Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухорода Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчи аёллари мулоқоти бўлиб ўтди
Бухоро шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркманистон парламентлари раҳбарлари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон парламентлари раҳбарларининг ўринбосарлари, шунингдек БМТнинг ихтисослашган тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, мазкур платформа 2020 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан минтақа хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш мақсадида ташкил этилган. Қисқа вақт ичида у гендер тенглик ва барқарор ривожланишни илгари суришга қаратилган муҳим норасмий минтақавий коалицияга айланган.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева очиб берди. У ўз нутқида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш минтақа тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.



Тадбир доирасида аёлларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги роли, замонавий таҳдидлар, сунъий интеллект, экология, барқарор ривожланиш ва илмий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва рақамли трансформация шароитида илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион ечимлар аҳамияти ортиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, “Илм-фанда аёллар етакчилиги: ҳозирги замон таҳдидлари, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик” мавзусида олима аёллар форуми ҳам бўлиб ўтди. Форумда Марказий Осиё ва Озарбойжон олима аёллари ўртасида барқарор илмий ҳамкорлик платформасини яратиш, тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида илм-фанни молиялаштириш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва аёллар учун илмий соҳадаги институционал тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.



Форум якунида минтақада илмий ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган SheScience Central Asia олима аёлларнинг минтақавий тармоғини яратишни назарда тутувчи Қўшма коммюнике қабул қилинди.

Мавзуга оид
17:39 / 12.05.2026
Марказий Осиё ҳарбийлари АҚШ Қуролли Кучлари ўқув машғулотида иштирок этади
07:57 / 07.05.2026
МО давлатлари тупроқни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли иқлим лойиҳасини тайёрламоқда
20:05 / 06.05.2026
Ҳатто Зеленский ҳам келди: Еревандаги саммитлар нимадан дарак?
19:32 / 28.04.2026