Европа клуб футболи ниҳоят пандемиянинг барча оқибатларини енгиб ўтди ва ўсишга қайтди. 2021/22 йилги мавсумда қитъа футбол бозори иштирокчиларининг даромади 29,5 миллиард еврога етган ва бу мутлақ рекорддир. Ўсиш двигателлари одатдагидек, катта футбол бешлиги мамлакатлари - Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция лигалари эди.

Deloitte компанияси Европа футболининг молиявий ҳолати бўйича йиллик Football Finance ҳисоботини эълон қилди, унда 2021/22 йилги мавсумда соҳа ниҳоят COVID-19 пандемияси оқибатларини енгиб ўтгани ва молиявий ўсиш траекториясига қайтгани таъкидланади.

Қайд этилишича, Европа футбол бозори иштирокчилари (бу нафақат клублар, балки миллий федерациялар ва УЕФА ташкилотини ҳам ўз ичига олади) томонидан яратилган умумий даромад 29,5 миллиард еврони ташкил қилган. Бу 2020/21 йилги мавсумдагидан деярли 1,9 миллиард евро ва 2019/20 йилги мавсумдагидан 4,3 миллиард еврога кўп.

Қайд қилиш жоиз, айнан мана шу мавсумларда пандемия юзага келган, клублар чипта сотишдан тушган даромадларини амалда йўқотган, ўйин ўтказмагани учун телекомпанияларга пулларни қайтаришга мажбур бўлган эди. Шундай экан, кўрсаткичларни солиштириш тўғрироқ бўладиган давр - пандемиядан олдинги 2018/19 мавсуми бўлади. Бу даврда Европа футбол бозори 28,9 миллиард евро даромад олган эди.

Даромаднинг асосий улуши, ҳар доимгидек, катта бешлик давлатларининг юқори дивизионлари клубларига тўғри келди. Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция клублари биргаликда 17,2 миллиард евро ишлаб топди. Бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлиб, юқорида қайд этилган 2018/19 йилги мавсумда эришилган кўрсаткичдан 200 миллион евро кўпдир.

Бундай сезиларли ўсиш томошабинларнинг стадионларга қайтиши билан изоҳланади. Қолаверса, масалан, Англия Премьер-Лигасида (АПЛ) томошабинлар сони умуман рекордга айланди: ўйинларга ўртача 39950 томошабин кирди. Бу Германиядан кейин иккинчи энг юқори кўрсаткич, бу ерда ўйинларга ўртача 42 837 мухлис кирган.

Ҳозир АПЛ клублари каттароқ стадионларга сармоя киритишни ўйламоқда, албатта бу бежиз эмас. Етакчи лига клублари ўз даромадларининг 12 фоизини matchday кўринишида олган (ўйин куни мухлислар ташрифидан). Агар мутлақ қийматлар ҳақида гапириладиган бўлса, Премьер-Лига клублари томошабинлардан 901 миллион евро йиғган.

Deloitte маълумотларига кўра, «Катта бешлик» клубларининг тижорий даромадлари (ҳомийлик шартномаларидан тушумлар, клуб рамзи туширилган товарларни сотиш ва бошқалар) бирданига 17 фоизга ўсиб, 6,3 миллиард еврога етган. Бу эса телетрансляция ҳуқуқи тушумларининг камайишини компенсация қилиш имконини берди. Улар 12 фоизга камайиб, 8,9 миллиард еврога тушган. Бироқ, хавотирли хулосалар чиқаришнинг ҳожати йўқ: пасайиш, асосан, пандемия давридаги мавсум учун клублар қайтарган маблағлар ҳисобига содир бўлди. Бундан ташқари, гап телекомпанияларнинг ҳисоб рақамига реал пул ўтказиш ҳақида эмас, балки кейинги мавсумлар учун компенсацион чегирма бериш ҳақида эди.