Ўзбекистон | 13:27 / 27.06.2023
9163
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятининг бирорта туманида 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфлари қолмайди – Шавкат Мирзиёев

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бугун, 27 июнь куни жиззахлик сайловчилар билан учрашиш учун вилоятга ташриф буюрди. Номзод жиззахликларни ўзининг 7 йиллик сайловолди дастури билан таништириш чоғида таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмага оид режаларига ҳам тўхталди.

Фото: ЎзЛиДеП

Таълим

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Мирзиёев 2030 йилга қадар:

- янги мактаблар қуриш, мавжудларининг қувватини ошириш, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 75 минг ўқувчи ўрни яратиш;

- вилоятнинг бирорта туманида 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфларини қолдирмаслик;

- барча мактаблар замонавий компьютер синфи, интерактив доска ва ўқув лабораторияси билан жиҳозлаш;

-  400 та янги боғча ташкил этиш ҳисобига, вилоятда мактабгача таълимга эҳтиёж тўлиқ – 100 фоизга қоплаш;

-  барча боғча ва мактабларда фильтрланган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйишни мақсад қилган.

Тиббиёт

Келгуси етти йилда Жиззахда 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари ишга туширилади. Ғаллаорол ва Пахтакорда туманлараро перинатал марказлар очилади.

Бундан ташқари, вилоятда болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилади. Бунинг ҳисобига ҳар йили 500 нафардан зиёд юрак нуқсони бор болаларда мураккаб операциялар ўтказилади”, деди номзод.

Инфратузилма

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, одамларнинг уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.

Шунингдек: “Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига эътиборни янада кучайтирамиз. Келгуси йилда Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувурни тортиш ҳисобига, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг сув таъминоти тубдан яхшиланади.

Сув таъминоти оғир бўлган 100 та маҳаллада 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ўтказилади. Натижада, 320 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади”, деди у.

2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказиш режа қилинган.

Мавзуга оид