Куни кеча Хитойдан Ўзбекистонга янги логистик коридор орқали илк юклар етиб келди. Сямин портида кемага ортилган 39 та контейнер аввалига Эроннинг Бандар-Аббос портига денгиз орқали, ундан темирйўлда Туркманистон орқали Ўзбекистонга кириб келди.

Шундан келиб чиқиб, Kun.uz “Геосиёсат” рукнидаги суҳбатларининг навбатдагисини Ўзбекистоннинг логистика ва транзит имкониятларига бағишлади. Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Наргиза Умарова бўлди.

— Ўзбекистоннинг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаати юзасидан трансафғон темирйўли қанчалик муҳим ва бу лойиҳа истиқболи қандай?

Наргиза Умарова: Бугуни кунда Ўзбекистон ташқи логистика алоқаларинини мустаҳкамлаш ва янги транспорт йўлакларини яратиш бўйича чуқур сиёсат олиб бормоқда. Энг кўп айтилаётган йўналиш бу – трансафғон темирйўлидир, яъни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан бошланиб Покистоннинг Пешовор шаридан Гвадар портига чиқиб кетишни назарда тутади.

Аслида бу лойиҳанинг биринчи варианти ҳам бор эди, 2017 йил ўша вақтдаги Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон томони билан трансафғон темирйўлини қуришга келишишган эди. 2011 йилда Ҳайратондан Мозори Шарифгача қурилган темирйўл Ҳиротга, ундан Эроннинг Ҳаф шаҳригача давом этиши назарда тутилганди. Афғонистон орқали Эронга олиб борувчи йўлнинг Ўзбекистон қуриши керак бўлган қисми қурилиши бошланмай қолган.

Покистон орқали ўтувчи трансафғон йўналишида эса асосий масала – хавфсизлик. “Толибон” ҳалигача тан олинмаган, марказлашмаган ва бу йўналишни ишга туширишдаги молиялаштириш масалалари ҳам мавжуд.

Расмийларимиз трансафғон йўлини денгизга чиқиш учун энг яқин йўналиш дейишмоқда, лекин мен бунга қўшилмайман. Чунки Эроннинг Бандар-Аббос орқали биз қулай имкониятларга эга бўлишимиз мумкин. Афсуски, сўнги йилларда Эрон билан муносабатларимиз маълум сабабларга кўра сустлашди, лекин яқинда икки давлат раҳбарлари учрашувидан сўнг лойиҳалар яна жонланди.

Камолиддин Раббимов: Географик жойлашув бу давлатнинг ва миллатнинг тақдири дейишимиз мумкин. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳам дунёдаги энг катта қитъа бўлмиш Евросиёнинг марказида жойлашган. Ватандошларимиз биз Россиянинг қош-қовоғига қарашга мажбурмиз дейди. Сўнги бир ярим асрда Марказий Осиёнинг барча транспорт-логистика йўналишлари Россиянинг измида эди. Масалан, Ўзбекистонга келадиган юкларнинг асосий қисми Россия ва Қозоғистон орқали келади, ҳаттоки интернет кабеллари ҳам шундай. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон тўлақонли геосиёсий мустақилликка эришиш учун Москванинг босим қилиш имкониятларини пасайтириши керак. Шунинг учун ҳам минтақа мамлакатлари трансафғон йўналиши, Эрон, Хитой ёки Туркия орқали ташқи дунёга чиқиш имкониятларини тезлаштириш керак.