Жаҳон | 11:34 / 28.07.2024
29004
16 дақиқада ўқилади

Золимларнинг золими. Сталин ким эди?

Совет Иттифоқи тарихи – бемисл адолатсизликлар, азоб-уқубатлар ва мутлақ қўрқув остида ўтган йилларга тўла. Айниқса, зулм ва террор империясининг 29 йиллик ҳукмдори Иосиф Сталин содир этган жиноятларнинг кўламига ақл бовар қилмайди. Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал халқлар қотили – қонхўр диктатор Жугашвилининг ҳаёт йўли билан таништиради.

ХХ асрнинг энг машҳур шахсларидан бири бу – Иосиф Сталин. У СССРни 1924 йилдан 1953 йилгача, жами 29 йил бошқарди. Бу даврда мамлакатда мислсиз қатағонлар уюштирилди, инсон шахсига сиғиниш эса янги даражага олиб чиқилди.

Бугун миллионлаб одамларни турли туҳмат ва бўҳтонлар билан ўлимга ҳукм қилган ва «халқлар қотили» сифатида кўрилувчи тарихидаги энг қўрқинчли диктаторлардан бири ҳақида гаплашамиз. 

Меҳрисиз ўтган болалик

Сталин бу – тахаллус. Сиёсатчининг асл исми – Иосиф Жугашвили Виссарионович. У 1878 йилда Грузиянинг Гори шаҳрида жуда қашшоқ оилада туғилган. Отаси осетин миллатига мансуб бўлиб, этикдўзлик билан шуғулланган. Оилада учинчи фарзанд бўлган Сталиннинг акаси ва синглиси эрта вафот этади. Ичкиликка муккасидан кетган ота маст ҳолда келиб, ўғлини аямай дўппосларди. Натижада Иосифнинг бош мия соҳасида кўплаб жароҳатлар юзага келади. Айнан оғир ўтган болалик йиллари унинг руҳиятида шафқатсизликнинг илк белгилари илдиз отишига сабаб бўлади.

Сталин жуда баджаҳл ва жангари табиатга эга бўлишига қарамай, шеъриятга қизиққан. Ёшлигида грузин тилида бир қанча эътиборга арзирли шеърлар ҳам ёзади. Онаси ўғлининг руҳоний бўлиши истар эди. Шу сабабли ёш Иосиф дастлаб Гори православ мактаби ўқувчисига кейинчалик, Тифлис диний семинариясининг тингловчисига айланади. Бу ерда у илк бор жаҳон социалистик ғоялари асосчиси — Карл Маркс китоблари билан танишади.

Иосиф Сталин диний семинариядаги ўқиш пайтида, 1894 йил.
Фото: РИА Новости

Ушбу вақтда Грузияда ҳам марксистик қарашлар оммалаша бошлаган эди. Социализм тарғиботчисига айланган Иосиф темирйўлчиларнинг инқилобий гуруҳига раҳбарлик қила бошлайди. Бунинг ортидан уни диний семинариядан ҳайдашади. Шу тариқа у мамлакатдаги намойишларнинг фаол қатнашчисига айланади. Сталиннинг ўша пайтдаги дўстлари ва шериклари унинг ажойиб ташкилотчи, кучли ташвиқотчи, шунингдек, ишониш мумкин бўлмаган манипулятор экани ҳақида ёзиб қолдиришган.

Жугашвилининг Сталинга айланиши

Жугашвили ҳам эски болшевиклардан бўлган. Россия социал-демократлари икки гуруҳга: меншевик ва болшевикларга бўлиниб кетган илк кунларданоқ, у анча жангарироқ бўлган болшевиклар гуруҳига қўшилади. Иосиф ўз мақсадига эришиш учун барча нарсага тайёр эди: муваффақиятли инқилоб ва ҳокимият тепасига чиқиш. Шу икки орзу унинг бутун ҳаёти мазмунига айланади.

Болшевиклар сафига ўтган илк йилларида у «Правда» газетасида муҳаррирлик қилади. Сталин доимий равишда Кавказдаги намойиш ва митингларда қатнашишни канда қилмайди. Бунинг ортидан 1902–1913 йилларда етти марта қамоқ ва бир неча марта сургун билан жазоланади. Шундай бўлса-да, кўплаб тарихчилар Сталиннинг инқилобгача бўлган фаолиятини юқори баҳоламайди. У партияда чекка ҳудудда фаолият олиб борувчи иккинчи даражали шахс сифатида кўрилган.

Сталиннинг Петербург полициясидаги карточкаси, 1912 йил.
Фото: Getty Images

Жугашвили қандай бўлмасин раҳбариятнинг эътиборига тушишни хоҳлар эди. 1907 йилда Тифлисда (ҳозирги Тбилиси) Россия империяси тарихидаги энг йирик талончиликлардан бири содир этилади. Бир гуруҳ болшевиклар давлат банки пуллари ортилган фойтунга ҳужум қилади ва бугунги курс бўйича 16 млн доллардан ортиқ пулни тортиб олади. Ҳужум раҳбарларидан бири Иосиф эди. Бу пайтда у ўзига Коба номини танлайди. Маскур тахаллус Грузиядаги машҳур асар қаҳрамонининг исми эди. Талончилик натижасида қўлга киритилган пуллар Ленинга юборилганди.  

1910 йиллардан бошлаб, Ленин Кобага алоҳида эътибор қаратиб, уни қўллаб-қувватлай бошлайди. Аммо у Тротский ёки Каменов каби «пролетариат доҳийси»нинг ўнг қўли даражасига кўтарила олмайди.

Мавқейи ва таъсири ошиб бораётган Жугашвилига янада жарангдор ва рус тилида яхши талаффуз қилинадиган бошқа исм керак эди. Унинг 1912 йилда «Правда» газетасида чиққан миллий масалаларга бағишланган мақоласида илк бор Сталин тахаллуси ишлатилади. Нега айнан Сталин номи танланганлиги бўйича эса турли хил версиялар мавжуд. Айрим манбаларда бу исм грузинча пўлат сўзини билдирувчи «Жуга» фамилиясидан келиб чиққани келтирилади. Аммо бу маълумот ўз тасдиғини топмаган. Бошқа бир тахминга кўра, бу эришилмаган севги қиссаси билан боғлиқ. Людмила Стал ва Сталиннинг ишқий муносабатлари кӯпчиликка маълум.

Ҳокимият томон йўл

1917 йилнинг бошида, Россия Биринчи жаҳон уруши ва ички нотинчликлар натижасида жиддий инқирозга юз тутади. Феврал инқилоби Романовлар сулоласининг ағдарилиши билан якунланди. Бу пайтда Сталин Красноярск ўлкасида сургунда эди. Инқилобидан сўнг Петроградга қайтади ва инқилобчилар сафига келиб қўшилади. Дастлаб у мўътадил позицияда бўлган Муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Кейинроқ эса Ленин таъсири остида ҳокимиятни куч билан тортиб олишга хайрихоҳ гуруҳ тарафдорига айланади.

1917 йилнинг октябр ойида Россияда навбатдаги инқилоб бошланади. Бу даврда Сталин ҳарбий инқилобий қўмита аъзоси сифатида Петроград гарнизони ва бошқа муҳим ҳарбий қисмларда фаол ҳаракат қилади. Якунда ҳокимият большевиклар қўлига ўтади. Бу Россия тарихида янги даврнинг бошланиши эди.

Инқилобдан кейин мамлакатда ички фуқаролар уруши бошланиб кетди. Бу урушда қизиллар (болшевиклар) ва оқлар (инқилобга қарши кучлар) ўртасида кескин жанглар бўлиб ўтади. Сталин турли фронтларда, хусусан, Волгоград ва Петроградда муҳим ҳарбий лавозимларда фаолият кўрсатди ва ўз таъсир доирасини кенгайтирди. У бир вақтнинг ўзида миллатлар масалалари бўйича комиссар (вазир) сифатида ҳам ишлай бошлайди.

Сталин, Ленин ва Калинин (ўртада, иккинчи қатор, чапдан ўнгга) Россия Коммунистик партиясининг VIII съезди делегатлари билан, 1919 йил.
Фото: РИА Новости

Сталиннинг ҳарбий ва сиёсий маҳорати унинг партия ичида нуфузи ошишига ёрдам берди. У уруш даврида қатъияти ва шафқатсизлиги билан танилди ва Лениннинг яқин сафдошларидан бирига айланди. Айнан мамлакатда юзага келган ички уруш Сталин ва Тротскийни бир-бирига қарши қилиб ҳам қўяди.

1922 йил март ойида Сталин Россия Коммунистик партиясининг бош котиби этиб тайинланди. Ўша пайтда бу лавозим унчалик катта ваколатларга эга эмас эди. Бутун ҳокимият Ленин раҳбарлигидаги Халқ комиссарлари совети қўлида тўпланганди. Аммо Сталин бош котиблик даврида ўз ваколатлардан устамонлик билан фойдаланди. Бюрократик йўл билан партия ичида ҳокимиятни қўлга олади. Мамлакатдаги барча тайинловлар у орқали ўтгани боис, турли лавозимларга ўз тарафдорларини тайинлай бошлайди ва бу унинг позициясини мустаҳкамлади.

Сиёсий рақибларнинг йўқ қилиниши

1924 йилнинг январ ойида Владимир Ленин вафот этади. Унинг ўлими мамлакатда сиёсий курашни кучайтириб юборади. Бу курашда ғолиб чиққан Сталин СССРнинг янги раҳбарига айланади.

Владимир Лениннинг дафн маросими. Сиёсий бюро аъзолари, жумладан, Сталин (чапда) тобутни олиб кетмоқда. Москва, Қизил майдон яқини, 1924 йил январ.
Фото: Getty Images

Дастлаб Сталин ўзининг асосий рақиби Лев Тротскийга қарши курашиш мақсадида Григорий Зиновев ва Лев Каменев билан иттифоқ тузади. Мақсад – Тротскийни партиядан четлатиш эди. Унга қарши кенг кўламли пропаганда кампанияси бошланади. Тротский ҳам Лениннинг ўлимидан сўнг армия устидан назоратни йўқота бошлайди. 1925 йилда у мудофаа вазирлигидан ва ҳарбий-инқилобий кенгаш раислигидан кетказилади. 1928 йилда эса аввал Олмаота шаҳрига сургун қилинади. Сўнг хорижга қочишга мажбур бўлади. Тротский 1940 йил Мексикада Сталин буйруғи билан ўлдирилади. 

Лев Тротский

Бир пайтлар Сталиннинг ёнида бўлган ва кейин меншевиклар сифатида амаллардан четлатилган Каменев ва Зиновевнинг тақдири ҳам аянчли кечади. Улар 1934 йилда ҳибсга олинади. 1936 йилда ҳар иккаласи ҳам аксилинқилобий фаолиятда айбдор деб топилади ва отиб ташланади.

Иосиф Сталин, Алексей Риков, Григорий Зиновев ва Николай Бухарин, 1927 йил. 30 йилларда Риков, Зиновев ва Бухарин отиб ташланади.
Фото: Getty Images

Қонхўр диктатор даврида бошқарув

Ҳокимият тепасига келган Сталин бошқарувда бир қанча ўзгаришлар жорий қилди. Биринчи ўринда Ленин амалга татбиқ этган Янги иқтисодий режа (NEP)ни бекор қилиб, ўрнига СССРда колхозлаштириш ва саноатлаштириш инқилобини бошлайди. 1928–1932 йилларда СССРда хусусий мулк тугатилиб, деҳқонлар мажбурий тарзда коллективлаштирилади. Уларнинг қўлидаги барча нарса: ер, сув, чорва моллари, деҳқончилик асбоблари янги тузилган жамоа хўжаликлар учун тортиб олинди. Бойлар ва ўртаҳоллар ёппасига «қулоқ» сифатида қамалди ёки кимсасиз ҳудудларга сургун қилинди. Хўжалигидаги чорва моллари ва деҳқончилик анжомларини ихтиёрий топширмаганлар қаттиқ жазоланади. Қаршилик кўрсатганлар ҳатто жойида отиб ташланади. Шу тариқа йигирма беш миллионга яқин деҳқон хўжаликлари совхоз ва колхозларга бирлаштирилади. 

Коллективлаштириш давридаги колхозчилар, 1929 йил.
Фото: Getty Images

Шунингдек, Сталин давлатни ривожлантириш учун беш йиллик режа ишлаб чиқади. 1928–1932 йилларга мўлжалланган биринчи беш йилликнинг асосий вазифаси СССРни аграр мамлакатдан саноати ривожланган давлатга айлантириш эди. Ташқи сиёсатда янги давлатнинг халқаро миқёсда тан олинишига эришиш асосий мақсад сифатида белгиланади.

Сталиннинг колхоз ва саноатлаштириш сиёсати туфайли ўн миллионга яқин инсон ҳалок бўлади. Яна юз минглаб инсонлар мамлакатдан чиқиб кетади. СССРнинг парчаланиб кетгунига қадар ғалла импортига қарам бўлиб қолишига ҳам айнан колхозлаштириш йилларида ғалла етиштирувчи ўртаҳол деҳқонлар синфининг йўқотилиши сабаб бўлади.

Кўчада очликдан ўлган одамнинг жасади. Харков, 1932 йил
Фото: Getty Images

Сталин қатағонлари

Сталин раҳбарлик йилларда инсониятга қарши мислсиз қатағонлар уюштирилган. Қонхўр диктатор ўзининг илк қатағонларини 1925 йиллардан бошлаганди. 1927 йилда Совет-Британия муносабатларига дарз кетади ва Бирлашган Қироллик СССР билан савдо ва дипломатик алоқаларни узади. СССРда бу «чет эл интервенцияси» деб баҳоланади ҳамда шахсан Сталиннинг буйруғи билан ёппасига қама-қамалар бошланиб кетади. Энг аввал хориждан мамлакатга қайтган собиқ муҳожирлар қамоққа олинади. Сўнг собиқ помешчиклар, савдогарлар, поплар, қулоқлар қамалади.

1927 йил ноябр ойидан 1928 йил январ ойигача СССРда «партиявий тозалаш» ишлари олиб борилди ва собиқ меншевикларнинг бир қанчаси сургун қилинди. 1928-1932 йилларда ўтказилган коллективлаштириш даврида норасмий маълумотларга кўра жами 4 миллион деҳқон қатағон қилинади.

Сталин қатағонлари 1934 йилдан авж палласига чиқади. Шу даврдан бошлаб коммунистик партия аъзоларига қарши кенг кўламли террор кампанияси бошланади. Бунга «Киров иши» сабаб бўлади. Халқ орасида обрўси ниҳоятда баланд бўлган Сергей Киров 1934 йил 1 декабрда Ленинграддаги партия комитети биносида ўлдирилади. Сталин бу ҳодисани ўзига нисбатан «фитна» дея баҳолайди ва репрессиянинг янги тўлқини бошланади. Кейинчалик очиқланган маълумотларга кўра, Киров ўлими янги террорни бошлаш учун Сталиннинг ўзи томонидан уюштирилган бўлган.

Сталин ва Киров

1936 йилда НКВДдаги ўзгаришлар фонида «Катта террор» деб номланган қатағонлар бошланиб кетади. 1937-1938 йилларда умумий ҳисобда 1 млн 575 минг 259 нафар киши қамалади. Улардан 681 минг 692 нафари терговдан сўнг отувга ҳукм қилинади.

1936 йилда НКВД раҳбарлигига келган Николай Ежов

Марказий Осиё республикаларидан қамалганлар ва отиб ташланганлар асосан «панктуркист», «миллатчи», «диний реакционер», Россия тарафларда «троитскийчи», «меньшевик», Украинада эса «бандерачилар» деган айблов билан қатағон қилинади. Айнан шу даврда Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Комил Алиев, Муҳаммадшариф Сўфизода, Миёнбузрук Солиҳовлар ва бошқа намояндалари ҳам Сталиннинг қатағон сиёсати қурбонига айланади. Хиёнат ва миллатчилик, аксилреволюция, халқ душманлари, буржуа малайлари мотивлари билан айбланган кадрларга, ўйлаб топилган сиёсий баҳоналар билан «ўн саккизлар гуруҳи», «иноғомовчи», «қосимовчи» лақаблари қўйилиб, жиноий иш очилади. Шу тариқа, 1941 йил 22 июн, фашистлар Германияси СССРга бостириб киргунча, мамлакат бўйлаб жуда кўплаб одам сиёсий айблар билан қамоққа тиқилади.

Сталин Тожикистонда, тожик миллий кийимида.
Фото: Asia-Plus

Урушдан кейин ҳам Сталин қатағонлари турли хил кўринишда давом этади. 1946 йил бошланган «Звезда» ва «Ленинград» журналлари «иши» доирасида адиблар, журналистлар, адабий ходимлар қамоққа тиқила бошланади. Шукрулло, Саид Аҳмад ва бошқа кўплаб ўзбек зиёлилари ҳам ўша даврда қамалади. Сталин қатағонлари рўйхатида энг охирги иш «Врачлар иши» бўлади. Бир гуруҳ шифокорлар ҳибсга олингандан сўнг 1953 йилда бутун мамлакатда врачларни қамоққа олиш кампанияси бошланиб кетади.

Умуман олганда, одамларни қамаш ва уларни қўрқувда ушлаб туриш то Сталин ўлимига қадар давом этади. Халқаро «Мемориал» ташкилоти ҳисоботларига кўра, Сталин қатағонлари туфайли 10-12 миллиондан 38-39 миллион нафаргача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Сталиннинг ўлими

Сталин 1953 йил 1 март куни кечқурун ўзининг Кунсеводаги дачасида фалажланиб, ҳушини йўқотади. 5 март куни унинг вафоти ҳақида эълон қилишади. Бу вақтга келиб «миллатлар қотили» совет халқининг буюк раҳнамоси шарафига сазовор бўлиб улгурганди.

Фото: РИА Новости

Унинг ўлими мамлакатда ақл бовар қилмайдиган реакциясини келтириб чиқаради. Айрим манбаларга кўра, Сталиннинг дафн маросимига шунчалар кўп одам йиғиладики, 400 га яқин инсон тиқилинч туфайли ҳалок бўлади.

Сталин ўлими муносабати билан Воронежда ташкил этилган мотам митинги, 1953 йил 6 март.
Фото: ТАСС

1956 йилда Коммунистик партиянинг ХХ съездида илк бор СССРнинг янги раҳбари Никита Хрушчёв «шахсга сиғиниш», «оммавий репрессия», «Ленин йўлидан бормаган Сталин» кабу жумлаларни тилга олди. Бутун СССР Сталин ҳайкаллари ва суратларидан тозалана бошланади. Сталинград шаҳри номи Волгоградга ўзгартирилади. Ленин ёнига мумиёланган ҳолда қўйилган Сталин жасади у ердан олтниб, 1961 йилнинг кузида Кремл деворлари яқинидаги қабристонга кўмиб юборилди.

Никита Хрушчёв.
Фото: Русская семерка

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Сталиннинг бошқарув даври инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг поймол қилиниши, шахсий диктатура ва сиёсий террор билан ажралиб туради. Бу даврда юз берган воқеалар Совет Иттифоқи тарихидаги энг қора саҳифалардан бири бўлиб, кўплаб инсоний азоб-уқубатларни ўз ичига олади. Қатағонлар нафақат Сталиннинг шахсий диктатурасини мустаҳкамлашга, балки бутун жамиятни қўрқув ва зулм остида ушлаб туришга хизмат қилди. Бу давр инсониятга давлат ҳокимиятининг назоратсиз қолиши ва авторитар бошқарувнинг оқибатлари ҳақида унутилмас сабоқлар берди.

Мавзуга оид