«Кўмир ва пўлат пакти». Европанинг иттифоққа бирлашиши тарихи ва ҳозирги муаммолари ҳақида
Икки давлатнинг келажакдаги душманлигининг олдини олиш учун тузилган ҳамжамият бугунги кунда мустаҳкам, кучли салоҳиятга эга, бой иттифоққа айланди. Иккинчи жаҳон урушини бошдан кечирган Европанинг хилма-хил қарашлар ва турли тарихга эга мамлакатларининг ягона иттифоққа бирлашиши, ўша пайтларда тасаввур қилиб бўлмас ҳодиса эди. Бироқ бу амалга ошди.
«Кўмир ва пўлат пакти»
Ягона Европа иттифоқини яратишга уринишлар Иккинчи жаҳон уруши тугаши биланоқ бошланган. Хусусан, 1948 йил, Маршалл режаси (АҚШнинг урушдан зарар кўрган Европа давлатларига иқтисодий-ижтимоий кўмак дастури) иштирокчиси бўлган давлатлар томонидан Европа иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти тузилади. Бу ташкилот Европанинг иқтисодий интеграциясига тамал тоши бўлган бўлса-да, фақатгина мувофиқлаштирувчи функцияларга эга бўлган.
Орадан бир йил ўтиб, Европанинг биринчи сиёсий ташкилоти — Европа Кенгаши ташкил этилади, лекин бу тузилма ҳам аниқ вазифаларни бажармайди, унинг қарорлари фақат маслаҳат характерига эга бўлади.
Ниҳоят, бу ташаббусларга Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман қўшилади. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин Европада янги тартиблар ўрнатилган, икки азалий душман — Германия ва Франциянинг келажакдаги курашининг олдини олиш масаласи кун тартибига чиққанди. Чунки Биринчи жаҳон урушида Германия Францияга ҳужум қилган ва енгилиб, ўзининг икки вилоятини Францияга беришга мажбур бўлган, Иккинчи жаҳон урушида эса Германия Францияни босиб олганди.
Бу зиддиятдан чарчаган Франция Германия билан иттифоқ тузиш ва кенг кўламли иқтисодий алоқалар ўрнатишга қарор қилади. 1950 йил Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман «Германия ва Франция ўртасидаги кейинги урушларнинг олдини оладиган, икки мамлакат ўртасидаги ҳар қандай урушни нафақат тасаввурга сиғмайдиган, балки иқтисодий алоқалар сабаб имконсиз қиладиган» янги иттифоқ яратиш таклифи билан чиқади.
Шуман Франция ва Германияни Олий бошқарув органи назорати остида кўмир ва пўлатнинг ягона саноатини ташкил этишга, бошқарув органларининг қарорлари аъзо давлатлар учун мажбурий бўладиган иқтисодий ҳамжамиятни яратишга чақиради.
Германия федератив республикаси (Ғарбий Германия) канцлери Конрад Аденауэр бу ғояни қўллаб-қувватлайди.
Ҳукуматлараро ўтказилган музокаралар ва мунозаралар натижасида Европа кўмир ва пўлат ҳамжамиятини (EКПҲ) ташкил этиш тўғрисида шартнома тайёрланади. Пактга Франция ва Германиядан ташқари Италия, Белгия, Нидерландия ва Люксембург ҳам қўшилади.
Кўмир ва пўлат шартномасига мувофиқ, 1952-1957 йилларда иштирокчи давлатларда кўмир, темир рудаси, пўлат, чўян ва махсус пўлатнинг умумий бозорини босқичма-босқич шакллантириш белгиланади. Шунингдек, ҳамжамиятга аъзо давлатлар орасида кўмир қазиб олиш техникалари ва металлургия саноати маҳсулотларига божхона тўловлари ва ушбу маҳсулотлар савдосидаги чекловлар бекор қилинади. Кўмир ва рудалар, темир парчалари ва металлургия саноати маҳсулотларини ташишнинг ягона транспорт тарифлари жорий этилади.
Ушбу енгилликлар сабаб 1955 йилга келиб, ҳамжамиятга аъзо мамлакатларда кўмир қазиб олиш ва пўлат ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошади. EКПҲ оғир саноатга асосланган ушбу мамлакатлар иқтисодиётини модернизация қилишга имкон яратди ва Европада нафақат янги урушнинг олдини олади, балки эски душманларни иттифоқчига айлантиради.
Иттифоқ томон қадамлар
Кўмир ва пўлат пакти муваффақиятидан сўнг ҳамжамиятга аъзо давлатлар иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштиришга ҳаракат қила бошлайди. Ҳамжамият 1957 йил Рим келишувлари деб номланувчи бир неча шартномани имзолайди. Уларга кўра, олти давлат (Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Белгия, Люксембург) инсонлар, маҳсулотлар, хизматлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланиши учун барча тўсиқларни олиб ташлаш, Европа иқтисодий ҳамжамияти ташкилотини тузиш ва 1968 йилгача барча божхона тўловларини бекор қилишга келишиб олади.
Шунингдек, Рим келишувлари доирасида Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти (Евратом) ҳам тузилади.
Кўҳна қитъада ҳали рақобат кайфияти мавжуд эди. Буюк Британия Европа иқтисодий ҳамжамиятига (EИҲ) муқобил сифатида 1960 йилда Европа эркин савдо ассоциациясини тузади. Бу ташкилотга Британиядан ташқари, Дания, Швеция, Норвегия, Финландия, Австрия, Швейцария ва Португалия аъзо бўлади. Аммо Лондон тез орада EИҲ самаралироқ ташкилот эканини тушунади ва унга қўшилишга ҳаракат қилади. Лекин Франция президенти Шарл де Голлнинг ҳамжамиятга янги аъзоларни қабул қилмаслик ҳақидаги позицияси сабаб Британия ташкилотга қўшила олмайди. Фақатгина Шарл де Голл Франция президенти лавозимидан кетиб, унинг ўрнини Жорж Помпиду эгаллагачгина Британия, Дания ва Ирландияни ҳамжамиятга қабул қилиш масаласи ижобий ҳал бўлади.
1967 йилда уч тузилма — Европа иқтисодий ҳамжамияти, Евратом ва Европа кўмир ва пўлат ҳамжамияти ягона ташкилот — Европа ҳамжамиятига бирлашади.
Ҳамжамият умумий тузилмалар — Европа комиссияси (олий вакиллик органи), Европа парламенти (қонун чиқарувчи орган), Европа Кенгаши (Вазирлар йиғилиши) ва Европа судини ташкил қилиш борасида иш олиб боради.
Тез орада ҳамжамиятга аьзо мамлакатлар миллий валюталаридаги тебранишларни тартибга солиш бўйича ҳаракатлар бошланади («Европа валюта илони» дастури). Бу умумий валюта яратиш йўлидаги илк қадам бўлади.
Европа ҳамжамияти етакчилари ўзларининг бирдамлигини кўрсатиш мақсадида бой ҳудудлардан камбағал ҳудудларга пул ўтказиш, йўл ва коммуникацияларни яхшилаш, сармоя жалб этиш ва иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи Европа минтақавий ривожланиш фондини (EМРФ) тузади.
1973 йилдан 1981 йилгача Европа ҳамжамияти умумий бозор, чегара ва валюта борасида қизғин мунозаралар олиб боради. Бу музокаралар доирасида, аъзо давлатлар орасида паспорт ва виза назоратини соддалаштириш кўзда тутилган Шенген келишуви имзоланади.
1979 йилда ҳамжамиятнинг қонун чиқарувчи органи — Европа парламентига биринчи тўғридан тўғри сайловлар ўтказилади. Европа ҳамжамияти фуқаролари биринчи марта Европарламент депутатларини бевосита сайлайди. Бунга қадар депутатлар миллий парламентлар томонидан тайинланган. Европарламент аъзолари миллий делегациялар таркибида эмас, балки умумевропа сиёсий гуруҳларида (социалистлар, консерваторлар, либераллар, яшиллар ва бошқалар) ўтиради.
Аввалига Греция (1981), кейинроқ Португалия ва Испания (1986) Европа ҳамжамиятига қўшилади. Ҳамжамият янги аъзоларни қабул қила бошлаган бўлса-да, бу жараён йиллаб давом этган (масалан, Португалиянинг ташкилотга қўшилиш бўйича музокаралар 9 йилга чўзилган).
Янги аъзолар қўшилиши ва алоқалар мустаҳкамланиши фонида Европа ҳамжамияти ниҳоят умумий бозорни яратиш борасида аниқ қадам ташлашга қарор қилади — 1986 йил Ягона Европа акти имзоланади.
Актга кўра, аъзо мамлакатлар учун ягона бозор яратишнинг сўнгги муддати 1993 йил этиб белгиланади. Шунингдек, ушбу акт доирасида жуда муҳим ўзгариш қабул қилинади — Европа кенгашида овоз бериш йўли билан қабул қилинувчи қонунларни бир овоздан маъқуллаш ўрнига кўпчилик овози билан маъқуллаш амалиёти жорий этилади. Бу умумий қонунларнинг ижросини тезлаштиради.
Сўнгги босқич — иттифоқ
1992 йил Нидерландиянинг Маастриҳт шаҳрида Европа иттифоқи ташкил қилинади. Европа ҳамжамиятига аъзо 12 мамлакат (Белгия, Буюк Британия, Греция, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Франция ва Германия) янги иттифоқнинг уч асосий устунини ўрнатади:
- Иқтисодий ва валюта иттифоқи;
- Умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати;
- Ички ишлар ва адлия соҳасидаги умумий сиёсат.
Европа Иттифоқининг пул-кредит сиёсатини юритиш учун Европа Марказий банки ва Европа Иттифоқи давлатларининг миллий марказий банкларидан ташкил топган Европа Марказий банклари тизими ташкил этилади. 1999 йилда ягона валюта — евро жорий этилади орадан уч йил ўтиб муомалага киритилади.
Маастриҳт шартномаси 1993 йил 1 январдан бошлаб кучга киради ва расман Европа иттифоқи ташкил топади.
Кейинги йилларда иттифоққа Австрия, Финландия (Аланд ороллари билан бирга) ва Швеция қўшилади.
СССР парчаланиши билан Европа иттифоқи жуда тез кенгаяди. 2004 йил ЕИ учун муҳим йил бўлади. Шу йили иттифоқ ўнта янги аъзони (Эстония, Латвия, Литва, Полша, Чехия, Словакия, Венгрия, Словения, Кипр, Малта) қабул қилади.
Иккига бўлинган Кипрнинг (Туркия ва Греция кураши сабаб) иттифоққа қўшилиши «эски» аъзолардан баъзиларининг норозилигига сабаб бўлади, бироқ Греция Кипр ташкилотга қабул қилинмаса бутун лойиҳага вето қўйиш билан таҳдид қилади. Натижада оролнинг ҳар икки қисмида ўтказилган референдумдан сўнг Кипр ҳам Европа иттифоқига қўшилади. Бироқ иттифоқ юрисдикцияси фақатгина Жанубий Кипрда амал қилади.
Янги аъзолар, янги муаммолар
Янги ўн аъзо иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражаси бўйича «эски» аъзолардан анча орқада эди. Шу туфайли иттифоқнинг асосий иқтисодий юки етакчи аъзолар зиммасига тушади. Бироқ, бу давлатлар (Франция, Германия, Буюк Британия, Италия ва Испания) бутуниттифоқ бюджетига берадиган маблағни ЕИ ҳужжатларида белгиланган ЯИМнинг 1 фоизи даражасидан оширишни хоҳламайди.
Яна бир муаммо, аъзолар кўпайиши билан энг муҳим қарорларни консенсус (келишув) йўли билан қабул қилиш тамойили самарасиз бўлиб қолиши эди. Жумладан, 2005 йилда Франция ва Нидерландияда бўлиб ўтган референдумларда Европа Иттифоқининг ягона Конституцияси лойиҳаси рад этилади. Натижада ягона Конституция лойиҳаси барбод бўлади (чунки аъзо давлатларнинг бирортасида Конституция шартномаси ратификация қилинмаса, Конституция қабул қилинмас эди). Европа Иттифоқи ҳозир ҳам Британия каби бир қатор фундаментал шартномалар асосида фаолият юритади.
Янги аъзолар ортидан янги муаммолар пайдо бўлиши Европа иттифоқини эҳтиёткор бўлишга мажбур қилди. Евроиттифоқ конфедерацияга қўшилишга номзод давлатлар олдига коррупцияга қарши кураш, миллий қонунчиликни умумиттифоқ қонунчилигига мослаб ислоҳ қилиш, ижтимоий барқарорликка эришиш, ҳудудий низолардан холи бўлиш ва демократик тартибларни жорий қилиш каби талабларни қўя бошлайди.
Хусусан, шундай талаблар сабаб Украинанинг иттифоққа қўшилиши ортга сурилади. Ушбу талабларни деярли тўлиқ бажарган Руминия, Болгария ва Хорватия (энг янги аъзо) иттифоққа қабул қилинади.
Бироқ ҳозирги кунда ҳам Евроиттифоқнинг асосий муаммоларидан бири — кучли саноатлашган шимол ҳамда кам урбанизациялашган ва қишлоқ хўжалигига мослашган камбағал жануб ўртасидаги бойлик ва иқтисодий ўсишдаги номутаносиблик ўз ечимини топмаган.
Саноатлашган шимол ва қишлоқ хўжалигига асосланган жануб умумий валютадан фойдалангани сабабли, жанубий иқтисодиётлар халқаро рақобатбардошлигини ошириш учун валюта қадрсизланишидан фойдалана олмайди. Девалвациясиз жанубий экспортчилар охир-оқибат маҳсулдорликнинг тезроқ ўсишидан фойда кўрадиган шимолий рақобатчилар билан деярли рақобатлаша олмайди. Масалан, АҚШда бу муаммо федерал траферeт тўловлари ёрдамида ҳал қилинади. Қоидага кўра, бой штатлар федерал фойдадан ўз даромадига нисбатан кам улуш олади, кам даромадли штатларга эса каттароқ улуш ажратилади.
Ҳамжиҳатлик
2008 йилги молиявий инқироз Европа иттифоқи учун илк жиддий синов бўлди. Ушбу инқироздан Греция, Ирландия ва Португалия энг кўп зарар кўрди. Грецияда вазият охирги нуқтага етди. Европа банки бу давлатларга молиявий тежамкорлик чораларини кўриш шарти билан дотациялар ажратди.
Европа иттифоқи ва Европа Марказий банки юқоридаги мамлакатларнинг давлат ва банк қарзларини камайтириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Шунинг эвазига бу давлатлардаги инқироз тўлқини пасайди.
Евроиттифоқ иқтисодий муаммоларга дуч келган аьзо мамлакатларга ёрдам бериш учун «Европани барқарорлаштириш механизми»ни ишга туширди. Унга биноан Евроиттифоқнинг доимий фонди ташкил этилади.
Европа иттифоқининг кейинги инқирози Brexit бўлди. Иттифоқнинг энг катта иқтисодларидан бири бўлган Британиянинг тузилмадан чиқиш кўплаб юридик ва молиявий муаммоларни келтириб чиқарди. Бугунги кунга қадар бу масалаларнинг катта қисми ҳали ҳам ҳал қилингани йўқ.
Евроиттифоқ бирлигини мустаҳкамлаган сўнгги воқеа Россиянинг Украинга бостириб кириши бўлди. Европа иттифоқи унга қўшилишни истаган ва бу йўлда ҳаракат қилаётган Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Куч ишлатмаслик тамойили тарафдори бўлган Европа мамлакатлари Россиянинг қурол кучидан фойдаланишига қарши чиқди ва унга нисбатан санкциялар жорий қилди. Иттифоқнинг баъзи аъзолари учун бу санкциялар ноқулайлик туғдирса-да, умумиттифоқ органлари, хусусан, Еврокомиссия бир қатор қатъий чоралар кўришга муваффақ бўлди.
Ҳозирда Европа иттифоқи дунёнинг энг жозибадор бирлашмаларидан бири. Кўплаб давлатлар (Шимолий Македония, Сербия, Молдова, Туркия, Арманистон, Гуржистон) бу харид қуввати баланд, улкан имкониятларга эга бозорга киришга ҳаракат қилмоқда. Баъзи сиёсий зиддиятлар кўзга ташланаётган бўлса-да, Европа иттифоқини умуман жаҳондаги энг ҳамжиҳат ташкилот деб аташ мумкин.
Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади
Мавзуга оид
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
01:00 / 31.10.2024