Обоймани кенгайтириш
«Арсенал» мавсумнинг финиш қисмида секинлашиб, якунда барибир чемпионликка эриша олмаганининг асосий сабаби сифатида захира ўриндиғи кенг эмаслиги келтирилади. Олтин учун пойгада устун келган «Манчестер Сити»да рўйхат анча кенгроқ — ҳа, Пеп Гвардиола сўнгги ойларда амалда битта бошланғич таркибдан фойдаланди, аммо асосий таркиб футболчиларини ўйин суръатини туширмасдан захирага олиш имконияти унда кўпроқ эди.
«Арсенал» ўтган ёзда ҳам таркибни сезиларли даражада кучайтирганди. Чемпионлик кўрган Габриэл Жезус ва Олександр Зинченконинг жамоада пайдо бўлиши ўтган мавсум анча муваффақиятли кечиши омилларидан бири бўлди. 35 миллион евро эвазига «Порту»дан сотиб олинган яримҳимоячи Фабиу Вийера ротация футболчиси вазифасини ўтади (АПЛда 22 ўйин, аммо шундан фақат учтасида стартда ва майдонда жами 499 дақиқа), аммо шуни эътиборга олиш керакки, 22 ёшли португалияликнинг таркиб учун рақобатчиси — «канонирлар» сардори Мартин Эдегор ҳисобланади.
Муаммо шундаки, стартдаги футболчиларни тўлақонли алмаштирадиган захира футболчилари йўқ эди. Албатта, шу кунларда вафот этган Силвио Берлусконининг икки тенг кучли таркиб ҳақидаги сўзлари — оддий миф. Исталган жамоада асосий таркиб (13-14 киши), асосий обойма (18-19 киши) бўлади ва қолгани захира вакиллари. Масала, асосий таркибга кирмайдиган, аммо обоймага кирадиган футболчиларда. «Арсенал»га айнан шундай захира етишмади. Жамоа Габриэл Жезуснинг жароҳатини нисбатан оғриқсиз ўтказган бўлса — Эдди Нкетиа гол уриб туришни уддалади, Уилям Салиба мавсумнинг муҳим қисмида сафдан чиқиши барчасини ҳал қилди. Ушбу марказий ҳимоячи ўтган мавсумда жиддий ўсди ва унинг ўрнида ўйнатилган Роб Ҳолдинг унинг даражасига яқин кела олмади.
Афтидан, «Арсенал» раҳбарияти бу муаммони аниқ кўрганди ва январдаги трансферлар — Жоржиньо ва Леандро Троссар — айнан обоймани кучайтиришга қаратилганди. Уларнинг иккиси ҳам етарлича ўйин амалиётига эга бўлди ва жамоага фойда келтиришди: Троссар ярим мавсумда 10 голли узатмага муаллифлик қилди, Жоржиньо — 14 ўйинда 852 дақиқа ўтказди.

Райс
Бу ёзда эса мускулларни ўстириш бўйича ишлар давом эттирилади. Қолаверса, «Арсенал» бу мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнаши керак. Асосий нишон — Деклан Райс. Якунланган мавсумда у сардор сифатида «Вест Ҳэм» билан Конференциялар лигасида (клуб учун сўнгги 43 йилликдаги илк соврин) ғолиб бўлди, Англия миллий жамоасининг 2020 йилги Европа чемпионати ва 2022 йилги жаҳон чемпионатидаги асосий яримҳимоячиси сифатида ўйнади. У «болғачилар» академиясининг Рио Фердинанд ва Фрэнк Лэмпарддан кейин етиштирган энг иқтидорли футболчиси бўлиб чиқди.
















