
Россия томонидан аннексия қилинган Қримда жойлашган Севастопол ҳарбий денгиз базасида қўлга ўргатилган делфинлар сонини икки баробарга оширмоқда. Чунки Украинанинг стратегик муҳим ушбу шаҳарга ҳужум қила олиш қобилияти кун сайин ошиб бормоқда. Украинанинг ракеталари, сувда сузувчи пилотсиз бошқарилувчи қурилмалардан ҳам кўра, Россия Украина махсус хизматларидан бўладиган таҳдидга жиддийроқ эътибор бермоқда.
Naval News нашри делфинлар етиштириладиган жойлар кўпайтирилганига ишора қилмоқда. Жанговар хизмат қилишга ўргатилган делфинлар сони ҳам 3–4 тадан 6–7 тагача кўпайтирилган.

Делфинлар ёрдамида патруллик қилиш давомийлиги ва қамрови ошгани кўзга ташланмоқда. Ушбу денгиз жониворлари жанговар сузувчилар деб аталувчи, сув остидан билдирмасдан сузиб келиб, базага ҳужум қилиши мумкин бўлган Украина махсус хизмати ғаввосларидан ҳимоя қилишади. Денгиз жонивори энг чиниққан спортчидан ҳам бу борада шубҳасиз устун, ҳеч ким сузиш борасидан ундан ўзиб кета олмайди. Қолаверса, у инсон ҳидини 300-400 метрдан аниқлай олади.

Айнан мана шу мақсадда кўплаб давлатлар делфинлардан ва бошқа денгиз жониворларидан фойдаланишади. Энг машҳур дастур АҚШ ҳарбий денгиз кучларида мавжуд. Энг дастлаб бу усулдан Швецияда фойдаланилган, Исроил, КХДР ва бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш дастурга эга, деган тахминлар бор.
Россиянинг ўргатилган дельфинлари
Россия ўргатилган жониворларни Севастопол бухтасига кириш жойининг шимолий қисмида жойлашган позицияларга 2022 йилнинг бошида — Украинага кенг миқёсда босқин бошланган чоғда жойлаштирган. Шаҳар яқинида делфинлар ва Белухаларни ўргатиш маркази аввалдан — совет давриларидан буён бор эди. Делфинларнинг барчаси маҳаллий тур саналади, белухалар эса совуқ сувли давлатлардан келтирилган. Ушбу объект аввал Украина ҳарбий денгиз кучлари таркибида бўлган, бироқ 2014 йилда Қрим аннексия қилингач, Россия томонидан эгаллаб олинган.


















