Жаҳон | 11:14 / 23.06.2023
8447
3 дақиқада ўқилади

Германия президенти Бишкекни Россияга қарши санкцияларга риоя қилишга чақирди

Франк-Валтер Штайнмайерга кўра, Қирғизистон БМТ Бош ассамблеясида Украинадаги уруш масаласи бўйича овоз беришда бетараф қолганига Берлин тушуниш билан қараган.

Фото: president.kg

Қирғизистонда расмий ташриф билан бўлган Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер Бишкекни Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкцияларга риоя қилишга чақирди. 22 июнь, пайшанба куни қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Германия давлати раҳбари Берлин Қирғизистоннинг БМТ Бош ассамблеясида Украинадаги уруш масаласи бўйича овоз беришда бетараф қолганини тушунишини таъкидлади. Республика Россия билан кўплаб тарихий, иқтисодий, маданий ва инсоний алоқаларга эга экани фонида ГФР «БМТдаги овоз беришни Қирғизистон ҳарбий куч ишлатишни оқлайдиган сигнал сифатида кўрмайди», деди Штайнмайер. 

Музокараларнинг асосий қисми икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларга бағишланди. «Германия Марказий Осиё давлатлари билан яқинроқ ҳамкорлик қилишни истайди, айниқса, биз яшаётган мана шундай кескин даврда», - деди Штайнмайер. Жапаров, ўз навбатида, икки давлат ўртасида «ҳамкорлик учун жуда катта фойдаланилмаган салоҳият» мавжудлигини таъкидлаб, инвестициялар ҳажмини ошириш ва немис технологияларини Қирғизистонга ўтказишга умид билдирди. Бунга жавобан Германия президенти сармоядорларни муайян шартлар қизиқтираётганини таъкидлади. «Бу, жумладан, демократик стандартларга риоя қилиш ва қонун устуворлигини ўз ичига олади», — деди у. Штайнмайер, шунингдек, немис бизнесига Жапаровнинг коррупцияга қарши кураш, бунинг учун зарур бўлган ҳуқуқ-тартибот ва суд органларини ривожлантириш Қирғизистон президентининг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳақидаги баёнотларини етказишини таъкидлади. 

Германия ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳанузгача анча паст даражада. Germany Trade & Invest маълумотларига кўра, 2021 йилда Германия 20 миллион еврога яқин маҳсулот импорт қилди ва 49 миллион евродан сал камроқ қийматдаги товарларни экспорт қилди. Немис компанияларининг Қирғизистондаги сармоявий фаоллиги ҳам паст. Шу билан бирга, Германия Марказий Осиё республикасига хомашё бўйича қизиқиш билдирмоқда. Бу ерда нодир металлар ва олтиннинг йирик конлари бор, дея эслатади dpa агентлиги. 

Мавзуга оид