20:20 / 07.07.2023
12818

Тошкент металлургия заводи молиявий танг аҳволга тушиб қолганига муносабат билдирди

ТМЗ, ОАВдаги хабарларга жавобан, таъсисчиларнинг ўзгариши завод фаолиятига таъсир қилмаслиги, давлат компаниянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмаслигини билдирди. Аввалроқ, давлат иштирокидаги бу корхона 2017-2022 йилларда ўнлаб миллион долларлик зарар кўриб, банкротлик хавфи билан юзлашгани ортидан офшордаги таъсисчилар лойиҳадан чиқиб кетгани маълум бўлганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент металлургия заводи ўзининг таъсисчилари ўзгаргани ва банкротлик хавфи билан юзлашгани маълум бўлиши ортидан, бу борада расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ заводнинг 49,9 фоизига Ўзбекистон номидан эгалик қилувчи Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси судга мурожаат қилиб, МЧЖ шаклидаги компаниянинг қолган иккита таъсисчиси – Metalloinvest Holding (41,87%) ва Miramonte Investments (8,23%)ни жамият иштирокчилари қаторидан чиқариб юборишга эришганди.

Жамғармага кўра, бу икки таъсисчининг “ҳаракатсизлиги” заводни банкротлик хавфи остида қолдирган. Хусусан, 2022 йил якунлари бўйича соф зарар 316,8 млрд сўмни, 2017-2022 йилларда тўпланган зарар эса 916,92 млрд сўм (тахминан 79,5 млн доллар)ни ташкил этган.

Суд Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даъвосини қондирган ва офшорда рўйхатда ўтган икки жавобгар таъсисчи жамият иштирокчилари таркибидан чиқарилган. Шу тариқа, завод кўрган зарарлари ва ўз зиммасидаги миллионлаб евролик қарзлар билан, давлат жамғармасининг ихтиёрида қолган.

7 июл куни Тошкент металлургия заводи тарқатган баёнотда 900 млрд сўмдан ортиқ зарар йиғилишининг асосий омиллари очиқланмаган.

“Компания таъсисчилари таркибидаги ўзгаришлар ишлаб чиқариш барқарорлигига ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажариш имкониятига таъсир қилмайди.

ТМЗ қарздорлиги тижорат фаолияти орқали тўланади. Давлат Компаниянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас”, – дейилади баёнотда.

Компания “қурилиш ва ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун кредит жалб қилиш йирик корхоналар учун одатий ҳол” эканини қайд этиб, завод, тасдиқланган режага мувофиқ, 2026 йилдан даромадга киришни режалаштираётганини маълум қилган.

Маълумот учун, 2020 йилда ишга туширилган Тошкент металлургия заводи рухланган ва полимер қопламали совуқ ҳолда ёйилган пўлат прокат ишлаб чиқаради.

Завод лойиҳасининг умумий қиймати аввалига 278,2 миллион еврога баҳоланган, кейинчалик бу миқдор 334,47 млн еврогача оширилган.

Шундан 164,5 миллион евро Россия экспорт-импорт банкининг 10 йилга берилган кредити, 154,7 миллион евро Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, 15,1 миллион евро эса Асакабанк кредити ҳисобланади. Лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати 9,3 йил деб кўрсатилган.

Заводни 49,7 гектар майдонда қуриш лойиҳаси Россиянинг “Метпром” гуруҳи томонидан тайёр ҳолатда топшириш шарти асосида амалга оширилган. Лойиҳани амалга оширишни SFI Management Group хорижий компанияси бошқарган.

Top