Ўзбекистон | 09:21 / 08.07.2023
6720
2 дақиқада ўқилади

Германия, Литва ва Люксембург билан ўзбекистонликларни ишга жойлаштириш бўйича меморандум имзоланди

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро шерикчилик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Люксембург, Литва ва Германиянинг 6 та иш берувчи компанияси билан меморандумлар имзоланди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар қилмоқда.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Германиянинг CBZ München GmbH, Bildungswerk der Sächsischen Wirtschaft gGmbH (bsw), Ernst Klett Präsenzlernen Osteuropa GmbH, High Standart Personal GmbH ва Opasca компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Германиянинг Ernst Klett Präsenzlernen Osteuropa GmbH компанияси билан ҳамширалик иши ва парвариши (кексаларга ғамхўрлик) йўналишида Ўзбекистондан мутахассисларни вақтинча меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.

Мазкур давлатга пайвандлаш, электротехника ва чилангарлик соҳалари мутахассисларини меҳнат фаолиятига жалб этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Люксембургнинг WishWorks рекрутерлик агентлиги билан ҳам меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, Люксембург компанияси маҳаллий иш берувчилар билан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича иш олиб боради.

Литванинг Eurodas компанияси билан ҳам ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистон фуқароларини Литвада ҳайдовчилик соҳасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш каби масалаларни ўз ичига олган меморандум имзоланди.

Мавзуга оид