Спорт | 19:43 / 14.06.2023
21801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик гроссмейстер Лижэнга шахмат тожи учун кечган баҳсда ёрдамлашгани маълум бўлди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов апрель ойида Остона шаҳрида жаҳон шахмат тожи учун ўтказилган баҳсда билвосита иштирок этди. У хитойлик Дин Лижэнга секундантлик қилди. Якунда хитойлик гроссмейстер россиялик Ян Непомняшчийни енгиб, жаҳон чемпиони бўлди. 

Дэн Лижэн / Фото: CFP

Шахмат тожи учун ўтказилган баҳсда Лижэнга руминиялик гроссмейстер Рихард Раппорт ҳам секундантлик қилди. Иккинчи секундантнинг исми ошкор этилмади. Дэн Лижэн унинг исми сир қолишини истаган ва баҳслар якунланганидан кейин New In Chess журналисти Дирк Ян тен Гезендамга айтган. 

Маълум бўлишича, Лижэн Воҳидов билан Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган Tata Steel турнирида танишган. Унинг Лижэнга ёрдамчи бўлиши ҳақидаги қарор шахмат тожи учун ўйиндан бир неча ой олдин қабул қилинган. Шахматчилар масофадан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олган: Воҳидов ўйин давомида «парда ортида қолади» ва Лижэнга ўз ғояларини уйдан жўнатади. 

Жаҳонгир Воҳидов

Непомняшчий ва Лижэн ўртасидаги баҳс 14 партиядан иборат бўлди ва 7:7 ҳисобида якунланди. Шундан кейин тезкор шахмат бўйича тўрт партия ўйналган тай-брейкда Лижэн ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлди. 

Жаҳонгир Воҳидов асли самарқандлик, гроссмейстер Тоҳир Воҳидовнинг ўғли. 2014 йилдан буён гроссмейстер. 2022 йилда у Ўзбекистон миллий жамоаси билан Олимпиада олтин медалини қўлга киритди ва тўртинчи доскада энг яхши натижани кўрсатди. У ўзбекистонлик энг кучли шахматчи Нодирбек Абдусатторовнинг (FIDE рейтингида 21-ўрин) мураббийи ҳисобланади.

Мавзуга оид