Роналду Португалия учун 200-ўйинини ўтказди. Унинг миллий жамоа либосидаги асосий ўйинлари қандай кечган?
Криштиану — Гиннесс рекордлари китобида.
Криштиану Роналду тўхташ ҳақида ўйламаяпти: 20 июн куни у Португалия миллий жамоаси учун 200-ўйинини ўтказди ва миллий жамоадаги ўйинлар сони бўйича Гиннесс рекордлар китоби сертификатини олди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас: Португалия учун юбилей ўйинида 38 ёшли форвард 89-дақиқада Исландия дарвозасига ғалаба голини урди. Криш бу оқшомни узоқ вақт хотирасида сақлаб қолиши тайин. Қуйида Роналдунинг миллий жамоа сафида ўтказган бошқа унутилмас ўйинлари ёдга олинади.
1-ўйин
Португалия — Қозоғистон — 1:0, 2003 йил 8 август. Ўртоқлик ўйини
Криштиану 2003 йил августида, ҳали жуда ёшлигида миллий жамоа учун дебют қилган: «Манчестер Юнайтед» сафига ўтганига бир ҳафта бўлганида ушбу йигитча ўшанда португалияликларга устозлик қилган Луис Фелипе Сколари томонидан асосий жамоага чақирилади. У Қозоғистонга қарши ўртоқлик учрашувининг иккинчи бўлимида Роналдуни майдонга чиқаради. Эътиборли жиҳати шундаки, Португалиянинг бўлажак юлдузи танаффусда ўтмиш юлдузи — Луиш Фигуни алмаштиради.
Майдонга тушганига икки дақиқа бўлганида Криш тўпни эгаллаб рақиб дарвозаси томон чопади ва гол уришига бир бахя қолади, аммо дарвозабон Юрий Новиков хавфни бартараф этади. Ёш дебютант ўйинда гол ура олмайди, лекин бир қанча хавфли вазиятлар яратиб, ўзининг ажойиб техникасини намойиш этади ва дарҳол тилга тушади.
10-ўйин
Испания — Португалия — 0:1, 2004 йил 20 июн, Евро-2004 гуруҳ босқичи ўйини
Вундеркиндани 2004 йилги Европа чемпионати учун таркибга жалб қилишади, шунчаки пиар учун эмас. Рон турнир давомида захира футболчисидан асосий таркибнинг алмаштирилмас футболчисига айланади ва испанларга қарши гуруҳ босқичидаги ўйин унинг миллий жамоада илк бор бошланғич таркибда тушиши бўлади. Бунгача ўтказилган икки турда португаллар грекларга ютқазган ва россияликларни мағлуб этишганди — плей-оффга чиқиш учун 3-турда фақат ғалаба керак эди.
Бу вақтга келиб Криштианунинг истеъдоди ҳақида бутун Европада гапира бошлашган, шунинг учун рақиблар унга кўнгилчанлик қилиб ўтиришмасди. Яримҳимоячи тўпни қабул қилиши билан унга дарҳол икки рақиб ташланарди. Роналду 85 дақиқа ўйнайди ва майдонни олқишлар остида тарк этади, бир неча дақиқа ўтиб арбитр португалларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси ва плей-оффга чиқишини қайд этади. Португалия финалгача етиб боради ва ҳал қилувчи баҳсда турнирдаги иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олади — яна ўша греклардан.
50-ўйин
Озарбойжон — Португалия — 0:2, 2007 йил 13 октябр, Евро-2008 саралаш ўйини
2007 йилга келиб Криштиану ҳали 22 ёшда эканига қарамай, АПЛда ва бутун дунё миқёсида тўлақонли юлдузга айланиб бўлганди. Қолаверса миллий жамоани сардорлик боғичи остида майдонга бошлаб тушишга ҳам улгурганди — бразилларга қарши ўртоқлик ўйинида.
Тахминан ўша вақтларда португалиялик футболчи тезкор ва технар вингердан гол машинасига айланиши бошланади: Евро-2008 саралашида у белгияликлар, поляклар, қозоқлар ва арманлар дарвозасига голлар уради. 50-ўйин Озарбойжонга қарши тўғри келади, аммо бу ўйинда Криштиану дарвозани ишғол эта олмайди. Роналдуга қарши аёвсиз фоллар қилишади ва тўпга эгалик қилмаслиги учун тирсак билан зарбалар беришади. Натижада Криш чиндан ҳам ўйинга қўшилиб кета олмайди, аммо унинг ўрнига Бруну Алвеш ва Угу Алмейда гол уришади.
100-ўйин
Португалия — Шимолий Ирландия — 1:1, 2012 йил 16 октябр, ЖЧ-2014 саралаши
Роналдунинг навбатдаги юбилей ўйини Шимолий Ирландияга қарши кечади. Озарбойжонга қарши ўйиндан буён жуда кўп сув оқиб ўтганди: Криштиану «Реал»да тинимсиз гол урар ва ҳам клубда, ҳам миллий жамоада асосий юлдуз эди. У энди АПЛда тўп сурувчи умидли футболчи, дриблер-симулянт эмас, балки «Олтин тўп» соҳиби ва миллионлаб мухлислар кумири эди.
Лекин юзинчи ўйинида Роналду у қадар ёрқин ўйин кўрсата олмади. У гол урмасдан майдондан олинади, Португалия эса 79-дақиқагача ҳисобда ортда бораётган, фақат Элдер Поштиганинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни тенглаштирганди.
150-ўйин
Португалия — Жазоир — 3:0, 2018 йил 7 июн, ўртоқлик ўйини
Бу Криштиану голли ҳаракат амалга оширган илк юбилей бўлади: ўшанда сардор Бруну Фернандешга голли узатма беради ва жазоирликлар йирик ҳисобда тор-мор этилишида иштирок этади. Бу Роналдунинг Россиядаги 2018 йилги жаҳон чемпионати арафасидаги сўнгги ўйини эди: мундиалда эса у испанлар дарвозасига ҳет-трик қайд этади, марокашликлар билан ўйинда ғалаба голини уради, аммо жамоаси билан 1/8 финалда Уругвайга ютқазиб, турнирни тарк этади.
Биринчи
- Криштиану Роналду миллий жамоа сафида 200 ўйин ўтказган тарихдаги илк футболчи бўлди. Португалияликнинг бу борадаги асосий рақобатчиси, кувайтлик форвард Бадир Ал-Мутава 196-ўйинидан кейин тўхтаган, сўнгги бир йил давомида бирорта ўйинда майдонга тушмаган. Халқаро фаолиятида 160 дан ортиқ ўйинда майдонга чиққан футболчилар қаторида Лионел Месси (175) ва Лука Модрич (166) кабилар ҳам бор.
Роналдунинг миллий жамоа учун топ-5 ўйини
5. Португалия — Нидерландия — 2:1, 2012 йил 17 июн, Евро-2012 гуруҳ босқичидаги ўйин
Гуруҳнинг якуний ўйинида португалларга ғалаба керак ва параллел учрашувда данияликлар ҳам немислар билан ўйинда мағлубиятга учраши жамоа фойдасига ишларди. Нидерландлар эса 11-дақиқадаёқ ҳисобни очиб, Португалияни ўта ноқулай ҳолатга тушириб қўйишади.
28-дақиқада Роналду офсайд чизиғида идеал ҳаракатланиб, ҳисобни тенглаштиради. Кейин эса Стекеленбург дарвозаси томон адоқсиз қамал бошланади. Португаллар дарвоза сари 22 зарба йўллашади, шундан 9 таси дарвоза соҳасига аниқ боради ва фақат 74-дақиқада Криштиану ундан кутилган ишни амалга оширади. У алдамчи ҳаракати билан ҳимоячи ва дарвозабонни бир томонга ташлайди ва совуққонлик билан иккинчи голни уради. Португалия Роналдунинг голи эвазига Чехияни ҳам енгади, аммо яримфиналда энг яхши йилларини ўтказаётган испанларга дуч келишади ва пеналтилар сериясида мағлуб бўлади.
4. Португалия — Швейцария — 3:1, 2019 йил 5 июн, Миллатлар лигаси-2019 яримфинали
Бу Кришдан бошқа ҳеч ким фахрлана олмайдиган ютуқ. У — Миллатлар Лигаси кубогини боши узра биринчи бўлиб кўтарган футболчи. 2019 йилда унинг жамоаси яримфиналга чиқиб, Швейцарияга қарши майдонга чиқади. У бу ўйинда ҳет-трик амалга оширади (ўша вақтда бу унинг миллий жамоадаги еттинчи ҳет-триги бўлганди), голлардан бирини эса жарима зарбасидан киритади. Тўп ҳимоячилар боши устидан учиб ўтади ва узоқ бурчакка бориб тушади.
Якунда Португалия миллий жамоаси финалда Нидерландияни енгади ва нуфузли совринни қўлга киритади.
3. Португалия — Уэлс — 2:0, 2016 йил 6 июл, Евро-2016 яримфинали
Мадриднинг «Реал» клубининг асосий юлдузлари Криштиану ва Гарет Бэйл тўқнашуви бутун Европа бўйлаб миллионлаб томошабинлар диққат марказида туради. Португалларнинг ўз кучига ишончи ошган ва халқаро майдонлардаги илк совринни қўлга киритишга жиддий бел боғлаганди (бунгача Португалия жаҳон чемпионатида ҳам, Европа чемпионатида ҳам ғолиб бўлмаганди).
Турнирда сенсация кўтариб яримфиналга чиқиб келган Уэлсга қарши ўйинда Криш бутун майдон бўйлаб югуради ва мудофаага ёрдам беришдан ҳам тортинмайди, якунда бир гол уриб, бир голга узатма беради. Аввалига бурчак зарбасидан кейин ўз услубида ҳавода тўп учун курашда рақибнинг барча ҳимоячиларидан устун келиб, боши билан ҳисобни очади, бир неча дақиқадан кейин унинг жарима нуқтасидан берган зарбаси Нанига голли узатмага айланади. Бэйл қолган вақт ичида жамоасини қутқара олмайди ва бу қарама-қаршиликда КриРо устун келади. Финалда португаллар Францияни мағлуб этишади, ўйин бошида жароҳат олиб сафдан чиққан Роналду ёрдамчи мураббий вазифасида ўзини синаб кўради, ўйиндан кейин эса фаолиятидаги асосий совринни, миллий жамоа билан қўлга киритилган кубокни боши узра кўтаради.
2. Португалия — Венгрия — 3:3, 2016 йил 22 июн, Евро-2016 гуруҳ босқич ўйини
Ҳақиқий триллер — ва яна ўша Евро ўйини. Венгрлар гуруҳдаги ҳал қилувчи ўйинда уч бор олдинга чиқиб олишади, португаллар уч бор жавоб қайтаришади. Жамоалар ким плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма олиши масаласини (биринчи ёки иккинчи ўрин билан) ҳал қилишади, учинчи ўринда қолган жамоага ҳеч нарса кафолатланмасди.
Роналду ўйинда борини беради: дубл расмийлаштиради ва яна бир голга узатма амалга оширади. Голларидан бирини форвард қанотдан берилган узатмага идеал даражада мослашган ҳолда товони билан уради. «Бу ақл бовар қилмас ўйин эди. Биз уч бор Европа чемпионатини тарк этдик [ўйин давомида] ва ҳар сафар қайта олдик. Бу оғир ўйин эди, барча нарса қайнади, аммо асосий мақсад олдинга бориш эди», — дея эслайди Криштиану бу ўйинни.
1. Португалия — Испания — 3:3, 2018 йил 15 июн, ЖЧ-2018 гуруҳ босқичи
Бутун Сочи курортини ларзага солган ўйин. Топ жамоалар тўқнашувининг илк дақиқаларидан Роналду пеналти ишлайди ва ўзи аниқ ижро этади, биринчи бўлим охирида эса кучли зарбаси билан тўпни Давид де Хеанинг оёқлари орасидан ўтказади. Иккинчи бўлим бошида эса испанлар кетма-кет голлар уришади ва энди португаллар 2:3 ҳисобида ютқаза бошлашади. Аммо ўйин охирида Португалия жарима зарбаси ижро этиш ҳуқуқига эга бўлади. Криштиану учун бу оғриқли мавзу эди — у анча вақтдан буён жарима зарбасидан гол ура олмаётганди. Аммо бу сафар барчаси ўхшайди — идеал зарба ва чиройли гол жамоани мағлубиятдан қутқариб қолади.
- Миллий жамоа учун урилган голлар бўйича пойгада Роналду 14 голлик фарқ билан эронликлар афсонаси Али Дайини ортда қолдириб кетган. Месси эса 20 гол фарқи билан учинчи ўринда.
Мавзуга оид
11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди
20:39 / 12.10.2024
Португалия парламенти сиёсий бошпана олувчилар учун гуманитар виза беришни маъқуллади
15:30 / 12.10.2024
Португалияда Gotbit криптокомпаниясининг россиялик раҳбари ушланди
23:46 / 18.09.2024