19:09 / 07.07.2023
9326

Uzum Market маркетплейс сотувчилари учун мамлакатдаги йирик логистика мажмуасини қурмоқда

Uzum Market майдони 112 минг квадрат метрдан катта бўлган омбор мажмуасини қуришга киришди. Бу билан 5000 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Фото: Uzum Market

Атиги 9 ой ичида Uzum Market платформасида ўзбекистонлик 5 мингдан ортиқ тадбиркор ва компаниялар ўз маҳсулотларини сотишни бошладилар — мамлакатдаги энг йирик логистика мажмуасининг ишга туширилиши компанияга ассортиментни кенгайтириш ва бутун мамлакат бўйлаб кўпроқ сотувчилар ва харидорларни жалб қилиш имконини беради. Uzum Market омбор мажмуасининг биринчи босқичи 2024 йил февраль ойида ишга туширилади, келгуси йилнинг июнь ойида Ўзбекистондаги етакчи логистика маркази эса тўлиқ кучда ишга туширилади, унинг умумий сақлаш майдони 112 минг квадрат метрдан зиёд бўлади. Бир неча йил ичида Uzum Market логистика инфратузилмаси майдони 500 минг квадрат метрдан ошади.

Янги фулфильмент-марказнинг биринчи босқичи амалдаги Uzum Market омборининг ёнида қурилмоқда, у ишга туширилгандан сўнг маркетплейс мамлакат бозорида сотиш учун 25 миллион донага яқин товарларни сақлаши мумкин бўлади. Ҳозирнинг ўзида маркетплейсда бутун мамлакат бўйлаб сотувчилардан 500 мингдан ортиқ ноёб товар номлари тақдим этилган, Uzum Market сўнгги бир ойнинг ўзида ўз маҳсулотларини маркетплейсда сотмоқчи бўлган компаниялар ва тадбиркорларнинг 1000 дан ортиқ аризаларини рўйхатдан ўтказди.

Жадал ўсиш шароитида сотувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш ва логистика кучини ошириш мақсадида Uzum Market 18 минг квадрат метр майдондаги яна бир омбор мажмуасида барча зарур коммуникациялар ва меззанин сақлаш тизимини ўрнатишни бошлади. Ушбу омбор 1 октябрда ишга туширилади, шунинг учун компания сентябргача янги сотувчиларни рўйхатдан ўтказишни тўхтатади – бу мавжуд логистика мажмуаларини оптималлаштиришга, шунингдек, омборлар ўртасида товарларни транспортировка қилиш учун зарур бўлган компания ва унинг ҳамкорларининг ресурсларини тежашга ёрдам беради.

— Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг бизнинг платформамизга бўлган қизиқиши тахмин қилганимиздан ҳам ошиб кетди, — дейди Uzum Market бош директори Илшат Хаметов. — Е-commerce'нинг энг замонавий стандартларига биноан жиҳозланган янги логистика марказининг ишга туширилиши кенг кўламли ва объектив сабабларга кўра узоқ жараёндир, аммо биз ўз бизнесларини биз билан ривожлантиришга тайёр бўлган тадбиркорлар сифатли хизмат олишлари учун ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қиламиз. Янги омборни босқичма-босқич ишга тушириш бизга ушбу вазифани иложи борича тезроқ ҳал қилиш имконини беради.

– Хабарингиз бор, ўтган йили янги таҳрирда "Электрон тижорат тўғрисида"ги қонун қабул қилинди (2023 йил 1 январдан кучга кирди) ва электрон тижорат фаолиятини ҳуқуқий майдон билан таъминлади, шунингдек товарларни етказиб бериш ва электрон тижорат субъектлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш хизматларини яхшилашга имкон берди, — деб изоҳ берди Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос. — Рақамли технологиялар вазирлиги электрон тижорат соҳасидаги регулятор сифатида Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасини янада ривожлантиришга кучли туртки берган Uzum каби компанияларнинг электрон тижоратнинг яхлит экотизимини яратишда эришган ютуқларини мамнуният билан қайд этади. Шундай қилиб, мамлакатда янги логистика инфратузилмаси объектларини яратиш инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз вақтида чора ҳисобланади ва электрон тижорат субъектларига ўз мижозларига сифатли хизматларни тақдим этиш имконини беради.

Uzum экотизими мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга туртки бўладиган, шунингдек, компаниялар гуруҳининг ўзида минглаб иш ўринларини яратишга имкон берадиган юқори технологияли инфратузилмани яратишга фаол инвестиция киритмоқда. Шундай қилиб, Uzum Market’нинг янги омборида 5000 дан ортиқ ходим ишлайди, логистика маркази ишга туширилиши, шунингдек, платформада кўпроқ товарларни таклиф қилиш орқали бизнес тезлигини ошириши мумкин бўлган сотувчилар учун янги иш ўринларининг пайдо бўлишига ёрдам беради.

Бугунги кунда Uzum Market маркетплейсида бутун мамлакат бўйлаб 5000 дан ортиқ компания ва сотувчилар ўз маҳсулотларини сотмоқдалар, сайтда 500 мингдан ортиқ ноёб товарлар намойиш этилмоқда ва йил охирига келиб уларнинг сони 800 мингга етади, шу билан бирга мамлакат бўйлаб 60 та аҳоли пунктида 1 кун ичида тез етказиб бериладиган товарларга буюртма бериш мумкин бўлади.

Реклама

Top