Иккинчи котиблар олдига иккита асосий вазифаси белгилаб берилади: кадрлар сиёсатини юритиш ҳамда республикани байналмилаллаштириш. Мазкур икки вазифани амалга оширишга тўсқинлик қилган республикаларнинг сиёсий раҳбарлари марказ томонидан турли усуллар орқали жазоланган. 

Роман Мельниковнинг Ўзбекистонга келиши

20 асрнинг 50-йилларида энг юқори лавозим – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби сифатида 5 нафар шахс сиёсий раҳбарликни амалга оширган. Бу Совет давлати мавжуд бўлган йилларда энг кўп раҳбар алмашган давр ҳисобланади. Дастлаб, 1950 йил апрел ойида Усмон Юсупов марказга ишга ўтказилди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари ва ундан кейинги тикланиш даврида Ўзбекистонни бошқарган ушбу арбоб халқ орасида катта обрўга эга эди.

1950-1955-йилларда Амин Ниёзов, 1955-1957-йилларда Нуриддин Муҳитдинов, 1957-1959-йилларда Собир Камолов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. Ушбу “тахтлар ўйини”га Шароф Рашидов барҳам берди ҳамда республикани энг узоқ вақт – 24 йил давомида бошқарди.

Мазкур сиёсий ўзгаришларга Ўзбекистон ССРнинг ўша вақтлардаги иккинчи котиби, аниқроғи “парда ортидаги раҳбари” Роман Ефимович Мельниковнинг таъсири катта бўлган.  

Москва областининг Уварово районидаги Синичкино қишлоғида туғилган Роман Мельников 41 ёшида, 1949 йилнинг бошида ВКП(б) Марказий Комитетнинг Ўзбекистон ССР бўйича Вакилининг ўринбосари этиб тайинланади. Марказий Осиёнинг энг йирик, муҳим сиёсий нуқтаси бўлган Ўзбекистонга Москва томонидан бириктирилиши унинг нақадар муҳим, ишончли ва партия манфаатларига “содиқ” хизмат қиладиган инсон бўлганидан далолат эди.

Роман Мельников ва Усмон Юсупов

Мельников 1949 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга Марказий Комитетнинг иккинчи котиби сифатида юборилган. Унга Ўзбекистон ССРда амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифа ва миссиялар, жумладан Ўзбекистондаги сиёсий элита фаолиятини қаттиқ назоратга олиш топширилганди.

Роман Мельников Ўзбекистонга келганида республиканинг биринчи сиёсий раҳбари Усмон Юсупов бўлган. У Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимини 1937 йилдан буён эгаллаб келар, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда республикада улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини амалга оширган эди. Усмон Юсупов раҳбарлиги йилларида Ўзбекистон коммунистик партияси аъзолигига янги маҳаллий номзод кадрларни қабул қилиш ишлари жадаллашган. Республикада амалга оширилган кенг кўламли қурилишлар, ободонлаштириш ишларида Усмон Юсуповнинг ташаббуслари катта эди. Буларнинг барчаси ўзбек халқи орасида унинг нуфузини оширганди. Қолаверса, Усмон Юсуповнинг Сталин билан алоқалари яхшилиги Марказий Комитетнинг иккинчи котиби сифатида эндигина иш бошлаган Роман Мельниковга хуш келмайди. Сабаби, Усмон Юсупов каби ўз сўзи ва нуфузига эга бўлган раҳбарнинг мавжуд бўлиши Мельниковнинг эркин фаолият юритиши ҳамда республиканинг ички ишларига бемалол аралашишига халақит берарди. Шу туфайли, Усмон Юсуповнинг сиёсий ҳокимиятдан, қолаверса, бутунлай Ўзбекистондан узоқлаштирилиши энг аввало иккинчи котибнинг хоҳиш ва истакларига мос эди.