Жаҳон | 11:53 / 28.06.2023
15369
5 дақиқада ўқилади

Исроил Ғарбий соҳилдаги аҳоли манзилларини кенгайтирмоқда. АҚШ бунга кескин қарши

Исроил Ғарбий соҳилдаги аҳоли манзилларини катта кўламда кенгайтириш режасини эълон қилди. АҚШ оккупация қилинган ҳудуддаги аҳоли яшаш манзилларида минглаб янги уйлар қуриш бўйича улкан режаларга жавобан Ғарбий соҳилдаги Исроил университетларини молиялаштиришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.

Фото: Getty Images

Мамлакат тарихидаги энг ултра-консерватив ҳукумат ҳисобланувчи ҳозирги Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда кўчиб борувчилар учун 6 мингга яқин янги уй қуриш режасини маъқуллади. Бу жуда катта қурилиш лойиҳаси.

Ғарбий соҳилда кучайиб бораётган зўравонлик тўлқини фонида қабул қилинган бу қарор нафақат Фаластин, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қораланди. Ҳатто Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам бу қадамга кескин қарши чиқди ва агар янги аҳоли яшаш манзиллари қурилишига яшил чироқ ёқилса, Ғарбий соҳилдаги Исроил университетларини молиялаштиришни тўхтатиш билан таҳдид қилди.

Қаттиқ норозилик ва кучли иштиёқ

Ғарбий соҳилдаг Фаластин қишлоғида ёқиб юборилган автомобиллар

Фаластин ҳудудларида янги аҳоли яшаш манзиллари қурилишига қарши чиққан Исроилнинг Peace Now ташкилоти маълумотига кўра, йил бошидан бери Ғарбий соҳилда 13 мингга яқин турли қурилиш босқичидаги уй бўлган. Бу бутун 2022 йилдагидан уч баробар кўп.

«Исроил ҳукумати бизни жуда тезкор суръатда Ғарбий соҳилни тўлиқ аннексия қилиш томон етакламоқда», дейилади ташкилот баёнотида.

Халқаро ҳуқуққа кўра, босиб олинган ҳудудларда бундай қурилишни амалга ошириш ноқонуний ҳисобланади, бироқ Исроил масаланинг бу ечимига рози эмас.

Эли қишлоғида минглаб янги уйлар қуришни назарда тутувчи янги режалар фаластинликлар ҳужуми оқибатида бу ерга кўчиб келган бир неча киши ҳалок бўлганидан бир ҳафта ўтиб эълон қилинди.

Ҳужумга жавобан қуролланган кўчиб келганлар Фаластиннинг бир неча қишлоқларини вайрон қилди ва ёқиб юборди. Шундан сўнг мамлакат ҳарбий раҳбарияти ва Шин Бет хавфсизлик хизмати кучлари қўшма баёнот чиқариб, Исроилдан келган кўчманчиларга мурожаат қилди ва улардан бундай қасос ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилди.

Кўчманчиларнинг ўзи ҳукуматнинг янги қурилишлар тўғрисидаги қарорини катта иштиёқ билан қабул қилди.

Ғарбий соҳилдаги қишлоқда армия блокпости

«Мен Исроил ҳукуматига Исроил аҳоли яшаш манзилларини доимий равишда кенгайтириш ташаббуси учун миннатдорчилик билдираман. Айниқса, ҳозир, мана шу оғир кунларда, бу бизни йўқ қилишни хоҳловчи барчага сионистларнинг энг муносиб жавоби бўлади», дейди маҳаллий кенгаш раҳбари Гуш-Эцион Шломо Нееман.

Ўз навбатида, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг янги ҳукумати билан муносабатлари яхши кетмаётган, Исроилга ҳам очиқ, ҳам шахсий тарзда босиб олинган ҳудудларда аҳоли яшаш манзилларини кенгайтириш сиёсатидан норозилигини бир неча бор билдирган Вашингтон янги воқеалардан чуқур хавотирда эканини маълум қилди.

«Аҳоли яшаш пунктлари кенгайиши икки давлат ғоясининг географик мавжудлигини бузади, кескинликни оширади ва икки томон ўртасидаги ишончга янада путур етказади», дейди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер.

Илм-фанга зарба

Америка санкцияларидан биринчи навбатда Ариэл университети жабр кўриши мумкин

Оқ уй баёнотларидан сўнг аниқ қадамлар ташланди. АҚШ Ғарбий соҳилдаги Исроил университетлари ва институтларида олиб бориладиган илмий тадқиқотларни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилди ва бу билан улар Фаластин ҳудудларини босиб олишни маъқулламасликлари ҳақида аниқ тушунча берди.

Бу қарор 1982 йилда, Ғарбий соҳилдаги янги аҳоли яшаш манзилида ташкил этилган йирик тадқиқот маркази бўлмиш Ариел университетига энг катта таъсир кўрсатади.

Мэтю Миллернинг таъкидлашича, АҚШ «Исроил билан илмий ва технологик ҳамкорликни жуда қадрлайди», аммо Ғарбий соҳилдаги илм-фанни субсидиялашга қўйилган чекловлар «Американинг узоқ йиллик позициясини акс эттиради».

Дарҳақиқат, Жо Байден маъмуриятининг янги қадами Доналд Трампнинг Исроил Ғарбий соҳил ҳудудини ноқонуний эгаллаб тургани ҳақидаги халқаро нуқтайи назарга беписанд бўлиш ва ҳатто Ғарбий соҳилда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни «Исроилда ишлаб чиқарилган» деб белгилаш ғоясини тасдиқлаш сиёсатини бекор қилади.

Бироқ, Оқ уйнинг «илмий ташаббуси» аллақачон ички қаршиликка дуч келган. Мисол учун, Байденнинг ашаддий танқидчиси, сенатор Тед Круз президент маъмуриятини Ғарбий соҳилда яшовчи яҳудийларга қарши «антисемит дискриминация» ва «Исроилни ўнгланмайдиган тарзда синдириш кайфияти»да айблаган.

Мавзуга оид