгиланади ва уларнинг 50 фоизи электромобиллар билан тўлдирилади. Бу орқали ёнилғининг ўзидан йилига 200 миллиард сўм тежалади ва ушбу маблағлар тез тиббий ёрдам хизматларини ривожлантиришга сарфланади», деди Мирзиёев.
Шунингдек:
- беморларга дориларни «электрон рецепт» асосида бериш тизими йўлга қўйилади ва барча дорихоналар бу тизимга уланади;
- келгуси уч йилда тиббиёт олийгоҳлари ўқув дастурлари Европа, АҚШ, Жанубий Корея ўқув методикаси ва дарсликлари асосида қайта ишлаб чиқилади;
- ҳудудлардаги 15 та тиббиёт техникуми тажрибали компаниялар бошқарувига берилиб, улардаги таълим дастурлари ҳам тўлиқ янгиланади;
- жорий йилда Тошкент шаҳрида Германия, Жанубий Корея ва Туркиядан малакали мутахассислар жалб қилиниб, «Ҳамширалар академияси» ташкил этилади.
Мавзуга оид
20:34 / 16.10.2025
Ис газидан заҳарланишга қарши биринчи самарали восита ишлаб чиқилди
14:40 / 15.10.2025
Ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг биринчи гуруҳи Италияга ишлаш учун жўнаб кетди
19:17 / 26.08.2025
Иордания подшоҳининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди
14:58 / 26.08.2025